Молдова Бош вазири Дорин Речан Россия олдида ҳеч қандай қарз мавжуд эмаслигини маълум қилди ва "Газпром" томонидан газ етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги эълонни кескин қоралади.
Расмий Кишинёв Москва ультиматумига жавоб қайтарди: маълум қилинишича, Россиянинг "Газпром" монополисти Кремлнинг тўғридан-тўғри буйруғига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб Молдовага газ етказиб беришни тўхтатишини эълон қилди. Бу қарорни улар Молдованинг мавжуд шартнома бўйича "тўлов мажбуриятларини бажармаганлиги" билан изоҳлади.
Бунга жавобан, Молдова Республикаси Бош вазири Дорин Речан мамлакат ҳудудидаги "Газпром" активларини миллийлаштиришни режалаштираётганини эълон қилди. Бу жараён доирасида Россия газ монополисти томонидан бошқариладиган "Молдовагаз" компаниясининг назорат пакетини давлат тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган. Бош вазир юстиция вазири Вероника Михайлов-Мораруга мазкур жараён учун зарур қонунчилик базасини тайёрлашни топширди.
Шунингдек, Речан Россия томонидан 2025 йил 1 январдан газ етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги қарорга қаттиқ эътироз билдирди ва буни иқтисодий шантаж сифатида баҳолади. У Москванинг Молдова олдидаги "қарз" ҳақидаги даъволарини рад этиб, қуйидагича таъкидлади:
"Халқаро аудит ҳеч қандай қарз мавжуд эмаслигини кўрсатди... Биз бу вазиятдан чиқиб кетамиз, чунки олдин ҳам Россиянинг энергетик шантажига бардош берганмиз", — деди ҳукумат раҳбари.
Энди Кишинёв миллий қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритади, бу орқали "Газпром" активларини миллийлаштириш мумкин бўлади.
"Қолаверса, бу объектлар аввал биздан мажбуран олиб қўйилган эди, энди биз уларни давлат мулки сифатида қайтаришимиз керак", — деб таъкидлади Дорин Речан.