loader
Foto

Али розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши

Хорижийларнинг асосий қисми Наҳравон жангида тугатилган бўлса-да, жон сақлаб қолганлари турли вилоятларда ўз жамоаларини шакллантириш ҳаракатини бошлади. Улар халифага ҳам, Муовия розияллоҳу анҳуга ҳам бўйсунишни истамас эди.  661 йили хорижийлар мусулмонлар бошига тушган ишларда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ва Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуни айбдор деб ҳисоблаб, уларни шу йилнинг рамазон ойида ўлдиришга қарор қилдилар. Бу ишни амалга ошириш учун Абдураҳмон ибн Мулжам (Али розияллоҳу анҳуга), Бакр ибн Абдуллоҳ (Муовия розияллоҳу анҳуга), Амр ибн Бакр (Амр ибн Оссга) масъул қилинди. Бу режа натижасида рошид халифаларнинг тўртинчиси Али розияллоҳу анҳу 661 йил январь ойида ўлдирилди. Унинг жанозасини ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳу ўқиди. Али розияллоҳу анҳунинг яқинлари жаноза ва дафн маросимини хорижийлардан сир тутиш учун яширин ҳолатда ўтказдилар. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу дафн этилган жой ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар кам. Аксин-ча, турли ишончсиз маълумотлар кўп(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт 22-жуз. - Т.: “Шарқ” нашриёти, 2008. - Б. 333.).

Муовия розияллоҳу анҳуни ўлдиришга масъул қилинган Бакр ибн Абдуллоҳ бомдод намози вақтида ҳужум қилиб, уни жароҳатлади. Лекин Муовия розияллоҳу анҳу даволаниш натижасида омон қолди. Амр ибн Осс касаллиги сабабли ўша куни намозга чиқмаган эди. Амр ибн Бакр унинг ўрнига имомлик қилган Хорижа ибн Ҳузофани ўлдирди. Амр ибн Осс омон

қолди.

Али розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг одамлар Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилдилар. Биринчи бўлиб Қайс ибн Саъд байъат берди. Ҳасан розияллоҳу анҳу бор йўғи олти ой халифа бўлди. Шу вақт давомида ўз атрофидаги кишилар заифлигини ва умматни бирлаштириш зарурлигини тушуниб етди. Шунингучун Муовия розияллоҳу анҳу билан сулҳ тузиб, халифаликни унга беришга қарор қилди. Унинг бу фикрига Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу ва Қайс ибн Саъд қаршилик кўрсатган бўлса-да, Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу халифаликни Муовияга топширди. Ўзи эса укаси ва бошқа яқинлари билан Мадинага жўнаб кетди. Ҳасан розияллоҳу анҳу халифаликдан воз кечиши билан “рошид халифалар” даври ниҳоясига етди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан