loader
Foto

Имом ва Муқтадийнинг «омин»ни айтиши

«Имом «Валаддолийн», деган вақтда имомнинг ўзи ҳам, муқтадий ҳам «Омин!» дейдилар». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар имом «Омин!» деса, сизлар ҳам «Омин!» денглар» мазмунидаги ҳадиси шарифлари далил бўлади.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар имом «Валаддолийн» деса, сизлар «Омин!» денглар» мазмунидаги ҳадислари билан (имом ва муқтадий ўртасидаги) тақсим эътиборидан далилланиши тўғри бўлмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг охирида «Албатта, имом ҳам уни айтади», деганлар.

Шарҳ: Намозда имом Фотиҳа сурасини якунлаганидан сўнг унинг ўзи ҳам, муқтадий ҳам «Омин!» дейдилар. Лекин Имом Молик раҳимаҳуллоҳ наздида «Омин»ни фақат муқтадий айтади, имом эмас. Бу борада у кишининг далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир:

«Агар имом «Валаддолийн» деса, сизлар «Омин!» денглар».

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни тўлиқ шаклда қуйидагича ривоят қилган:

«Албатта, имом иқтидо қилиниш учун тайин қилинган. Унга зид иш тутманглар. Такбир айтса, такбир айтинглар. Қироат қилса, жим туринглар. «Ғойрил мағдуби алайҳим валаддолийн», деган вақтда «Омин!» денглар».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисдан далилланишининг йўли шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ўринда имом ва муқтадий ўртасида тақсимот қилганлар. Яъни қироатни тамомлашни имомнинг вазифаси, «омин»ни айтишни муқтадийнинг вазифаси деб белгилаганлар. Зеро, тақсимот ширкатга тескаридир. Шунинг учун «омин»ни айтишда имом ва муқтадий бир-бирига шерик бўлмаслиги керак. Балки «омин»ни фақат муқтадийнинг ўзи айтиши лозим бўлади.

Бу масалада бизнинг далилимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир:

«Агар имом «Омин!» деса, сизлар ҳам «Омин!» денглар. Чунки кимнинг «Омин», дейиши фаришталарнинг «Омин», дейишига мувофиқ келса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ далил сифатида келтирган ҳадисга жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиснинг охирида:

«Албатта, имом ҳам уни айтади», деганлар.

Маълум бўладики, бу ҳадисда имом ва муқтадий ўртасида тақсим баён қилинмаган.

Биз келтирган далилни Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди:

«Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Имом «Ғойрил мағдуби алайҳим валаддолийн» деган вақтда «Омин!» денглар». Чунки фаришталар «Омин»ни айтадилар, имом ҳам «Омин»ни айтади. Кимнинг «Омин», дейиши фаришталарнинг «Омин», дейишига мувофиқ келса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Абдурраззоҳ «Мусаннаф»да ривоят қилган).

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган бир ривоятда: «Имом «омин»ни айтмайди, балки фақат муқтадийнинг ўзи оминни айтади», дейилган. Бунинг далили шуки, имом чорловчи, муқтадий эса қулоқ солувчидир. Зеро, «омин»ни чорловчи эмас, балки чорловни эшитган одам айтади. Бу худди намоздан ташқарида ўқиладиган дуолардаги одатга ўхшайди. Яъни унда имом дуо қилади, қолганлар унга «Омин!» деб турадилар.

Мана шу қавлга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Агар имом «Омин!» деса, сизлар ҳам «Омин!» денглар» мазмунидаги ҳадиси шарифларига Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тарафидан қуйидагича жавоб берилади: Бунда имом Фотиҳа сурасини ўқиш билан «Омин», дейиш учун сабабни пайдо қилади. Зеро, мусаббибни (сабабчини) мубошир (бажарувчи) деб аташ ҳам дуруст бўлади. Масалан,

«Амир шаҳарни бино қилди» дейилганда, бино қуриш нисбати амирга берилмокда. Лекин аслида бино қурилишида амир қатнашмаган бўлади. Чунки у бино қурилиши учун буйруқ берган. Шунинг учун ҳам бу ўринда амир мусаббиб, яъни бино қурилишига сабабчи бўлгани учун ҳам унга нисбат берилмоқда. Шунга биноан, имом ҳам «омин»нинг айтилишига сабабчи бўлади. Мана шу эътибордан ҳадисда у ҳам «омин»ни айтади, дейилган.

Фойда:    - «Омин» калимасидаги ҳамза баъзи уламолар наздида мад билан, баъзиларнинг наздида эса мадсиз ўқилади. Асли-да, иккала сурат ҳам фаъил вазнига тушади. Лекин ҳамза мад билан ўқилганда алиф ишбоъ қилинади, яъни тўйинтириб ўқилади. Бу борада арабларнинг шеърларидан далил келтириш мумкин. Жумладан, Мажнун шундай деган:

«Аллоҳ таоло «Омин!» деган бандага раҳм қилсин».

Бу шеърнинг айтилишига ўзига хос сабаби бор. Яъни Мажнуннинг қалби Лайлининг муҳаббатига ғарқ бўлиб, ақли телбанамо бўлиб қолади. Унинг отаси Малуҳ ўғлининг бу ҳолатини кўриб, қаттиқ ташвишга тушади. Шунда одамлар унга маслаҳат бериб, Мажнунни Каъбатуллоҳга зиёрат учун олиб боришни, шояд шунда унинг ҳолати ўнгланишини айтадилар. Шундан сўнг Малуҳ ўғлини ҳаж учун Маккага олиб боради ва у ерда ҳаж амаллари қандай адо этилишини кўрсатади. Кейин ўғлига Каъбаи муаззаманинг пардаларига осилиб:

«Аллоҳим, Лайли ва унинг муҳаббатини мендан кетказиб, мени роҳатлантиргин», деб дуо қилишини айтади. Шунда Мажнун қуйидаги шеърни айтиб, дуо қилади:

«Аллоҳим, менга Лайли ва унинг васлини тортиқ этгин».

Унинг бу дуосини эшитган отаси уни ура кетади. Яъни «Мен сендан бошқа нарсани сўрасам, сен нима деб дуо қиляпсан?!» деган мазмунда Мажнунни калтаклайди. Шунда Мажнун шундай дуо қилади:

«Эй Роббим, мендан унинг муҳаббатини абадий тортиб олмагин. Аллоҳ таоло «Омин!» деган бандага раҳм қилсин!»

Мадсиз ҳамзага ҳам Жубайр ибн Азбат деган шоирнинг шеъри далил сифатида келтирилган. Фатҳали исмли бир киши бўлиб, бошқа бир одам ундан туясини ориятга бериб туришини сўрайди. Лекин у бермайди. Шунда туяни сўраган одам қуйидаги шеърни ўқийди:

«Мен сўраган вақтда Фатҳал мендан узоқлашди,

Бас, бизларнинг ўртамизни жуда ҳам узоқ қилгин, қабул этгин, омин».

Ушбу шеърда «Омин» калимаси дуонинг охирида келиши керак эди. Лекин у иккинчи жумланинг бошида келди. Бунинг сабаби шуки, шоир дуосининг ижобат бўлишига қаттиқ эътибор қаратган. Шунинг учун ҳам дуоси тезроқ ижобат бўлиши учун «Омин»ни биринчи бўлиб айтган.

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Омин»ни махфий тарзда айтади». Бунга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Чунки «омин» дуо бўлиб, у махфий тарзда айтилиши керак. «Омин»даги ҳамзани чўзиш ёки чўзмасликда икки хил важҳ бор. Уни ташдидли ўқиш очиқ-ойдин хатодир.

Шарҳ: Бизнинг наздимизда имом ҳам, муқтадий ҳам «омин»ни махфий тарзда ичида айтиши суннат амал саналади. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида эса «Омин» жаҳрий айтилади. Бу борада у кишининг далили Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисидир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Валаддолийн»ни ўқисалар, «Омин!» деб овозларини кўтарар эдилар».

Бизнинг далилимиз юқорида ўтган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисидир:

«Имом тўрт нарсани махфий айтади. Улар: таъаввуз, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», «Аллоҳумма Роббана лакал ҳамд» ва «омин»».

Яна бир ривоятда

Яъни «Имом бешта ўринда махфий ўқийди», дейилган ва юқоридаги тўрт нарсадан ташқари

«Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика», яъни Сано дуоси зиёда қилинган. Демак, бу ривоятлардан оминнинг махфий тарзда айтилиши собит бўлмокда.

Яна бир далил шуки, калимаси «Ижобат қилгин» деган дуо маъносида бўлади. Дуо эса махфий тарзда ўқилади. Чунки бу борада Аллоҳ азза ва жалла:

«Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг», дея марҳамат қилган (Аъроф сураси, 55-оят). Шунинг учун ҳам «омин»ни махфий айтиш суннат ҳисобланади.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ далил сифатида келтирган Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисига жавоб шуки, Алқама ибн Воил розияллоҳу анҳу ўз отаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган. Унда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оминни махфий тарзда айтганлар», дейилган. Бу ўринда Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган икки ривоят бир-бирига зид келгани боис, улар далил бўлишга яроқли бўлолмайди. Лекин Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлишга муносибдир.

«Ҳидоя» соҳиби «Омин» лафзининг «алиф»ини чўзиш ҳам, чўзмаслик ҳам жоизлигини айтади. Бу масала қуйида батафсил ёритилади. Лекин «Омин» лафзидаги «мим» ҳарфини ташдидли ўқиш очиқ-ойдин хато ишдир. Баъзилар наздида «омин»даги «мим»ни ташдидли ўқиш намозни фосид қилади. Бошқа фуқаҳолар эса бу тарзда ўқиш намозни фосид қилмайди, деганлар. Чунки бунга ўхшаш лафзлар Қуръони Каримда мавжуд. Жумладан, ояти каримада:

«Байтул Ҳаромни қасд қилиб», дейилган (Моида сураси, 2-оят).

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан