loader
Foto

"Ипотека пуфаги": бу нима ва у нималарга олиб келиши мумкин?

Россиядаги ипотека бозорида "пуфак" аломатлари кўрина бошлагани ҳақида Миллий рейтинг агентлиги раҳбари Алина Розенцвет маълум қилди. У бу ҳолатни мамлакатда имтиёзли ипотека дастурининг узайтирилиши ва кўчмас мулк нархининг тушиши билан боғлади.



"Ипотека пуфаги" нима? У қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Ва агар пуфак ёрилса, нима қилиш керак? Банки.ру таҳлилчилари жавоб беришмоқда.



"Ипотека пуфаги" нима?



"Ипотека пуфаги" — бу ипотека бозоридаги шундай ҳолатки, унда ипотека кредитларининг тез суръатда ўсиши, қарздорликнинг ортишига, юқори хавфли қарз олувчилар улушининг ўсишига, ипотека қимматли қоғозлари ва банк гаровларининг қийматсизланишига, кўчмас мулк нархларининг тушишига ва, натижада, ипотека бозори ҳамда умумий кўчмас мулк бозорининг қулашига олиб келади.



"Ипотека пуфаги"нинг моҳияти шундаки, қарз олувчилар ўз кредитларини ўзлари тўлай олмайдилар, ҳатто гаровга қўйилган кўчмас мулкни сотиш орқали ҳам. Объектлар қиймати пасайгани учун бундай ҳолатлар қанча кўп бўлса, "пуфак" шунчалик кенгроқ бўлади ва унинг "портлаши" шунчалик катта бўлади.



Нега 2023 йилда Россияда "ипотека пуфаги" ҳақида гапира бошлашди?



Экспертлар ипотека пуфаги хавфининг пайдо бўлишини мамлакатдаги имтиёзли ипотека дастурларининг узайтирилиши ва кўчмас мулк нархларининг пасайиши билан боғлашмоқда.



"Ҳозирги вазият турли имтиёзли дастурлар ва енгилликларни амалга оширишга ёрдам бермайди, чунки аҳолининг ҳақиқий даромадлари ошмайди, инфляция анча юқори даражада, бу эса қурилиш харажатлари ва квадрат метр нархига таъсир кўрсатади", — деди Миллий рейтинг агентлиги раҳбари Алина Розенцвет "Известия"га берган интервьюсида.



Унинг сўзларига кўра, нархлар тушаётган секторларда уй-жой сотиб олишни рағбатлантирувчи ҳар қандай дастурлар қарз олувчиларнинг кредит тўловларидан бош тортишига олиб келиши мумкин. Бу айниқса кам миқдордаги дастлабки тўловлар билан амалга ошириладиган дастурларга тааллуқли.



"Агар бу талаб етарлича юқори даражада сақланса — 20–30% даражасида — 'пуфак' хавфи камаяди. Агар пастроқ тўловлар ёки бу миқдорни сунъий равишда пасайтириш схемалари, шу жумладан истеъмол кредитлари орқали қўлланилса, бу уй-жой харидорлари томонидан дефолт ёки тўлов қобилиятсизлигини келтириб чиқариши мумкин", — огоҳлантирди Розенцвет.



Банки.ру таҳлилчиси Вадим Тихонов Россияда ҳозирча "ипотека пуфаги"нинг кўп аломатлари йўқ деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, бозор узоқ вақт давомида ипотека бум ҳолатида бўлиши, кейин эса кескин ўзгаришга учраши ва яна бироз вақт давомида кредит қиймати, кўчмас мулк нархи ва аҳоли даромадларининг динамикаси ўртасида мувозанатсизлик ҳолатида бўлиши керак.



"Бу пасьянснинг мувофиқ келиши учун уй-жой нархларининг сезиларли пасайиши керак, аммо 2023 йилда бу кутилмаяпти. Эҳтимол, айрим ҳудудларда вазият бошқаларга қараганда бироз ёмон бўлиши мумкин, аммо у қадар танқидий эмас", — деди Вадим Тихонов.



"Ипотека пуфаги" қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?



"Ипотека пуфаги"нинг мисоли сифатида 2007 йилдаги АҚШдаги ипотека бозоридаги вазиятни кўрсатиш мумкин. Банклар фоиз ставкаларини узоқ вақт паст даражада ушлаб туришди ва ипотека бўйича дастлабки тўловга қўйиладиган талабларни юмшатдилар. Мамлакатда ўзгарувчан фоиз ставкалари бўлган дастурлар ривожланди ва кўчмас мулк бозори қулади. Бу АҚШ ва дунёда кенг кўламли иқтисодий инқирозга олиб келди.



"АҚШда бир неча омиллар бир вақтда содир бўлди: паст ставкалар, ипотека кредитлари бумлари, паст кредит рейтингга эга қарз олувчиларга катта миқдорда кредитлар берилиши, қурилишнинг ўсиши ва уй-жой нархларининг тушиши, — дейди Вадим Тихонов. — Бу бир ёки икки йил давом этмаган, албатта. Кейинги бир неча йил давомида АҚШ учун кескин бўлган ФРС ставкаси (Россия Банк марказий ставкасига ўхшаш инструмент) оширилди, уй-жойга бўлган талаб тушиб кетди ва, албатта, ипотека қарздорларининг даромадлари ҳамда тўлов қобилияти камайди".



Қарз олувчилар кредитларини қоплай олмаган, банклар эса қарздорларнинг гаровга қўйилган кўчмас мулкларини уларнинг қарзларини қоплайдиган нархда сотиш имконига эга бўлмаганларини таҳлилчи тушунтириб ўтди.



"Россияда ҳозирча бу каби омиллар мос келмаган. Албатта, уй-жой нархларининг катта даражада тушиши шу каби вазиятга олиб келиши мумкин, лекин 2023 йилга шундай қайғули прогнозлар йўқ. Ипотека кредити бумлари ҳам АҚШдаги 2000-йиллардаги даражада эмас, — деди Вадим Тихонов. — Лекин қайд этиш керакки, ҳозир ҳар қандай прогнозлар иқтисодиётда вазиятни кескин ўзгартирадиган кучли сиёсий шоклар бўлмаслигидан келиб чиқиб қилиш мумкин".

Абу Муслим тайёрлади