loader
Foto

Исмоилоғачилар: Бир жамоанинг анатомияси

Ҳалижда, моторли қайиқда денгиз устида юрганда, бошимизни Фанар маҳалласи томон қаратишимиз билан турли тарихий бинолар диққатимизни тортмоқда. Қирғоқда, тўлиқ темирдан ясалган Православ Свети Стефан черкови бор.

Унинг устки қисмида қизил ғиштлари билан Фанар Руҳий ўрта мактаби ва лицейи кўзга ташланади. Бундан сал юқорироққа қараганда, узун ва баланд бетон конструкцияли бино кўринади.

Исмоилоға жамоасининг "маркази" ана шу ўқув курслари жойлашган Чоршанба маҳалласида жойлашган. Хусусан, 1990-йилларда оммавий ахборот воситалари эътиборида бўлган бу маҳалла, бугунги кунда ҳам исломий-консерватив аҳамиятини сақлаб келмоқда.

Кўчалардаги эркакларнинг аксарияти сарпо ва чопон кийган бўлиб, аёллар эса қора чодирли. Шунингдек, қиз болаларнинг катта қисми ҳам ҳижобда. Бу ерда жамоанинг "юраги" бўлган Исмоилоға масжидининг минорасида муаззиннинг баланд азон айтаётганини кўриш мумкин.

Маҳалланинг масжидларидаги фаолият нафақат жума намозлари билан чекланмайди. Атрофдаги кўп қаватли уйларнинг пастки қисмида турли ҳажмдаги Қуръон курслари мавжуд. Тикув ва кийим дўконлари ҳам шу ерга хос кийим-кечак учун хизмат кўрсатади. Китоб дўконларида асосан диний нашрлар, Necip Fazıl Kısakürek каби ёзувчиларнинг китоблари ёки Султон Абдулҳамид II каби тарихий шахслар ҳақидаги асарлар мавжуд.

Бу манзара Исмоилоға жамоаси билан боғлиқ турмуш тарзининг ташқи кўринишидир. Аммо, тез-тез мамлакат кун тартибига келаётган Исмоилоғанинг ташқи кўриниши ортида қандай тузилма бор?



Жамоа қандай пайдо бўлган?

Исмоилоға жамоаси, Нақшбандия тариқатининг Халидия йўналишидаги бир жамоадир. Унга Трабзоннинг Уф туманида туғилган диний олим Маҳмуд Устосмонўғли асос солган. Устосмонўғли, Али Ҳайдар Эфенди номи билан танилган "шейхнинг" тарбиясида бўлган. 1954 йилда Чоршанба маҳалласининг Исмоилоға масжидида имомлик қила бошлаган.

Шунингдек, Исломий ҳаракатлардан бири бўлган Искандар Паша жамоасининг пешвоси Меҳмед Зоҳид Қутқу билан ҳам яқин муносабатда бўлган. Устосмонўғлининг Исмоилоға масжидидаги фаолиятлари орқали шаклланган бу жамоа йиллар давомида ўсди. Бугунги кунда ҳам жамоанинг институционал тузилмаси Исмоилоға илм ва хизмат фондининг марказида, яъни бу масжид мажмуасида жойлашган.



Секуляр "давлатчи" қарашлар

Баъзи кишиларга кўра, Исмоилоға жамоаси турли сиёсий даврларда давлат (сарой) билан яқин алоқалар ўрнатган диний тузилма ҳисобланади. Исломшунос Иҳсон Шенжак, Исмоилоға жамоасига яқин бўлган Ҳукм нашрлари томонидан нашр этилган "Қишдаги Баҳор: Маҳмуд Эфенди ҳазратлари" китобида, "Халидия йўналиши ўсмонийлар даврида айирмачи ҳаракатларни самарасиз ҳолга келтириб, гўёки ўсмоний давлатининг умрини узайтирган," деб ёзади ва "Халидия йўналиши ўсмонийлар ҳудудларида миллат-давлат бирлигини таъминлашда цемент вазифасини бажарган," дея таъкидлайди.

Шенжак шунингдек, "Халидия шайхлари ўсмонийлардаги ислоҳот даврларида давлат ва сиёсат билан яқин муносабат ўрнатганларини, жон туркларга қарши иккинчи Султон Абдулҳамидни қўллаб-қувватлаганини" ҳам таъкидлайди.

Исмоилоғага тегишли Аҳиска нашриёти томонидан нашр этилган "Маҳмуд Эфенди ҳазратларининг ҳаёти" номли китобда, 12 сентябрь 1980 йилги давлат тўнтаришидан сўнг Устосмонўғлининг баъзи суд ишлари билан тўқнаш келган даврлар ҳақида "У давлат билан ҳеч қачон қарама-қарши келмайди" деган шарҳ берилган.

Китобда шунингдек, 12 сентябрдан кейинги давр ҳақида, "1980 йилги тўнтаришда Исмоилоға мадрасаси расмий мақом олган ва Қуръон курси сифатида очилган эди" деган ибора ҳам бор.

Маҳмуд Устосмонўғли ва Исмоилоға жамоаси: "Маҳалладаги яшил камар" лойиҳаси

Айрим таҳлилчиларга кўра, Фанар Руҳий Патриархиясига яқин жойлашганлиги сабабли, Исмоилоға жамоасига "махсус бир вазифа" берилган, деб ҳисобланади. Баъзилар буни "маҳалладаги яшил камар лойиҳаси" деб ҳам аташади.

Социолог ва академик Ирфон Ўзет ўзининг Фотих-Бошакшеҳир: Муҳофазакаор маҳаллада ҳокимият ва ўзгарувчи ҳабитус* китобида бу ҳақда шундай дейди:

"Исмоилоғани Туркиядаги жамоалардан ажратиб турувчи жиҳатлардан бири, унинг маҳаллий аҳоли ва Сунний-Исломий аҳамиятга эга кенг доиралар томонидан тикланган 'гео-сиёсий вазифасидадир. Бу вазифа Патриархия билан Туркия Республикаси тарихи давомида ривожланган ташвишлар атрофида шаклланган. Фатихдаги кўплаб муҳофазакорлар Исмоилоғанинг бу ҳудуддаги мавжудлигини хавфсизлик клапани деб билишади".

Чоршанба маҳалласи ва Исмоилоға жамоаси

Чоршанба маҳалласидаги Исломий кимлик, Фанар-Балатдаги ғайримусулмон ва секуляр муҳитга қарши бир "чегара" сифатида қабул қилинади. Жамоанинг ўзига хос кийиниш тарзи ҳам, унинг фарқли хусусиятларидан биридир. Чоршанбага хос бўлган ушбу кийиниш тарзи, бутун Туркия бўйлаб кенгайиб бормоқда. Жамоа ҳозирда нафақат Истанбул, балки мамлакатнинг Карс, Мармара, ички Анадолу ва Қораденгиз ҳудудларида ҳам фаолият юритади.

Жамоа доирасидаги диний таълим ҳам ўзига хос тартибга эга: бу таълим Қуръон, араб тили ва махсус мадраса курсларини ўз ичига олади. Жамоада фаолият олиб бораётган турли фондлар ёрдам ишлари, таълим лойиҳалари ва бошқа ижтимоий фаолиятларни амалга оширадилар.



Сиёсий алоқалар

Исмоилоға жамоаси, тарихан ўзини сиёсий жараёнлардан четда тутиб келган бўлса-да, турли сиёсий партиялар билан яқин алоқаларни сақлаб келган. Жамоа кўплаб ўнг қанот партиялар билан боғланган бўлиб, сўнгги йилларда Туркиянинг ҳозирги ҳукумати билан ҳам яқин ҳамкорликни сақлаб келмоқда.

Жамоа 15 июль 2016 йилдаги давлат тўнтариши ҳаракатларига қарши туриб, Истанбулдаги Ватан кўчасидаги қарши туришларда иштирок этган. Шунингдек, Туркия ҳукумати томонидан амалга оширилган Сурия шимолидаги операцияларни ҳам қўллаб-қувватлаган. 2022 йилда жамоа раҳбари Маҳмуд Устосмонўғлининг дафн маросимида президент Режеп Таййип Эрдоған ҳам иштирок этиб, уни "илм ва ҳикмат соҳиби бўлган олим" деб ёдга олди.



Ички низолар ва келажак

2022 йилда Маҳмуд Устосмонўғлининг вафотидан сўнг жамоанинг келажаги ҳақида саволлар туғилди. Унинг ўлимидан кейин ўғли Аҳмад Устосмонўғли янги раҳбар сифатида Ҳасан Қилични белгилади, аммо Қиличнинг ҳам вафотидан сўнг жамоа раҳбарлигига Аҳмад Фикрий Доған тайинланди. Бу ҳолат жамоадаги ички рақобат ва ҳокимият курашларини янада кучайтирган кўринади.

Жамоа айни пайтда ўз нуфузини сақлаб қолиш учун ўзига хос таълим ва ижтимоий фаолиятлар билан ҳам Туркияда, ҳам халқаро миқёсда ҳаракат қилишда давом этмоқда. (Ўзбекистонлик бир маргинал мулла ёрдамида Ўзбекистонга ҳам  таъсирни ўтказмоқчи).

Турк матбуоти асосида Абу Муслим тайёрлади