loader
Foto

Мунофиқнинг аломати учтадир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг аломати учтадир», Имом Муслим бунга зиёда қилади: «Гарчи у рўза тутиб, намоз ўқиса ва ўзини мусурмон ҳисобласа-да» сўнгра икки имом иттифоқ қилади: «Сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, унга хиёнат қилади», дедилар (Муттафакун алайҳ).

Шарҳ: Ҳадиси шарифда мунофиқнинг уч аломати баён қилинди.

1) Ёлғон сўзлаш.

2) Ваъдага хилоф қилиш.

3) Омонатга хиёнат қилиш.

Ёлғон сўзлаш икки қисмга бўлинади:

1) очиқ-ойдин ёлғон.

2) очиқ бўлмаган ёлғон. Очиқ ёлғон ҳаром, лекин баъзи суратлари истисно қилинган. Масалан, бегуноҳ одамнинг жонини сақлаб қолиб, унинг айбсизлигини исботлаш учун ёлғон ишлатиш, ҳатто вожиб даражага ҳам тенг бўлади. Очиқ бўлмаган ёлғон шуки, бу ёлғон икки маънони эҳтимол қилади. Сўз сўзловчи бир маъно қасд қилса, эшитувчи иккинчи маънони тушунади. Бу ёлғон тури зарарни даф қилиш учун жоиз, лекин манфаатни жалб қилиш учун жоиз эмас.

Ҳадиси шарифдаги мунофиқликнинг иккинчи аломат ваъдага вафо қилмаслик. Бунга ваъда берувчи ваъда берар чоғида унинг устидан чиқишни қасд қилмайди. Аммо ваъдани бажаришни қасд қилган ҳолда бирор узр туфайли уни адо этолмаса, бу ҳолат мунофиқлик аломатларидан ҳисобланмайди.

Бу ўринда яна икки нарса бор. Бири ваъда, иккинчиси муоҳада. Ваъда бир тарафдан бўлади. Муоҳада икки тарафдан бўлади. Ваъдага вафо қилмасликни «Ваъдага хилоф қилиш» дейилади. Муоҳадага вафо қилмасликни «Ғадр» яъни хиёнат дейилади.

Хиёнатнинг ўзи ҳам икки қисмга бўлинади.

1. Молдаги хиёнат.

2. Сўздаги хиёнат. Молдаги хиёнат бировнинг молини унинг ижозатисиз тасарруф қилиш. Ҳаттоки, санаш учун пул берилган омонат пуллар ўрнига бошқасини қайтариш ҳам молга хиёнат қилиш бўлади. Сўздаги хиёнат эса, бировнинг сирини очиш, бошқаларга тарқатиш билан бўлади. Иккиси ҳам мунофиқликнинг аломатларидандир.

Савол: Мазкур ҳадиси шарифда мунофиқнинг аломатларидан учтаси зикр қилинди. Кейинги ҳадиси шарифда уларни тўртта деб зикр қилинади. Буни қандай мувофиқлаштириш мумкин?

Биринчи жавоб: ҳадиси шарифлардаги ададларни ҳар-хил ривоят қилиниши бир-бирига таориз дейилмайди. Чунки ададлардан ками кўпига зид эмас.

Иккинчи жавоб: Пайғамбар алайҳиссаломга мунофиқларнинг ададлари даражама-даража билдирилган. Улардан учтаси билдирилган замонда уларни учта деб баён қилганлар. Сўнгра тўртинчиси билдирилган замонда уларни тўртта деб баён қилганлар.

Учинчи жавоб: Ҳадиси шарифдаги мунофиқлик аломати мазкур ададларга чекланмаган. Мунофиқликнинг бир неча аломатлари бор. Пайғамбар алайҳиссалом ҳолатнинг тақозаси ёки вақтнинг тақозасига кўра учта ёки тўртта деб жавоб берганлар.

Савол: мазкур мунофиқликнинг аломатлари воқеликда мусулмонларда ҳам топилади. Уларни мунофиқ дейиш керакми? Ҳолбуки, булар мунофиқ эмас. Буни қандай тушунилади?

Биринчи жавоб: Асли нифоқ уч турга бўлинади. 1) эътиқодий нифоқ. 2) амалий нифоқ. 3) ҳолий нифоқлар.

Эътиқодий нифоқда банда тилида Исломни қабал қилиб куфрни инкор қилади. Лекин қалбида куфр бўлади. Бу борада қуйидаги ояти карима ҳам бор:

«Ва одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар» (Бақара сураси, 8-оят).

Амалий нифоқда эса одамлар кўз ўнгида амалларни адо этади. Хилватда эса адо этмайди. Бошқача айтганда унинг қалбида иймони бор, лекин иймон талаб қиладиган амалларга эътибор қаратмасдан тарк қилишлар бўлади.

Ҳолий нифоқ ҳолатлар турлича бўлиши билан у ҳам турлича бўлади. Бу борада Ҳанзала розияллоҳу анҳунинг воқеаларини келтирадилар. У зот Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдиларига бориб: «Мен Пайғамбар алайҳиссалом билан ўтирганда у зотнинг суҳбатлари баракотидан қалбим тўлқинланади. Лекин суҳбатдан чиққач қалбимда ундай ҳолатни тополмайман», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларида ҳам шу ҳолат бўлишини айтдилар ва икковлари жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, ҳолатни тушунтирдилар. Шунда у зот кайфият ўзгариб туриши ва у ҳолат ҳар доим сақланиб турипти лозимий эмаслигини тушунтирдилар. Бу ҳолат зоҳирда нифоққа ўхшасада, унинг нифокка алоқаси йўқ. Зеро, мусулмонларда учрайдиган нифоқ тури асосан амалий нифоқдир. Эътиқодийси эмас.

Иккинчи жавоб: Ҳадиси шарифнинг жумласидаги бардавомликни ифода этади. Яъни кимдаки мана шу уч сифат доимий тарзда топиладиган бўлса, у эътиқодий нифоқ бўлади. Мўминда бу ҳолат доимий бўлмайди. Баъзида бир топилиши мумкин, холос. Шу туфайли бу билан мўмин мунофиқ бўлиб қолмайди.

Учинчи жавоб: Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида музоф тақдир қилинади. Яъни ҳар гапирганда ёлғон гапиради, ҳар ваъдасига хилоф қилади ва доимо омонатга хиёнат қилади. Бу ҳам эътиқодий нифоқ саналади.

Тўртинчи жавоб: Бу аломатлар иллат эмас. Бу аломатлар топилишлиги билан инсон мунофиқ бўлиши лозим бўлмайди. Бундан келиб чиқадики, бу аломатлар мусулмонда топилса, амал эътиборидан мунофиққа ўхшайди. Эътиқод эътибордан мунофиқ бўлиб қолмайди.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан