loader
Foto

Ақиқа

Фарзандга исм қўйиш ва унинг сочини олдириш учун туғилганининг еттинчи кунида Аллоҳнинг улуғ неъматига соҳиб бўлгани учун отаси шукрона сифатида халққа эҳсон ва зиёфат бериши ақиқа маросими дейилади. Имом Аъзам, яъни бизнинг мазҳабимизга кўра, ақиқа қилиш мустаҳабдир(Амали ихтиёрий (қилса савоб, қилмаса, гуноҳкор бўлмайдиган амал).). Бола таваллудининг еттинчи кунида имкон топилмаса, ақиқани ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи кунларида қилиш китобларда тавсия этилган.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг ўзларини ақиқа қилган эканлар. Ҳазратнинг бу амаллари ақиқа муайян вақтидан ўтса ҳам, соқит бўлмаслигига далилдир. “Ширъа-тул-ислом”да ақиқа маросими бизнинг ҳанафий мазҳабимизда гарчанд бироз енгиллик билан мустаҳаб амал деб олинган бўлса ҳам, Имом Шофеъий мазҳабида суннат ва Имом Аҳмад (раҳимаҳумаллоҳ) мазҳабида вожиб амал, деб келтирилган. Шунинг учун ақиқа маросимини таъхир қилмасдан (кўп кечиктириб юбормасдан) ўтказмоқ мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги замонда кўп жойларда фақат ўғил болаларга ақиқа қилиниб, қизларнинг ақиқаси одатдан чиқарилган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам «Ал-ғулому муртаҳанун биацицатиҳи» - “бола аҳиҳаси билан гарав қўйилгандир”, яъни боланинг офат ва касалликлардан саломат бўлиши ақиқасига боғлиқдир, деб мутлақ - қиз ва ўғил болани ажратмасдан таъкидлаганлар.

Ақиқада агар фарзанд ўғил бола бўлса, иккита, қиз бўлса, битта қўй сўйилади. Ақиқага сўйиладиган қўй қурбонлик молининг сифатига тенг бўлиши керак. Агар бундай сифатли қўй топилмаса, имкониятига қараб, топганини сўяверади. Қўй сўйишга имкони бўлмаса, эчки ҳам кифоя қилади. Аммо ақиқа учун парранда сўйиш жоиз эмас.

Ақиқа қўйини сўйиш вақтида қуйидаги дуо ўқилади: «Алоҳумма ҳозиҳи ақиқату фулонин (боланинг исми айтилади) дамуҳо бидамиҳи ва азмуҳо биазмиҳи ва жилдуҳо бижилдиҳи ва шаъруҳо бишаъриҳи, Аллоҳум мажъалҳо фидоан лиибни фулонин (отасининг исми айтилади) фидоан минан нар». Яъни, «Парвардигоро! Бу фалон (боланинг исми айтилади)нинг ақиқасидир, қони унинг қонига, гўшти унинг гўштига, суяклари суякларига, териси терисига ва жуни жунига бадалдир. Худовандо, ушбу ақиқа молини фалончининг (отасининг исми айтилади) фарзанди учун дўзах ўтидан фидо қил!»

Ақиқа учун сўйиладиган ҳайвоннинг суяклари синдирилмайди, бўғинларидан ажратилиб, бир қисми дояга(Бола ва онасига туғруқ пайтида ёрдам берган аёл.), қолгани хом ҳолда ёки пишириб халққа берилади.

Агар фарзанд киндиги кесилган ёки хатна қилинган ҳолда туғилса, уни фазилатли ва баракотли деб билиш керак. Зеро, барча пайғамбарлар шундай сифатда таваллуд топганлар. Фақат Иброҳим халиллуллоҳ ушбу суннатни жорий қилмоқ учун саксон ёшларида ўзлари ўзларини суннат килганлар. Шундан хатна қилиш суннат бўлиб қолган. Ўғил болани ақиқа қилинган куни, яъни туғилганининг еттинчи кунида хатна қилиш тавсия этилган. Шунда бола кўп безовталик ва дардмандликлардан эмин қолади.

Эслатиб ўтмоқ лозимки, мана шу ақиқа тадбири билан боланинг отаси бўинидаги ҳақлардан бири - суннат тўйи соқит бўлади. Бундан бошқа дабдабали маросимлар ортиқча ва исрофдир.

Ақиқа қилинган куни боланинг сочини олдириб, сочининг вазни баробарида элга тилла, нуқра (кумуш) ёки пул садақа қилинади. Гарчи қизларнинг болалигида сочини олдириш жоиз бўлса-да, баъзи китобларда қиз боланинг сочини олдирмаслик айтилган. Улуғларимиз ва ўтган аждодларимиз ҳатто ёшлигида ҳам қиз болаларнинг сочини кесишдан эҳтиёт қилганлар. Мўътабар китобларда аёлларнинг беузр соч кесишлари (ё сочни сотиш, ёки улама соч ўрашлари) ман этилган.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Ман ташаббаҳа биқавмин фаҳува минҳум», яъни “ўзини бир қавмга ўхшатган киши ҳам ўша қавмдандир” деб огоҳлантирганлар. Бошқа ҳадисларида Расулуллоҳ саллалоху алайҳи ва саллам аёллар кийимини кийган эркакка ва эркаклар кийимини кийган аёлга ҳамда ўзини аёлга ўхшатган эркакларга ва ўзини эркакларга ўхшатган аёлларга лаънат айтганлар. Шунинг учун ҳар бир қавм ўз урф-одатига риоя қилиш, миллий кийимини кийиш ва уни келажак аводга етказиб беришга масъул эканлигини унутмаслиги керак.

Айтадиларки, аёл ўз сифатлари билан аёл. Яъни, имон, эътиқод, шарм, ҳаё, иффат, латофат, назокат, ор, номус, виждон, поклик, Аллоҳ ва Пайғамбарининг тоат ва ибодатидан сунг эри ва оиласига содиқликдек гўзал сифатларга эга аёлгина комил аёл бўла олиб, оиласи, халқи, дини, миллати ва ватанига хизмат қиладиган соғлом, солиҳ фарзандларни тарбият қилиб, вояга етказиши мумкин. Биз она бўлмиш аёлларимизга оиласининг барқарорлигини таъминлашлари учун юқоридаги сифатларнинг боши бўлган сотиралик (аврат бўлган аъзоларни ёпиш) сифатини ҳам тавсия этамиз. Зеро, сатри аврат ўз номи билан сатрдир. У аёлнинг барча сифатларини ёпиб, шаъни ва нурини зиёда қилади; эринингунга нисбатан рағбат ва муҳаббатини орттириб, оиланинг барқарорлиги мустаҳкамланмоғига ҳам сабаб бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизга кириб келган оммавий маданият, маънавий тахдидлар қаторида бесатрлик ҳам бизга ўша ғарб оламидан суқулиб келаётган ношаръий, номиллий ва номақбул бир амал эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо аёлларимизнинг бу амалга бунчалик қизиқишларини кўриб, бармоқ тишлаб қоласан киши. Она-момоларимизнинг либослари, сочларини, енглари ҳатто бармоқларини ҳам бекитиб турадиган даражада узунлигини маданиятсизликдан деб ўйлаш мумкинми? Йўқ, асло! Балки улар бу йўл билан ўзлари-нингтабиий ва аслий сифат ва нурларини сақлаш билан оилалари барқарорлигини мустаҳкамлашга ва эрларига нисбатан севимлироқ ва муҳаббатлироқ бўлишга ҳаракат қилганлар. Зотан, инсон ўз фитратини сақлаб, суратдан аввал сийратда гўзал бўлмоғи даркор. Шайх Саъдий раҳимахуллоҳ айтадилар:



Васфи туро гар кунад вар накунад аҳли фазл,

Ҳожати машшота нест рўйи дилоромро.



Яъни: Кишилар сенинг кўринишингдаги зоҳирий сифатларингни айтса ҳам, айтмаса ҳам, фарқи йўқ. Зеро, инсон табиий дилором (Гўзал) бўлса, унга машшота (пардозловчи аёл ёхуд гузаллик салонига боришнинг ҳожати йўқ. Шоир ҳам бу ҳақда бундай дебди:



Сурататро чи кунам гар ту надори сийрат,

Ки бак ним жав нахарам сурати бемаъниро.



Яъни: Сийрати йўқ суратингни на қилай, зеро, сийратсиз суратни ярим арпага ҳам сотиб олмайман.

Муҳаммад Шоҳмуродзода, Фазлиддин Кароматуллоҳларнинг

"Исломда никоҳ ва оила" китобидан