loader
Foto

Эрдўған Ғарб давлатларини Исроил ваҳшийлигига кўз юмганликда айблади

"Дунё Нетаняху деган ҳаста, маняк, психопат, қон билан озиқланадиган вампирнинг ваҳшийлигини кузатмоқда. Эй Америка давлати бу қон сенинг қўлингда. Сиз Исроил каби бу геноцид учун жавобгарсиз",-дейди Туркия раҳбари.



Исроил миллионлаб тинч аҳоли бошпана топган Рафаҳ ҳудудига уюштирилган ҳужумлари билан Ғазода амалга оширган геноцидининг анча қонли палласига кирди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййип Эрдўған бугун, 29 май куни Туркия Буюк Миллат мажлиси (парламент)даги нутқида сўз очди.

У бир кун аввал хавфсиз ҳудуд деб аталган Рафаҳда қочоқлар лагерига уюштирилган ҳужумда камида 45 нафар бегуноҳ фаластинлик шаҳид бўлганини эслатди. У интернетда тарқалган тасвирларга қарашга бардоши етмаётганини ифода этиб, шундай деди:

“Тасвирларга қарашга юрак бардош беролмаяпти. Бир ота бор-йўғи бир неча ойлик боши узилган боласини, агар ҳамон бор бўлса, дунёнинг виждонига кўрсатмоқда. 15 минг бегуноҳ боладан нима истадинг? Сизда одамийликдан асар қолмадими? Сизда виждон йўқми? Сизда раҳм-шафқат йўқми? Сизда ҳеч қандай қиймат, чегара, ҳад ва ҳудуд йўқми? Сиз инсониятга шунчалик душманмисиз? Қалбингизда заррача ҳам меҳр йўқми? Қасам ичаманки, ер юзидаги ҳеч бир дин бу ваҳшийликни қонунийлаштира олмайди. Ҳеч бир эътиқод, ҳеч бир мафкура, қанчалик бузуқ бўлмасин, бегуноҳ гўдакнинг бошини юлиб ташлашни ёки бегуноҳ фуқароларни ўз чодирларида куйдириб ўлдиришни оқламайди, оқлай олмайди”, дейди Эрдўған.

У бутун дунё руҳий хаста бўлган Нетаняхунинг қилмишларига томошабин бўлиб турганини урғулади.

“Бутун дунё бемор, маняк, руҳий хаста Нетаняху деган қон тўкувчи вампирнинг ваҳшийлигига томошабин бўлиб турибди ва улар буни жонли эфирда кўрмоқда. Эй, Америка давлати! Бу қон сизнинг ҳам қўлингизда. Сиз ҳеч бўлмаганда Исроил каби бу геноцид учун жавобгарсиз. Эй, Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари! Сиз ҳам Исроилнинг геноциди, ваҳшийлиги ва вампиризмида иштирок этгансиз. Чунки сиз сукут сақладингиз. Шифохоналар, мактаблар,  масжидларга ҳужум қилишди, сиз индамай турдингиз. Улар ёрдам колоннасига ҳужум қилишди, сиз яна сукут қилдингиз. Журналистларни, шифокорларни, ёрдам ходимларини отиб ташлашди, сиз жим бўлдингиз. Шифохона боғларида оммавий қабрлар топилди, сиз ҳеч қандай муносабат билдирмадингиз. Сиз ҲАМАС деб очиқчасига Исроилни қўллаб-қувватладингиз”, дейди Туркия Президенти.

Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Ғазодаги геноцид Европада демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, аёллар ва болалар ҳуқуқлари нобуд бўлаётганининг намунасидир.



“Бундан буён ҳеч бир европалик чиқиб, демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида такаббурлик, бармоқ ишораси билан ҳомийлик тимсолида гапирмасин. Чунки, Исроил Ғазода инсониятни ўлдирмоқда”, дейди Туркия раҳбари.

27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди.

Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди.