loader
Foto

Павел Дуровга 12 хил айблов қўйилди

Франция прокуратураси Теlegram асосчиси Павел Дуровнинг ўтган шанба куни Парижда ҳибсга олиниши юзасидан матбуот баёнотини эълон қилди. Унда айтилишича, Дуров бир қатор жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, тергов доирасида сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда BBC ёзган.

Париж прокуратураси Павел Дуровга қарши 12 та мумкин бўлган айбловларни санаб ўтди, жумладан, ҳокимиятга маълумот беришдан бош тортиш, фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлик, болалар порнографиясида иштирок этиш, кибержиноятлар, пул ювиш ва ҳ.к.

Прокуратуранинг маълум қилишича, 8 июль куни очилган иш Кибержиноятчиликка қарши кураш маркази ва Фирибгарликка қарши миллий бюро (ONAF) томонидан тергов қилинмоқда.

Дуровни ҳибсда сақлаш муддати 28 августда тугайди.

— Қамоққа олиш муддати тергов судьяси томонидан 25 август куни узайтирилган ва уюшган жиноятчилик билан боғлиқ жиноятларга нисбатан қўлланиладиган тартибни ҳисобга олган ҳолда 96 соатгача (яъни 28 августгача) давом этиши мумкин, — дейилади хабарда.

Франция президенти Эммануэль Макрон душанба куни Дуровнинг ҳибсга олиниши “сиёсий қарор” эмаслигини айтди.

— Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин Франция ҳақидаги ёлғон маълумотларни ўқияпман. Франция ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сўз ва мулоқот, инновация ва тадбиркорлик эркинлигига рухсат берди. Шундай бўлиб қолади, — деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.

Бу шанба кунидан бери Франция расмийларининг биринчи расмий баёноти эди.

25 август куни Дуров Францияда Ле-Бурже аэропортида қўлга олингани маълум бўлди. Дуров шанба куни Бокудан Францияга шахсий самолётда учиб келган.

Прокуратура маълумотларига кўра, бу воқеа кечки соат 8 да содир бўлган.