loader
Foto

Иймон етмиш неча шўъбадир...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Иймон етмиш неча шўъбадир. Уларнинг энг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйиси эса, йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир шўъбадир» (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. «Абу Ҳурайра» у кишининг лақаблари бўлиб, мушукларга муҳаббатли бўлганликлари учун Расулуллоҳ алайҳиссалом у кишини шу лақаб билан чақирганлар. Кейинчалик бу лақаб у кишининг асосий номларига айланиб кетди. Асл исмлари жоҳилият даврида Абдушшамс бўлган. Исломдан сўнг Абдуллоҳ ёки Абдурраҳмон деб ўзгартирганлар. Еттинчи ҳижрий санада Исломни қабул қилганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўрт йил хизмат қилганлар. Энг кўп ривоятлар у зотдан бўлган. Беш мингдан зиёд ҳадис ривоят қилганлар. Абу Ҳурайра ибораси алам, яъни атоқли от бўлгани учун араб тили қоидасига мувофиқ ғайри мунсариф бўлади.

Ҳадиси шариф уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида иймоннинг тармоқли экани баён қилинган.

Иккинчи қисмда иймон шўъбаларининг энг афзали бўлган - иймон калимаси ва энг қуйи даражаси бўлган - «йўлдан озорни олиб ташлаш» баён қилинган.

Учинчи қисмда эса иймон шўъбаларидан бири бўлган ҳаё зикр қилинган.

Ушбу ўринда шўъбадан мақсад, хислатдир. сўзи учдан тўққизгача бўлган сон учун ишлатилади. Ҳадисда эса ундан етти ирода қилинган. Бунга бошқа ривоятлар далолат қилади. Бу ҳадисда етмишдан ортиқ хислат айтилган бўлса, бошқа ривоятларда олтмишдан ортиқ хислат айтилган. Бу ерда қарама-қаршилик бор эмасми? дейилса, қарама-қаршилик йўқ, деб жавоб берилади. Сабаби, аллома Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ададлар ўртасида қарама-қаршилик бўлмайди деган. Бошқа жавобда эса, Ислом тадрижий шаклда жорий бўлган. Исломнинг аввалида олтмишта дейилган бўлса, кейинчалик етмишта дейилди. Учинчи жавоб шуки, диний амалларнинг мафҳуми (маъноси) бир бирига яқин бўлганларини бир бутун деганлар, олтмишта, ҳар бирини алоҳида деганлар, етмишта келтирганлар. Тўртинчи жавоб, кўпликни ифодалаш мақсадида етмишта келтирилган.

Иймоннинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси экани айтилди. Лекин унинг давоми бўлмиш «Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимаси айтилмади. Сабаби, аввал зикр қилинган калима, яъни «Лаа илаҳа иллаллоҳ» бутун калимага ном бўлиб кетган. Бу ерда «Бир жузни зикр қилиб, бутун ирода қилинади» қоидасига мувофиқлик мавжуддир.

Иймоннинг қуйи даражаси эса, йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш, деб айтилди. Бу икки хил бўлади. Бири йўлдаги озорни бартараф этиш. Бошқаси эса, мутлақо йўлга азият берувчи нарсаларни ташламаслик. Азиятни даф қилиш деганда мана шу иккиси тушунилади.

Ҳаёни ҳам иймон тармоқларидан деб зикр қилинди. Чунки инсонда ҳаё бўлса, гуноҳлардан тийилади. Ҳаё бўлмаса фисқу фасод авж олади.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан