Ню-Ёрк суди 30-май куни АҚШнинг собиқ раҳбари, айни дамда президентлик учун республикачи номзод Доналд Трампни 34 ноқонуний ҳаракатни амалга оширган, деб топди.
"Айбдор" деган ҳукм суд ҳайъатининг икки кунлик муҳокамаси кетидан чиқди. 12 кишидан иборат гуруҳга кўра, 77 ёшли Трамп 2016-йилдаги сайлов палласида қатор жиноятларга қўл урган.
Америка тарихида бирор президент шу кунгача жиноятчи деб топилмаган.
Бу суд иши ва бошқа штатлардаги қатор жиноий тергов ва айбловларга қарамасдан, Трамп сайлов кампаниясини давом эттирмоқда ва пойгадан чиқмоқчи эмас.
Бироқ бугунги ҳукм натижасида у шартли жазога тортилиши ёки тўрт йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Суд жазони 11-июлда чиқаради. 15-июлда республикачиларнинг сайловолди қурултойи бўлади. Унда Трамп партиянинг Оқ уйга номзоди дея расман эълон қилинади.
Трампниг адвокати Тодд Бланш суддан ҳукмни бекор қилишни сўраган, судя дарҳол рад этган. Судланувчи юқори судга шикоят қилиш ҳаракатида.
Судда ўтириб ҳукмни эшитган Трамп ҳеч нарса демаган. Ташқарига чиққач, мухбирларга қарата ўзини оқлаш учун курашни давом эттиришини айтган.
Ижтимоий тармоқларда ёзишича, Трамп ўзини ҳуқуқларини асоссиз поймол этилаётган шахс деб билади. Унингча, унга туҳмат қилинган ва душманларининг мақсади уни Оқ уй учун пойгадан ва умуман сиёсатдан чиқаришдир.
Трамп сайлов кампаниясига кўра, номзод - "сиёсий маҳбус". Кампания тарафдорлардан жим турмасликни, Трампни қутқариш учун уюшган ҳолда адолат талаб қилишни сўрамоқда.
Трамп судни либерал раҳбариятнинг ўйинчоғи дея қоралаган. Тарафдорларини у демократ Жо Байден қайта сайланмаслиги учун жон-жаҳди билан фаоллик кўрсатишга ундамоқда.
"Доналд Трамп қонунбузарлиги учун ҳеч қачон жавоб бермайман деб ўйлаб келди", - дея баён қилди Байден кампанияси.
"Америкаликлар олдидаги танлов оддий ва аниқ. Доналд Трамп Оқ уйга сайланмаслиги учун овоз бериш. Судланганига қарамасдан Трамп республикачиларнинг номзодидир".
Трамп апеллятсион судга мурожаат қилиб, кампанияни авж олдириш илинжида. Суд ва айбдор деган ҳукм уни қонунан бу имкониятдан узоқлаштирмайди.
Президентликка сайланса, у ўзини афв эта олмайди, чунки ҳукм штат даражасида чиққан, федерал эмас.
Трампни яна уч судлов кутмоқда, жумладан 2020-йилдаги сайлов натижасини ўзгартиришга уринганлик каби айбловлар юзасидан. Лекин бу жараёнлар бўйича қарор сайловгача чиқиши кутилмайди, чунки адвокатлар ва прокурорлар орасида юридик чигалликлар бор.
Трампни бу судга етаклаган омил - 2016-йилги сайлов олдидан порнография юлдузи Сторми Даниелсга у билан алоқасини яшириш учун 130 минг доллар бергани.
Трамп бу аёл билан бирор муносабатда бўлмаганини айтиб келади. Лекин судда Даниелс ҳам, унга пулни етказган юрист Майкл Коен гувоҳлик бериб, бу ишларни тан олган.
Сайлов кампанияси ҳужжатларида Даниелсга узатилган пора Коенга тўланган маош сифатида кўрсатилган.
34 айбловдан 11 таси айнан мана шу тўлов билан боғлиқ. 12 айблов ҳужжатлардаги ёлғонлар, қолган 11 айблов эса Коенга бунинг учун берилган чеклар. Уларнинг 9 тасида Трампнинг шахсий имзоси бор.
Трампнинг адвокатлари судлов давомида Коенни Даниелсга ўзи хоҳлаб пул берган, айбланувчи бу ҳақда билмаган, деб келди.