Аввало “ақиқа” нима ва у қандай муносабат ила адо этилади. Шу тўғрисида тўхталиб ўтсак. “Ақиқа” – Бу гўдакнинг таваллуди муносабати билан сўйиладиган ҳайвон (одатда қўй)га айтилади. Араб тили қомусларидан бири “Муҳтор ассихох”да “ақиқа” ва “аққа” калималари чақолоқ туғилганидаги сочини олиш ва гўдакнинг таваллуди муносабати билан сўйиладиган қўйга айтилади дейилган. Ақиқанинг шариатимиздаги ҳукмини унинг адо этишга қодир бўлганлар учун аксар уламолар суннати муаккада деганлар. Бу хусусида пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайхи вассаломдан қуйдаги ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир”.
Бу ҳадиси шарифнинг шарҳловчи уломаларимизнинг айтишича туғилган ўғил боланинг сочини олишлик мустахаб амаллардандир. Лекин қиз боланинг сочи олинмаса ҳам бўлаверади.
Ақиқанинг ҳикматлари шундан иборатким, инсон фарзандини ёруғ дунёга келишлиги, бу Аллоҳнинг жуда ҳам катта неъматидир. Она бўлмиш, аёлнинг соғ-саломат қолишлиги ва яна фарзанднинг дунёга келгани учун Аллоҳ таолога шукронаси сифатида ақиқа қилиниб, янги туғилган фарзанднинг хифзи ва риояти Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.
“Ақиқа” муносабати билан сўйиладиган жонликнинг шартлари худди қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг шартлари кабидир. Қурбонликка нима жоиз бўлмаса ақиқада ҳам ана шу нарсалар жоиз бўлмайди. Ақиқанинг таомини истеъмоли ҳам қурбонликники кабидир, таомни бошқаларга едиришлик, садақа, ҳадя қилишлик билан бирга сохиби эҳсон оила аъзолари бирла, бир қисмини танаввул қилишлари жоиздир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассалом ўзларнинг набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларга ақиқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақиқа қилишлик мусулмонларга суннат бўлиб қолган.
Ақиқа кунида туғилган болага чиройли, маънодор исм қўйишлик, сочини олишлик ва сочи вазнида пул садақа қилишлик ҳам мустахаб амаллардан ҳисобланади. Фиқҳ китобларимизда фарзанднинг ота-онадаги ҳаққи зикр қилинган бобларида албатта фарзандга чиройли ва маънодор исмлар қўйишлик хусусида айтилиб ўтилади. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида орият қилмаслиги керак. Исм Аллоҳга бандалик, пайғамбарга уммат эканлиги ва мусулмонлар тоифасидан эканлигидан далолат туриши лозим. Юу борада жаноби Расул Акром саллоллоҳу алайҳи вассаломдан ривоят бўлган қуйдаги ҳадиси шариф мавжуд: Исм ўзагида “ҳамд” (масалан Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд, Ҳамид каби) ва “абд” (масалан Абдуллоҳ, Абдулаҳад, Абдулбосит каби) сўзларидан таркиб топган исмлар яхши номлардир.”
Исм қўйилганда чақалоқнинг ўнг қулоғига азон айтиш, чап қулоғига эса иқомат айтишлик ва Аллоҳ таолодан унинг хифзи-ҳимоятини сўраб дуо қилишлик мустахаб амаллардан ҳисобланади. Бу хусусда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаломдан қуйдаги ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Янги фарзанд кўрган киши унинг (янги фарзанднинг) ўнг қуло0ига “азон” ва чап қулоғига “такбир” айтсин. Шундан сўнг унга ҳеч қандай ёвуз кучлар зарар қилмайди.
Ақиқани бола туғилгандан сўнг етти кунда қилишлигига имконият бўлмаса 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Агар шу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлаверади. Агарда туғилган фарзанд етти кундан фарат бўлса (вафот этса) ақиқа қилинмайди.
Ақиқа қилишликда Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюриган: “Енглар ичинглар, лекин исроф қилманглар” деган ояти каримасига қатъиян амал қилмоғимиз зарур бўлади. Чунки савоб умидида қилинган амалларни суиистеъмол қилиб, исроф, ноўрин харажат ва дабдабабозликка йўл қўйилиш биз мусулмонларга лозим эмас. Лекин минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги кунларда диёримиз мусулмонлари динимизда рухсат қилинган маросимларни қўйиб, хар-ҳил бидъат ва хурофатли ишларни қилишга ўтганлар. Ақиқа маросими ўрнига “бешик тўйи”, туғилган кун” ва бошқа турли-туман ношаръий маросимларни қилишади. Бунинг оқибатида савоб оламиз деб гуноҳкор бўлишмоқда. Серфарзанд оилалар эса иқтисодий қийинчиликларга учрамоқда. Оилада эр-хотин, қариндош-уруғ ўртасида келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқмоқда. Буларнинг барчаси Ислом дини кўрсатмаларига амал қилмаслигимиз оқибатидир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг кўрсатмаси, буюриган ва наҳи қилган нарсалар ҳикматидан холий эмас. Чунки Ислом дини – илоҳий диндир. Шунинг учун ҳам унга маал қилиб борганлар икки дунёда нажот топиб, улуғ савоблар ва катта ажрларга муяссар бўлгайлар.
Аллоҳ таоло барчамизга Қуръони карим ва суннати шарифга амал қилиб боришлигимизни насиб айласин!Омин!
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ҳафизаҳуллоҳ