Савол: Мен дорихонада ишлайман. Дори олиш учун келадиган кўпчилик мижозлар: "Мана бу дори яхши тузатадими?" "Яхши тузатадиган доридан беринг" деган гапларни ишлатишади. Менимча, бу ширк бўлмоқда (Аллоҳ асрасин). Шу каби ҳолатларда қандай йўл тутайлик?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. "Бу дори мени тузатади" дейиш ширк ҳисобланмайди. Балки дори касалликни тузатишда восита бўлиши назарда тутилади. Аслида, касалликларни ёлғиз Аллоҳ таоло тузатишини ҳамма билади. Бу каби ҳолат Қуръони каримда ҳам келган. Масалан, Аллоҳ таолонинг Узи ўлим фариштасига жон олиш феълини нисбат бериб:
«Айтинг: "Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингиз ҳузурига қайтарилурсиз", деган (Сажда сураси, 11-оят).
Ваҳоланки, аслида ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг феъли ҳисобланади. Ўлим фариштаси эса худди дардни тузалишида дори восита бўлгани каби бир воситачи, холос. Валлоҳу аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан