loader
Foto

Юсуф ибн Ташфин

«Аллоҳга қасамки, даф бўлмас экансан, Ал-моравийлардан сен учун каттагина елпиғич олиб келишларини илтимос қиламан!»(«Андалусия: забт этилиб, қулагунча», 9-2.)

Сицилия ва Кордова ҳокими

Мутамид ибн Аббод

Севилья кўчаларида айланиб юриб...

Ҳижрий 1430 (милодий 2009) йилнинг ёз тунларидан бири эди. Ушбу мафтункор шаҳар кўчаларида сайр қилиб юрар эканман, уни тахминан минг йил муқаддам насроний қирол Альфонсо Олтинчи томонидан қамал қилинганини кўз олдимга келтиришга уриниб кўрдим. Илгари мен қандай қилиб мусулмонлар тойфанинг бундай ҳақоратомуз аҳволга тушиб қолишига йўл қўйишганини ҳеч тушунмас, тойфа ҳокимларининг қилган ишларини маъқул топмас эдим. Бироқ Севилья кўчалари бўйлаб чўзиган апельсин дарахтлари, Кордованинг кўркам боғларини томоша қилар, Гренаданинг Альгамбра саройига олиб борадиган кўчаларида айланиб юрар эканман, ўзимдан ўзим очиқ сўрадим: «Агар мен тойфа замонида Андалусия шаҳарларидан бирининг ҳокими бўлганимда, салтанатдан воз кеча олармидим? Агар Сицилия ва Кордова ҳокими Мутамид ибн Аббоднинг ўрнида бўлганимдачи. қирол Альфонсо Олтинчига қарши жанг қилишга журъат этармидим? Ёки унга ўлпон тўлаб юришни афзал кўрган бўлармидим?»

Уз даврида ҳақоратомуз ҳолатгача тубанлашиб кетган тойфа ҳокимларини оқламайман, албатта. Лекин ушбу бетакрор ўлкада улар дучор бўлган каттагина нафс балосини англаб етгандай бўлдим. Испанияга ташрифим давомидаги кузатувларим илгари фаҳмлаган муҳим бир нарсамни янада чуқур англаб етишимга омил бўлди. Эътибор қилиб қарасам, ушбу юртнинг ҳар бир шаҳрини тоғ, дарё, денгиз каби табиий тўсиқлар чегаралаб қўйган. Бундай ҳолат эса тегишли шаҳарни ўз чегараларига эга алоҳида давлатни эслатади ва табиийки, шаҳар ҳокимини давлат мустақиллигини эълон қилишга ундайди. Бугунги кунда ҳам ушбу юрт шаҳарлари ўртасида ҳукм сураётган сиёсий рақобат, Каталония ва Басклар ўлкасининг ўзига давлат мустақиллигини талаб қилиши, Андалусиядаги миллатчилик асосида кечаётган можаролар -фикримга ҳеч шубҳасиз жиддий далил бўла олади.

Ҳикоямиз каҳрамони ҳақида гап бошлашдан олдин ўша замонда Андалусияда қарор топган вазият билан танишиб чиқишимиз керак бўлади. Андалусия Ислом давлати(Айрим энциклопедияларда Кордова халифалиги деб юритилган (таржимон Ш. Долимов изоҳи).) ўша даврда араблар, барбарлар ва мувалладлардан (яъни мусулмон готлардан) келиб чиқкан ҳокимлар бошқарувидаги 22 та амирликка бўлиниб кетган эди. Ҳокими вафот топган муайян амирлик баъзан бир нечта майда амирликларга парчаланиб борган. Шу тариқа Андалусия шимолдаги яқин-яқингача омайёчиларга ўлпон тўлаб борган насроний Кастилия қироллигига осон ўлжа-га айланиб қолгунча майда-майда бўлакларга парчаланиб кетаверган. Тойфа даврида вазият батамом ўзгариб, тарқоқ амирликлар энди Кастилия қироли Альфонсо Олтинчига ўлпон тўлайдиган бўлиб қолган.

Ушбу насроний қирол келгусида Исломий шаҳарларни бирма-бир забт этиб бориш мақсадида мусулмонлар томонидан тўлаб борилган ўлпон ҳисобидан ўз армиясини пухта таъминлаган. Чунончи, биринчи бўлиб Андалусиянинг энг йирик, Ислом уммати қаҳрамони Тариқ ибн Зиёд томонидан забт этилган илк шаҳарларидан бири Толедо қўлдан кетган. Диққатга сазовор томони шундаки, ушбу буюк шаҳар ҳокими Ибн Зун-Нун бир вақтлар испан инилари томонидан бадарға қилинган кирол Альфонсо Олтинчига ўз қасридан бошпана берган эди. Туз ялаб тузлуққа тупурадиган ушбу мунофиқ шаҳарга олиб келадиган барча йўлларни ўрганиб чиқиб, кейинчалик уни забт этиш учун самарали фойдаланди. Тойфа ҳукмдорларидан бири - Сарагоса амири эса ўз акасини бир ёқли қилиш учун келиб-келиб Арагон давлатининг салиб юришчиларига мурожаат қилиб, ёрдам сўради. Тойфа ҳокимларининг сони кун сайин кўпайиб бораверди. Улар ўзларига тамтароқли унвонлар бериб боришди. Чунончи, ундай унвонлар орасида Мутасим (Мустаҳкамловчи), Мутадид (Мадад берувчи), Мутамид (Суянувчи), Насир (Музаффар) каби номлар учрайди. Ва албатта, уларнинг ҳар бири ўзини «мўминлар султони» деб билган. Тойфада пиёда юрган киши бир куннинг ўзида учта «мўминлар султони»га дуч келиши мумкин эди. Бу эса Андалусиянинг ўша даврдаги шоири Абу Бакр ибн Амморга қуйидаги маънога эга мисра ёзишга илҳом берган:



«Андалусияда ҳар кишининг кўнглига урган нарса,

Во дариғ, ҳар кўчада Мутамиду Мутадидлар учраса!

Турқи баъзан кулгили, хўл мушукдан фарқ қилмас,

Наҳот алар ўзларини тенги йўқ шер деб билса?!»

(Мужаму ал-адаб ал-Ҳамавий, 2 - 436; Сияру аъламун-нубала, 12 - 560.)



Тойфанинг барча ҳокимлари ўша замонда ўз лавозимида қолиши учун салиб юришчиларига ўлпон тўлашган. Улардан фақат биттасигина Кастилия қиролига ўлпон тўлашдан бош тортган. Бугунги Португалиянинг йирик қисмини эгаллаган ўша амирликнинг номи Бадахос бўлиб, ҳукмдорининг исми Мутаваккил ибн Афтас бўлган. Ушбу ҳоким ўлпон тўлашдан бош тортиш билангина чекланмай, Альфонсога нома йўллаб, унда уруш бошлашни тахдид қилишга журъат этган.

Андалусиядаги тарих жараёнини ўзгартириб юборган бир ҳодиса рўй бергунга қадар мусулмонлар юрти шундай аянчли аҳволда қолаверди.

Кунлардан бир кун Альфонсо Олтинчи ўзининг яҳудий миллатига мансуб вазири Ибн Шолибни Сицилия ва Кордова ҳокими Мутамид ибн Аббоднинг ҳузурига юборди. Ибн Шолиб қиролнинг ушбу ҳоким олдига қўйган шундай бир талабини етказдики, тойфа ҳокимлари эришган хўрликнинг бор даражаси ушбу талаб мазмунида ўз аксини топди. Альфонсо Олтинчи Мутамид ибн Аббоддан Испания қироличаси бўлмиш хотинини мусулмонлар намоз ўқиётган вақтда масжид минбари олдида туриши учун туғилган кунида Кордова масжидига(    Кордова масжиди - ўша даврда курраи заминдаги энг улкан масжид.) киритишни талаб килди. Бундай талабдан лол қолган Мутамид ибн Аббод бу иш ўрнига қиролга тўланиётган ўлпон миқдорини ошириш таклифини киритди. Бироқ Ибн Шолиб таклифни рад этибгина қолмай, вазирлару шайхлар олдида Сицилия ва Кордова ҳокимини қаттиқ ҳақорат қилиб ташлади. Аллоҳнинг уйи мурдор қилиниши муқаррар бўлиб қолганини фаҳмлаган Мутамид ибн Аббод шартта қиличини чиқардида, элчи бўлганига қарамай, ҳақорат қилгани учун анави вазирнинг бошини чопиб ташлади. Ибн Шолибнинг бошини қирол Альфонсога йўллар экан, Мутамид ибн Аббод ўз жўнатмасига шу бугундан эътиборан ўлпон тўлашдан бош тортишини маълум қилган номани ҳам илова қилди.

Вужуди ғазабдан қайнаган Альфонсо Олтинчи ўз қўшинини Сицилияга йўллаб, қамал қилгач, Мутамид ибн Аббодга қуйидаги мазмунда нома юборди:

«Шаҳринг атрофидаги чивин безор қилиб юборди. Агар менга елпиғич юбориш ниятинг бўлса, тезроқ жўнат, елпиниб ўтирай».

Мутамид ибн Аббод хатни олиб, орқа томонига қуйидагича жавоб ёзди:

«Аллоҳга қасамки, даф бўлмас экансан, Ал-моравийлардан сен учун каттагина елпиғич олиб келишларини илтимос қиламан!»(Мазкур бобнинг эпиграфига қаранг.)

Сўнг хатни ўраб, қирол Альфонсо Олтинчига қайтариб юборди. Қирол Мутамид ибн Аббоднинг жавобини ўқиши ҳамоно, шуҳрати шу ерларгача етган Ал-моравийлар давлатига Андалусия мусулмонлари мурожаат қилиб ёрдам сўрашидан ҳайиқиб, ўз қўшинига Сицилиядан нари чекинишни буюрди.

Альфонсо Олтинчининг ушбу таҳдидга кўрсатган муносабатини кузатиб борган Мутамид ибн Аббод Кастилия қиролининг Ал-моравийлар давлатидан қанчалик даҳшатга тушишини фаҳмлагач, тойфа ҳокимларининг барига хат йўллаб, ҳаммаси бир ерга йиғилиб мажлис ўтказишни таклиф қилди.

Дарҳақиқат, Андалусия ҳокимларининг бари илк бор бир ерга йи-ғилишди. Сўзга чиққан Мутамид ибн Аббод Альфонсо Олтинчининг талабию кейинги ҳодисаларни баён этиб, насроний қиролнинг Ал-мо-равийлар давлатидан даҳшатга тушганини айтиб берди. Шундан сўнг у қирол Альфонсо осонликча таслим бўлмаслиги, ўлим тўшагида ётган отасига сўз бергандек, Андалусияда Исломга батамом барҳам бермагунча мусулмонларга қарши курашни давом этишига доир тахминини маълум қилди. Сўзини якунлар экан, Андалусия мусулмонларини насроний қирол зулмидан халос этиши учун Ал-моравийлар раҳнамосига ёрдам сўраб мактуб йўллаш таклифини киритди.

Шунда мажлисда ўтирган ҳокимлардан бири Мутамид ибн Аббодга бақириб берди: «Альфонсо билан уришишлари учун барбар туячиларини чақирмоқчимисан сен бу ерга? Хўп, ўша туякашлар Альфонсони енгди ҳам дейлик, урушдан сўнг ҳокимиятни биздан тортиб олиб, уйларимиздан қувиб чиқариб, мана бу ерга йиғилганларнинг барини ўзларига туя боқар қилиб олишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингми?!»

Урнидан турган Сицилия ҳокими Мутамид ибн Аббод ушбу гапга жавобан тарих зарварақларига зарҳал ҳарфларла битилган қуйидаги фикрини баён этди:

«Аллоҳга қасамки, мусулмонлар: «Мутамид ибн Аббод Андалусияни кўлдан бериб, ушбу заминни кофирлар ерига айланишига сабабчи бўлган», - дейишмайди. Аллоҳ сакрасин, агар бундай мудҳиш ҳолат юзага келадиган бўлса, мусулмонлар мени ўз минбарларида туриб дуоибад қилишлари муқаррар. Аллоҳга қасамки, насронийнинг чўчқасини боқ-қандан кўра, қип-қизил чўлда барбарнинг туясини боқишни афзал кўрурмен.»(«Андалусия: забт этилиб, қулагунча», 9-2.)

Шундан сўнг Бадахос амирлигининг юқорида тилга олинган ҳокими ал-Мутаваккил ибн ал-Афтас сўз олиб, Мутамид ибн Аббоднинг таклифини маъқул топганини маълум қилди. Ундан кейин сўзга чиккан Гранада ҳокими Абдуллоҳ ибн Булуггин ҳам таклифни маъқуллади.

Мутамид ибн Аббод мажлис қарорига биноан Ал-моравийлар давлати раҳбарига ёрдам сўраб мактуб йўллади!

Раҳматли шайх Абу Бакр Лемтунийнинг амакиваччаси, Ал-моравийлар империяси ҳукмдори Юсуф ибн Ташфин Лемтуний Андалусия мусулмонларининг ёрдам сўраб йўллаган хатини ўқигач, тасарруфидаги қўшиннинг муайян қисми билан бирга кемага чиқиб, Андалусиянинг шимолий қирғоғи томон йўл олди. Гибралтар бўғозининг ўртасига етганда кучли бўрон кўтарилиб, кемалар ғарқ бўлиш хавфи юзага келди. Раҳматли шайх Абдуллоҳ ибн Ёсиннинг тарбиясини кўрган Юсуф ибн Ташфин денгиз ўртасида икки қўлини фалакка кўтариб, хитоб қилди:

«Ё Аллоҳ! Денгизни сузиб ўтиш бизга ва Ислом умматига фойдали бўлишини билсанг, мушкулимизни Ўзинг осон қил. Агар фойдали деб топмасанг, денгиз сузиб ўтишга имкон берма».(«Андалусия: забт этилиб, қулагунча», 9-9.)

Юсуф ибн Ташфиннинг дуоси якунига етиши ҳамоно, бўрон тиниб, денгиз тинчланди. Мусулмонлар қўшини кўзланган манзилга эсон-омон етиб олди.

Мутамид ибн Аббод ва Андалусиянинг жамики аҳолиси жасоратлари афсонага айланган ушбу қаҳрамонни ва у билан бирга келган барча Ал-моравий мужоҳидларни қувончла қарши олди. Мусулмонларнинг 30 минг кишилик армияси шимолга, Заллак деб номланадиган жой томон йўл олди.

Насронийлар бундан хабар топгач, Ватикан бутун Европа бўйича умумий сафарбарлик эълон қилди. Рим Папаси Европанинг барча бурчакларидаги католикларга нома йўллаб, ушбу урушда иштирок этганларнинг гуноҳидан ўтиши борасида кафолат берганча, ҳар бир жангчига жаннат калитини шахсан ўзи юборишини ваъда қилди!

Папанинг даъватига Франция, Италия, Германия ва ўша даврда католик ўлка саналган Англия рицарлари жавоб беришди. Ўз даврининг энг замонавий қурол-аслаҳалари билан бошдан-оёқ қуролланган, сон жиҳатдан мусулмонлар армиясидан икки чандон ошиб кетган кудратли армияга қирол Альфонсо Олтинчи бош қўмондон этиб тайинланди. Ушбу армия томонидан кўзланган асосий мақсад - Андалусиядаги Исломни таг-туги билан йўқ қилиш бўлди. Қирол Альфонсо Олтинчи ўз тасарруфидаги кўп сонли армияга юзланганча хитоб қилди:

«Бундай ҳудратли армия билан мен жинлару одамлар, самовий фаришталар, Муҳаммаднинг ўзию унинг саҳобаларига карши жанг қила оламан».

Иккала рақиб армия ўз лашкаргоҳларини пайшанба куни Заллакда. бир-бирининг қаршисига жойлаштирди. Ўша куни Юсуф ибн Ташфин тойфа ҳокимлари аллақачон унутиб юборган ғаройиб бир иш қилди. У қирол Альфонсо Олтинчига куйидаги мазмунда нома йўллади:

«Мусулмонлар амири Юсуф ибн Ташфиндан румлик қирол Альфонсо Олтинчига. Ҳақ йўл топганларга салом. Бундан сўнгра шулки. ўлкамизга етиш мақсадида Аллохдан кўп кема сўраб ибодат қилганинг ҳақида хабар топдик. Мана, сени овора қилмай, ўзимиз кела қолдик. Энди ўша ибодатинг натижасини ўз кўзингла кўргайсан.

Бироқ кофирнинг ибодати беҳудадир. Таклифим шулким, мусулмон бўл, саломат бўлурсан. Кўнмас экансан, ё хўрланган ҳолатда ўлпон тўла, ё уруш йўлини танла».

Номани ўқиган Альфонсо Олтинчининг вужуди ғазабдан аланга олди. Зеро, шу кунгача ўлпон тўлашни тойфа ҳокимларига шахсан ўзи амр этиб келган эди. Альфонсо ҳарбий ҳийла қўллаб, мусулмонларни алдашга карор қилганча Юсуф ибн Ташфинга қуйидаги мазмунда нома йўллади:

«Эртага жума - мусулмонлар байрами, биз эса байрам кунлари сиз мусулмонлар билан жанг қилмаймиз. Шанба - яҳудийларнинг байрами бўлиб, уларнинг сони бизнинг армиямизда оз эмас. Якшанба - биз насронийлар учун байрам ҳисобланадиган кундир. Кел, жангни душанбага қолдирайлик».(«Андалусия: забт этилиб, қулагунча», 9-10.)

Салиб юришчилари ҳеч қачон ўз сўзида турмаслигини яхши билган Юсуф ибн Ташфин ўз қўшинидан сергак туриб, ҳушёрликни оширишни талаб қилди.

Уша кеча Альфонсо ғалати туш кўрди: филни эгарлаганча қўлидаги бурғу билан дўмбира уриб кетаётган эмиш. Кашишларга мурожаат килиб, тушга таъбир сўраган Альфонсо маънили жавоб олмади. Шунда у яҳудийлардан бирини мусулмонлар орасига йўллаб, тушга таъбир айта биладиган одам топишни тайинлади. Яҳудий ўзи билган шайхнинг ҳузурига бориб, Альфонсонинг тушини ўзиники қилганча шайхга баён этиб, унга таъбир сўради.

- Ёлғон гапирма, жўҳид! - ўшқириб берди шайх. - Бу сен кўрган туш эмас. Ё тушнинг эгасини айтасан, ё ҳозироқ кўзимдан даф бўласан!

- Айтаман, фақат ўтинаман сендан, сир тут буни, - ялинди яҳудий. - Бу тушни қирол Альфонсо Олтинчи кўрган экан.

- Уша кофирнинг туши эканлигини билар эдим. Бошқа кишининг туши бўлиши мумкин ҳам эмас, - деди шайх. - Яқин орада унинг бошига катта мусибат тушиб, ниҳоятда оғир синовдан ўтади. Фил борасида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қуйидагича марҳамат қилган: «Эй Муҳаммад, Парвардигоринг фил эгаларини қандай ҳалок қилганини кўрмадингми?»(«Фил» сураси, 1-оят.) Бурғу масаласида ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат килган: «Чунки бурғу чалинган Кун қийин Кундир».(«Муддассир» сураси, 8-оят.)

Альфонсо Олтинчининг ҳузурига қайтган яҳудий қирол урушга кетишини истаб, туш таъбирини унга айтиб бермади.

Уша тунда...

Ибн Румайля исмли обрўли мусулмон уламолардан бири уйқудан турибоқ амир Юсуф ибн Ташфиннинг чодирига югурди.

- Суюнчи беринг, амир жаноблари! - деди у Юсуф ибн Ташфинни уйғотиб. - Ҳозиргина тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У менга: «Ҳой Румайля! Дарҳақиқат, сизлар ғалаба қозонасизлар. Сен эса бизнинг даврамизга келиб қўшилурсан», - деди.

Юсуф ибн Ташфин Аллоҳни шу қадар баланд овозда зикр қилдики, атрофидаги жангчилар уйғониб кетишди. Қўмондон уларга «Анфол» сурасини ўқиб, туни билан намоз ўқиб чиқишни буюрди.

Ибн Румайлянинг тушидан хабар топган мусулмон жангчилар хурсандликдан кўзга ёш олиб, дин йўлида шаҳид кетишни исташди. Жума куни бомдод намозидан сўнг, Юсуф ибн Ташфин олдиндан кўра билгандай, христианлар қироли Альфонсо Олтинчи ўзининг мунофиқ табиатини яққол намоён этди. Исломий кўшинни ғафлатда қолдиришни ният қилган насроний қирол тонг саҳарда ўз қўшини билан ҳужумга кўтарилди. Мусулмонлар эса уни қарши олишга шай турган эди.

Унутилмас Заллак ғазоти бошланди. Амир Юсуф ибн Ташфин қўмондонлиги остидаги мусулмонлар Ислом тарихида ўтган ўнлаб йиллардан сўнг илк бор яна ғалаба қозонишди. Қарийб 60 минг кишидан иборат салиб юришчиларнинг атиги 100 нафарчаси омон қолди, холос. Улар орасида бир оёғидан айрилган қирол Альфонсо Олтинчи ҳам бор эди. Насронийларнинг Кастилияга қочиб қутулган қироли роса бир йил азоб чекиб, охири ер тишлади.

Мусулмонлар улкан ўлжаларни қўлга киритишди, аммо Юсуф ибн Ташфин билан унинг Ал-моравийлари ўзларига ҳеч нарса олишмади. Мусулмонларни қирол зулмидан халос қилган Ал-моравийлар қўшини Мағрибга қайтди. Тойфа ҳокимлари эса яна бир-бирига қарши кураш бошлашди. Андалусия аҳолиси Марокашдаги Юсуф ибн Ташфинга нома йўллаб, тойфанинг уришқоқ ҳокимларидан халос этишларига умид билдиришди. Аммо Юсуф ибн Ташфин мусулмонларга қарши уруш олиб бориб, гуноҳга ботишдан қўрққанидан ундай илтимосларни рад этди. Ислом ўлкаларидан унинг номига Андалусияни халос этишга даъват этган кўпдан-кўп фатволар, шу жумладан, Бағдоддаги Абу Ҳамид ал-Ғазолийдан нома келганидан сўнггина, Юсуф ибн Ташфин тойфа тизимини батамом тугатиб, Андалусияни Ал-моравийлар империяси таркибига қўшиб олди.

Андалусия мусулмонлари Юсуф ибн Ташфинга мўминлар султони унвонини бериш истагини билдиришди. Аммо буюк барбар қаҳрамони ўзига ўзи тамтароқли унвон берадиган тойфа ҳокимларига ўхшамади. Ҳикоямизнинг камтарин қаҳрамони Юсуф ибн Ташфин таклиф қилинган унвонни рад этди. Бундай унвон Бағдоддаги Аббосийлар халифасига хос бўлиб, ўзи ҳам унга итоат қилишини маълум қилди. Бинобарин, у ўзига мусулмонлар ҳукмдори унвонини танлади.

Шундан сўнг...

Биз Ислом уммати тарихининг шонли саҳифаларидан бири билан танишиб чиқдик. Бу тарих Ал-моравийлар тарихи, шайх Абдуллоҳ ибн Ёсин, шайх Яҳё ибн Иброҳим ал-Жидалий, шайх Яҳё ибн Умар Лемтуний, шайх Абу Бакр Лемтуний ва шайх Юсуф ибн Ташфиннинг тарихи эди. Санаб ўтилган ушбу одамларнинг бари Мавританиянинг жанубида яшаган оддия туякаш эди. Улар Аллоҳнинг динини маҳкам тутишди ва бунинг учун Аллоҳ уларни улуғлаб, Африканинг бугунги кунгача етиб келган тарихидаги қудратли империя ҳукмдорлари даражасигача кўтарди. Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин. Аллоҳ Ал-моравийлар жамиятининг ҳар бир мурабитидан рози бўлсин.

Тойфа давригача Андалусиянинг аҳволи қандай бўлган?

Ғарб тарихшунослари Европанинг Ўрта асрдаги энг буюк Исломий ҳукмдори дея эътироф этадиган ҳукмдор ким эди? Ушбу ҳукмдор келгунча Андалусиянинг аҳволи қандай бўлган? Ундан кейин аҳвол қай даража ўзгарган? Унинг ҳукмдорлик даври қандай қилиб Андалусия тарихида олтин асрга айланган?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан