loader
Foto

Ровийларни жарҳ ва таъдил қилишнинг бир неча қоидалари

Мажруҳ (заифга чиқарилган ровий) ва жориҳ (ровийларни жарҳ қилувчи)лар ҳақида сўз юритишга киришмоқдамиз. Сўзимиз аввалида жориҳ ва мажруҳларга доир қонун-қоидалар борлигини маълум қилиб қўйиш керак. Чунки баъзан жориҳларнинг айрим ровийларни ўта қаттиқ танқид қилишларини кўриб, бу аниқ ғийбат-ку, деган тўхтамга келиб қолади киши. Олимни танқид қилиш ва уни ғийбат қилиш шаръан жоизми, деган савол пайдо бўлади. Бу борада Имом Нававий ва Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳлар бир неча қоидаларни тузиб чиққанлар. Улардан айримлари ёлғончи ровийларга тегишли бўлса, баъзилари ривоятларга тааллуқлидир.

Биринчи қоида: Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ровийларни жарҳ қилиш фақат рухсат эмас, балки у диний заруратдир. Бу ман қилинган ғийбат эмас, балки Аллоҳ ва Унинг Расулининг динига хайрихоҳликдир. Чунки салафи солиҳлар ва халафлар: «Дин насиҳатдир» деган тамойил асосида ровийларни танқид қилганлар. Лекин бунинг шарти жарҳ қилувчи киши олим, тақводор, парҳезкор, адолатли ва пухта олим бўлиши талаб этилади. Чунки бундай васфдаги олим ҳеч кимни беҳуда танқид қилмайди ва зарурий танқидда сусткашликка йўл қўймайди. Иккинчи шарти, жарҳ қилувчи олимнинг маълумотлари саҳиҳ ва гапи ўзгаларга таъсирли бўлиши лозим. Акс ҳолда, ровий ҳақида айтган сўзи ғийбат бўлиб қолади.

Иккинчи қоида: Жарҳ қилувчиларнинг тайин қилинган адади борми ёки йўқми? Масалан, Зайдни жарҳ қилаётган олимлар нечта бўлиши талаб этилади? Баъзи олимлар: «Ровийларни адолатли деб айтувчи таъдилчиларнинг сони бир неча киши бўлишлари зарурийдир», деганлар. Лекин мақбул қарашга кўра таъдил қилувчиларнинг сони бир неча бўлиши зарурий эмас. Балки у хабарга ўхшайди, яъни адолатли, моҳир кишининг хабари кифоя қилади. Қаранг, жарҳ ва таъдил баробар бўлиб қолса, яъни қарама-қарши бўлиб қолса, албатта, жарҳ устун туради. Бунинг шарти жарҳ мужмал эмас, муфассал бўлиши лозимдир. Ва яна тўрт имомга нисбатан қаратилган жарҳ, гарчи у муфассал бўлса ҳам қабул қилинмайди.

Учинчи қоида: Мажруҳ ровийлар борасидаги жарҳчиларнинг узун рўйхатини муҳаддислар тузиб чиққанлару, лекин уларнинг ўзлари мажруҳ ва заиф ровийлардан ўзларининг китобларида ҳадис ривоят қилганлар. Бунга сабаб нима?

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу муаммоли саволга қуйидагича жавоб берган: «Биринчидан, жарҳ қилинган ровийларнинг ривояти заиф бўлса ҳам, уларни билиб-ўрганиб рад этиш учун баён қилинади; Иккинчидан, заиф ривоятлар мустақил ривоят қилинмайди, балки шавоҳид, мутобиъот ва таълиқот сифатида нақл қилинади. Акс ҳолда, уларни ривоят қилиш дуруст эмас; Учинчидан, жарҳ қилинган ровийларнинг баъзи ривоятлари саҳиҳ бўлиб қолиши мумкин. Заиф ривоятлар орасидан саҳиҳини ажратиш учун унинг барча ривоятлари жам қилинади. Қолаверса, жарҳ ва таъдил кишилари учун ҳадис хизматининг катта майдони бўшатиб қўйилган. Жумладан, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳга бир киши, «Сиз Ибн Калбий ривоятларини қабул қилиб олиб, сўнг уни танқид қилмокдасиз», деганда, унга бундай жавоб берган: «Мен унинг ёлғон ва рост ривоятлари орасини ажрата оламан. Шунинг учун унинг ҳадисларини зикр қилишимда ҳеч қандай муаммо йўқ». Тўртинчидан, жарҳ қилинган ровийларнинг ривоятидан тарғиб-ташвиқ, қўрқитиш, солиҳ амаллар, қиссалар ва зарбулмасалларда фойдаланилади. Лекин ҳалол-ҳаром каби ҳукмларда бундай ривоятлардан фойдаланиш мумкин эмас. Зеро, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳалол-ҳаром, суннат ва ҳукмлар борасида ривоят қилсак, иснодларга ўта қаттиқ турар эдик. Борди-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фазоилу аъмол борасида ҳадис ривоят қилсак, иснодларда енгиллик қилар эдик».

Тўртинчи қоида: Имом Нававий Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб келтиради: «Қози Иёз бундай деган: «Ёлғон хабар берувчи икки турли бўлади. Биринчиси, ёлғон хабар бериш билан танилган каззоб ва ҳадис тўқувчи киши бўлиб, у бешта мақсад сабабли ёлғон-яшиқ ривоятларни нақл қилади ва ҳадис тўқийди:

1. Динга душман, шариатга беписанд ва уни бузиш мақсадида ҳадис тўқийди. Бунга мулҳид ва зиндиқлар қўл уради;

2. Ибодат ва яхшиликлар ниятида ҳадис тўқийди. Бунга обид, зоҳид ва ғофил сўфийлар қўл уради;

3. Риёкор шахс ўзини халқ олдида кўрсатиб, ном қозониш учун ҳадис тўқийди. Бунга фосиқ, фожир ва «бепарво» деб эътироф этилган муҳаддислар қўл уришади;

4. Мазҳаби ва маслакига нисбатан мутаассиблик билан ҳадис тўқийди. Бунга бидъатчилар ва турли мазҳаб вакиллари қўл уришади;

5. Нафсий ва дунёвий хоҳиш-истаклар илинжида подшоҳ ва зодагонларни хушнуд қилиш учун ҳадис тўқиш.

Мазкур бешта мақсадда тўқиладиган ҳадисларда турли йўл танланади. Жумладан, баъзилар матн тўқимайди, балки ҳадис санадини тўкийди. Баъзида бир ҳадиснинг санади ва матнини иккинчи ҳадиснинг санади ва матни билан қориштириб ташланади. Айримлар эшитмаган ҳадисини эшитганман, деб ва яна баъзилар кўришмаган ровийси билан кўришдим, деб даъво қиладилар. Айрим бепарво, бетайин муҳаддислар саҳобаи киромлар ёки араб ҳакимларининг сўзларини олишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатлаб юбордилар.

Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ёлғон хабар тўқувчиларнинг иккинчи қисмини баён қилиб айтадики, яна бир тоифа инсонлар ҳадиси Набавийда ёлғон гапирмайди, лекин инсонлар билан мулоқотда ёлғон гапиришни одатга айлантириб олган бўлади. Бундай инсонларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди. Лекин улар томонидан қилинган тавба мақбулдир. Аммо аввалги қисмдаги ҳадис тўқувчиларнинг тавбаси ҳам қабул қилинмайди. Юқоридаги қоида ва усулларнинг умумий хулосасидан шу нарса маълум бўладики, ровийларни жарҳ ва танқид қилиш ғийбат эмас, балки Ислом динига нисбатан хайрихохдик ва хизматдир.

Жарҳ ва таъдил бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, мухтор ва рожиҳ қарашга кўра жарҳ таъдилдан устун қўйилади. Муҳаққиқ уламолар ва жумҳур олимларнинг қараши ҳам шу. Бунда таъдил қилувчиларнинг сонини зиёда ёки камлигига қарашнинг зарурати йўқ. Балки ҳар қандай ҳолатда жарҳ муқаддам қилинади. Айримлар айтадиларки, таъдил қилувчиларнинг сони жарҳ қилувчиларга нисбатан кўп бўлса, таъдил томон устун деб қарор берилади. Лекин бу қараш заиф, аввалгиси эса саҳиҳдир. Чунки ровийларни жарҳ қилувчи муҳаддис таъдил қилувчи билмайдиган пинҳона айб-нуқсондан воқиф бўлади.

Ақл тарозисига солинса ҳам жарҳ таъдилдан устун қўйилади. Зеро, пок нарса билан нопок нарса қоришиб кетса, албатта табиати соф инсон уни истеъмол қилишдан юз ўгиради. Шариатнинг муомаласи инсон табиатидан ҳам нозик ва дақикдир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Фазоилларда, тарғиб ва ташвикда заиф ҳадислардан фойдаланиш мумкин. Лекин бундай ҳадисларни қабул қилишнинг учта шарти бор:

1. Ҳадис ўта заиф бўлмаслиги керак, яъни ҳадис ровийлари каззоблардан бўлмасин;

2. Ҳадис шариатнинг умумий қоидасига мутаносиб бўлсин. Агар заиф ҳадисда шариат амалларидан ўзга бир амал тарғиб қилинса, бундай хабарга эътибор қилинмайди.

3. Заиф ҳадисга амал қилаётганда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳадис собит бўлган, деган эътиқодда бўлмаслик керак. Чунки имкон қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янглиш гап-сўзларни нисбатини беришдан сақланиш керак». Баъзи олимлар мазкур шартларга қўшимча равишда, унга қуйидаги шартни ҳам киритишади: «У заиф ҳадис муқобилида бирорта саҳиҳ ҳадис бўлмаслиги керак».

Назр айтади: «Ибн Авн эшик остонасида турган эди, ундан Шаҳрнинг ҳадислари ҳақида сўрашди. Шунда у: «Шаҳрга найза отилган, Шаҳрга найза отилган», деди».

Муслим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «У одамларнинг гап-сўзига колган, у ҳақида (ёмон) гаплар айтилган, демоқчи».

Шарҳ:

Ибн Авн дарвозанинг остонасида турганида бир киши ундан Шаҳр ибн Ҳавшаб исмли ровий ҳақида сўради. Шунда у: «Шаҳрга найза отилган», деди. Яъни жарҳ ва таъдил олимлари Шаҳр ибн Ҳавшаб Шомийга (112/730) таъна дашном қилишиб, кичик найза билан уришган. Баъзи олимлар (таракуҳу) «уни тарк қилганлар» деб ўқишган. Лекин бу тўғри эмас. Чунки бунда Шаҳр ибн Ҳавшаб матрук ровий бўлиб қолади. Баъзи жарҳ уламолари наздида Шаҳр фақат гап-сўз қилинган ровий, холос. Имом Бухорий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳадис имомлари Шаҳр ибн Ҳавшабни ишончли ровий деб айтиб, унинг ҳадисини қабул қилганлар. Тўрт суннат китоби мусаннифлари ундан ҳадис олганлар. Шунинг учун ҳам юқорида Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: «У одамларнинг гап-сўзига қолган, у ҳақида (ёмон) гаплар айтилган», деган. Яъни Шаҳр оддий даражадаги ровий. Унинг айби ҳадисларни ўта кўп мурсал ривоят қилишидир. Умуман олиб қаралганда, Шаҳр ибн Ҳавшаб баъзилар нигоҳида гап-сўз қилинган ровийдир. Ҳа, албатта жарҳ ва таъдилда жарҳ устун қўйилади. Лекин бунда ҳам жарҳ муфассал ва муфассар (баён этилган) бўлиши талаб этилади. Ва яна жарҳ машҳур ва кўп бўлиши лозим. Чунки ҳар қандай ровий енгил-елпи жархдан холи бўлмайди. Бу ўринда шуни билиб олингки, тўрт мазҳаб имомига нисбатан қилинган муфассал жарҳ ҳам эътиборга олинмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан