loader
Foto

Эшитган ҳар нарсасини гапираверишдан қайтариш ҳақида

Ҳафс ибн Осим раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитган барча нарсасини сўйлайвериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади», дедилар».



Шарҳ: Тўртинчи ҳадисда Муҳаммад ибн Убайд исмли ровийга Ғубарий нисбаси берилган эди. У Бакр ибн Воил қабиласининг асосичиси Ғубар исми билан алоқадор эди. Бу ҳадисда Убайдуллоҳ ибн Муозга Анбарий нисбаси берилмоқда. У нисба ровийнинг Бану Анбар қабиласига мансублигини билдиради.

Мазкур бобдаги еттинчи ҳадисдан тортиб то ўн иккинчи ҳадисгача бўлган ривоятларнинг мазмуни бир хилдир. Ушбу ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ номидан ёлғон гапириш ўта катта гуноҳ сифатида баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши бирор ҳадисни ривоят қилишдан олдин уни яхшилаб текшириб олиши талаб этилади. Уқиган, эшитган ҳадисини синчковлик билан ўрганмай туриб, ривоят қилиши мумкин эмас. Утган замонларда ривоят ва санад қай даражада таҳқиқ қилинса, ҳозир ҳам ҳадис китобларини ўша даражада таҳқиқ қилишимиз талаб этилади. Чунки айрим ҳадис китоблари орасига саҳиҳ ҳадислар билан бир қаторда заиф ва ҳатто тўқима ҳадислар ҳам кириб қолгани учраб туради. Ҳадис китобларидаги ҳар қандай ҳадисни ўрганмай туриб, ривоят қилиш муносиб эмас. Лекин билингки, ишончли ҳадис тўпламлари бундан мустасно.

Ҳадисдаги (кафа бил маръи) жумласидаги «бо» ҳарфи зоида бўлиб, «маръи» сўзи мафъул (тўлдирувчи)дир. (казибан) сўзи эса тамйиздир. (ан юҳаддиса) сўзи масдар таъвилида бўлиб, (кафа) феълининг фоилидир.

Бу мурсал ҳадис ҳисобланади. Чунки Ҳафс ибн Осим тобеъин бўлиб, Расулуллоҳдан бевосита ҳадис ривоят қилмокда. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисдаги мурсалликни кетказиш учун Ҳафс ибн Осим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган айни шу ҳадисни қуйида келтирмоқда:

Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан қилинган ривояти бўлиб, Ҳафс ибн Осим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан мазкур ҳадиснинг айни ўзини нақл қилмокда.

Шарҳ:

Мазкур ривоятда Ҳафс ибн Осим раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан юқоридаги ҳадисни айни ўзини ривоят қилмоқда. Муҳаддислар одатда турли санаддаги бир хил лафзли ёки маъноли ҳадисларни бир жойда келтиришса, биринчи ҳадиснинг матнини тўлиқ келтиришиб, кейинги ҳадисларни фақат санадини ривоят қилишиб, матнини нақл қилмаганлар. Балки унга (мислаҳу) «унинг ўхшаши» ва (наҳваҳу) «у каби» сўзларини ишлатганлар. У икки сўзнинг бир-биридан фарқи шуки, борди-ю, юқоридаги ҳадис билан кейинги ҳадис ҳам лафзан, ҳам маънан бири иккинчисига ўхшаса, бу ҳолатда муҳаддислар (мислаҳу) «унинг ўхшаши» сўзини истефода этганлар. Агар юқоридаги ҳадис билан кейинги ҳадис бир-бирига фақат маънода ўхшаб, лафзда ўхшамаса, муҳаддислар унга (наҳваҳу) «у каби» атамасини қўллаганлар.

Абу Усмон Нахдийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кишининг ёлғончилигига ҳар бир эшитган нарсасини сўзлайвериш етарлидир», деди».

Шарҳ:

(биҳасбил маръи) иборасидаги (бо) зоида, (ҳасбу) сўзи (маръу)га музоф (мослашмаган аниқловчи) бўлиб, мубтадо (гапнинг эгаси), (ан юҳаддиса) муфрад таъвилида бўлиб, мубтадонинг хабари (кесими) бўлади.

«Ҳар бир эшитган нарсасини» киши ривоят қилаверса, ҳа, албатта, жуда кўп хато ва камчиликларга йўл қўяди. Бунда ровий ёлғон гапиришни қасд қилиши шарт эмас, балки у билиб-билмай хато гап-сўзни нақл қилиши натижасида ёлғончилар замирига кириб қолади. Ушбу ҳадиси шарифда эшитган нарсасини текширмай гапирмаслик кераклиги мусулумонларга уқтирилмокда.

Ибн Ваҳб бизга бундай хабар берди: «Молик менга: «Билиб қўй, ҳар бир эшитган нарсасини сўзлайверадиган киши омон қолмайди. У эшитган нарсасини гапираверар экан, ҳеч қачон пешво бўла олмайди» деди».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кишининг ёлғончилигига эшитган нарсасини сўзлайвериши етарлидир».

Муҳаммад ибн Мусанно бизга шундай сўзлаб берди: «Абдураҳмон ибн Махдийнинг: «Киши эшитган нарсасининг баъзиси(ни гапиравериш)дан ўзини тиймагунича, эргашиладиган пешво бўла олмайди», деганини эшитдим».

Суфён ибн Ҳусайндан ривоят қилинади: «Иёс ибн Муовия менга: «Қуръон илмига берилибсан. Менга бир сурани ўқиб, тафсир қилиб бер. Қани, нималар билишнгни кўрайчи?» деди. Шундай қилдим. У менга: «Сенга айтадиганларимни ёдлаб ол. Мункар ҳадисларни ривоят қилишдан сақлан, чунки бундай қилганларнинг ўз-ўзидан хор бўлиб, ҳадис борасида ёлғончига чиқарилмагани кам бўлади» деди».

Шарҳ:

Иёс ибн Муовия: «Таҳқиқсиз ҳадис айтиш кишини расво қилади. Бундай муҳаддислардан одамларнинг ишончи кўтарилади. Одамлар ҳам уни ёлғончига чиқара бошлайди», деди. У Басранинг қозиси, эътиборли тобеъинлардан бўлиб, 122/740 йили вафот этган. У заковат, фаҳм-фаросат, тадаббур, басийрат, фасоҳат ва балоғатда ўз даврида зарбулмасал бўлган олимлардан эди. Олим ўзининг Суфён ибн Ҳусайн исмли шогирдига «Қуръони Каримнинг тафсирига ўта ошиқ, муҳаббатли инсон экансан. Маълумки, тафсирда заиф, мункар ривоятлар баён қилинади. Менга бирор оятни тафсир қилиб берчи, сенинг гап-сўзларинг саҳиҳ ёки хато эканига аниқлик киритиб бераман», деди.

Суфён ибн Ҳусайн бир оятни тафсир қилиб бергандан кейин, устоз шогирдига шундай деди: «Гапларимни яхшилаб ёдлаб олгин. Тўқима ривоятларни қабул қилиб, мункар ривоятларни баён қилсанг, одамлар сени айблайди. Натижада, одамлар эътиборидан тушиб, улар орасида ёлғончи сифатида танилиб қоласан». Қози Иёс шогирди Суфён ибн Ҳусайнга танбеҳ бериб, «Одамлар тафсир ривоятларида ўта беэътибор бўлиб, мункар, мавзу ривоятларни тафсир китоблари таркибига

киритиб юборишди. Сен бундай қилмагин», деди.

Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Сен бирор қавмга ақллари етмайдиган сўзни айтар экансан, бу уларнинг баъзиларига албатта фитна бўлади», деди».

Шарҳ:

Бирор қавм олдида ҳадис айтмоқчи бўлсанг, уларнинг ақлига мос гапларни гапиргин. Шунингдек, мажлисдаги инсонларнинг лаёқатига ҳам эътибор бергин. Акс ҳолда, ҳидоят ўрнига залолатни тарқатиб қўясан. Умуман олганда, инсонларга панд-насиҳат қилаётганда ёки бирор оятни тафсир қилаётганда мажлисдаги иштирокчиларнинг савиясига мос гапларни гапириш лозим. Акс ҳолда одамлар тушуниб-тушунмай Аллоҳ ва Унинг Расулининг гапини ёлғонга чиқариб кўйишади. Умуман олганда, доимо инсонларнинг савиясига қараб гапириш лозим.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан