loader
Foto

Рамазон Бутий қўллаб келган золим Асад режими йирик миқдорда наркотик савдоси билан шуғулланган

Башар Асад режими 2024 йил декабрида ағдарилиши Суриянинг каптагон ишлаб чиқариш бўйича энг йирик давлатга айланганини кўрсатиб берди. Янги ҳукумат бутун минтақанинг хавфсизлигига таҳдид солаётган наркотик савдосига қарши курашни фаол бошлади.



  Башар Асад режими ағдарилиши ва Суриядаги наркотик савдоси  



Сурияда Башар Асад режими 2024 йил декабрида ағдарилиши мамлакатдаги яширин ҳолатларни ошкор қилди. Улар орасида ноқонуний наркотик савдоси алоҳида ўрин тутади. Асадлар оиласининг бошқаруви даврида Сурия каптагон номли амфетаминга ўхшаш наркотик ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик давлатга айланди. Бу модда ағдарилган режим учун энг муҳим даромад манбаига айланган эди.



Сиёсий инқироз ва халқаро санкциялар билан қўзғатиладиган наркотик савдоси нафақат иқтисодий устунга айланди, балки қўшни давлатларга босим ўтказиш ва фуқаролик уруши даврида ҳокимиятни сақлаб қолиш воситаси бўлди. Бу жиноий фаолият бутун минтақанинг хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатди.



  Каптагоннинг тарихи ва таъсири  



Каптагон 1960-йилларда Германияда фенетиллин номи билан нарколепсия, депрессия ва диққат етишмовчилиги синдромини даволаш учун ишлаб чиқилган. Амфетаминдан фарқли ўлароқ, фенетиллин камроқ ножўя таъсирларга эга бўлиб, ҳатто юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга ҳам тавсия этилар эди.



Препарат турли савдо маркалари остида ишлаб чиқарилган, лекин энг машҳури «Каптагон» бренди бўлди. Унинг номи «капитан» ва «Пентагон» сўзларидан олинган.



Кейинчалик, каптагон тиббий мақсаддан ташқари узоқ вақт уйқусиз қолиш, фаолликни ошириш ва эйфория ҳиссини бериш учун ишлатила бошлади. Препарат спортчилар, ҳайдовчилар ва талабалар орасида оммалашди. У қўрқув ва ноқулайлик ҳиссини йўқотиб, инсонга чаққонлик ва тоқатсизлик туйғусини берди. Бу хусусиятлари уни айниқса жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганлар орасида машҳур қилди. Аммо бу препаратга бўлган боғлиқлик ва ундан келадиган жиддий салбий таъсирлар, жумладан, психозлар, тажовузкорлик ва жисмоний чарчаш, уни хавфли моддага айлантирди.



1986 йилга келиб, каптагон кўплаб давлатларда тақиқланган.



  Каптагон савдосининг кенгайиши  



1990-йилларда Болгария жиноий гуруҳлари каптагон ишлаб чиқаришни ноқонуний равишда бошлади. Унинг асосий ишлаб чиқариш маркази Ливандаги Бекаа водийси бўлиб, бу ерда маҳаллий наркокартеллар фаол иш олиб борди.



Башар Асад ҳокимиятга келганидан сўнг, каптагон Сурияда улкан наркотик саноатга айланди. Бу савдо давлат тузилмалари орқали бошқарилиб, мамлакатни «наркодавлат»га айлантирди.



  Давлат назоратидаги наркокартеллар  



Башар Асад режими ағдарилиши дунёга у томондан ўз фуқароларига нисбатан кўрсатилган шафқатсизликни кўрсатиб берди. Миллионлаб сурияликлар ноқонуний ҳибсга олинди, қамоқхоналарда қийноқларга дуч келди, тинч шаҳар ва қишлоқларга босқинлар уюштирилди, оммавий қатллар ва ғайриқонуний йўқолишлар содир бўлди. Минтақанинг энг даҳшатли воқеаларидан бири – Асад режими томонидан ўз фуқароларига қарши кимёвий қурол ишлатилиши бўлиб, бу минглаб тинч аҳоли, жумладан болалар ўлимига олиб келди.



Башар Асад оиласининг ҳукмронлиги давридаги энг ёмон ва аянчли жиҳатларидан бири наркотик савдосини режимнинг муҳим даромад манбаига айлантириши бўлди. Амфетаминга ўхшаш каптагон номи билан машҳур наркотик Асадларнинг хазинасига миллиардлаб доллар киритишда асосий экспорт товарга айланди.



  Суриянинг каптагон ишлаб чиқаришда етакчи мавқеи  



АҚШнинг хорижий активлар назорати идораси (OFAC) маълумотларига кўра, Сурия дунёдаги каптагон ишлаб чиқаришнинг 80% улушига эга бўлган "глобал етакчи" давлат ҳисобланади. Агар каптагоннинг жаҳон бозори йиллик 10 миллиард доллар даромад келтираётган бўлса, Башар Асад режими ушбу савдодан тахминан 2,4 миллиард доллар даромад олган, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб чорак қисмини ташкил этган. Каптагон контрабандасидан тушган даромад мамлакатнинг қонуний экспортидан анча ортиқ бўлган.



  2011 йил воқеалари ва наркотик савдосининг ўсиши  



Сурияда 2011 йилда юз берган воқеалар ва Ливандаги сиёсий-иқтисодий инқироз минтақада каптагон савдосининг кенгайишига катта таъсир кўрсатди. Фуқаролик уруши ва халқаро санкциялар натижасида нақд пул тақчиллигини ҳис қилган Асад режими наркотик ишлаб чиқаришни оширган. Шундай қилиб, каптагон Сурия ҳукумати учун асосий даромад манбаига айланди.



  Наркотиклардан тозалашга қаратилган янги сиёсат  



Суриядаги янги ҳукумат наркотик ишлаб чиқаришни тўхтатиш ниятида эканлигини эълон қилди. Янги амалий раҳбар Аҳмад аш-Шара Дамашққа келганида ва ғалаба нутқини сўзлаганида, Сурия наркотиклардан халос бўлишини аниқ таъкидлади.



8 декабрда Умавийлар масжидида қилган чиқишида, у Асад Сурияни "дунёнинг энг йирик каптагон фабрикаси"га айлантирганини айтди ва "бугун Сурия Аллоҳ таолонинг марҳамати билан тозаланмоқда" деб қўшимча қилди.



Асад режими ағдарилгандан кейин, янги ҳукумат Дамашқдаги Меззеҳ ҳарбий базаси, Латакиядаги автоулов савдоси фирмаси ва Думадаги чипс ишлаб чиқариш фабрикасини йўқ қилиш ишларини бошлади.



  Каптагон ишлаб чиқаришнинг давлат назоратида бўлиши  



Собиқ фабрика эгаларидан бири, 2018 йилда корхонасини Маҳир Асад (Башар Асаднинг укаси) одамлари эгаллаб олганини айтди. "Улар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни каптагон ишлаб чиқаришга айлантирди, бу эса Сурия болаларини ҳалок қилди ва Тўртинчи дивизияни қўллаб-қувватлади", деди у.



Шунингдек, Сурия армиясининг Тўртинчи дивизияси базаси наркотиклар сақлаш учун ишлатилгани аниқланди. Бу ерда наркотиклар фундук қутилари ва пойабзал товонларига жойлаштирилган ҳолда яширинган, шунингдек, рецепт билан сотиладиган дорилар ҳам бор эди. Базада ўғирланган шахсларга тегишли деб тахмин қилинган давлат рақамли фуқаролик машиналари наркотиклар ташиш учун ишлатилган.



  Иордания билан ҳамкорлик ва хавфсизлик чоралари  



Каптагон савдоси миллиардлаб доллар айланмасига эга бизнесга айланиб, Иордания билан чегара хавфсизлиги учун жиддий таҳдидга айланди. Иордания армияси 2023 йилдан бери Сурия ҳудудига бир неча бор ҳужум уюштирган. АҚШ манбаларига кўра, Иордания каптагон контрабандаси учун асосий транзит йўналишларидан бири ҳисобланади.



Яқинда Сурия ва Иордания чегарани муҳофаза қилиш ва қурол ҳамда наркотик контрабандасига қарши курашиш учун қўшма хавфсизлик қўмитасини тузишга келишиб олдилар. Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафадий: "Биз чегара хавфсизлиги ва наркотиклар таҳдиди бўйича келишувга эришдик", деди.



Сурия ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан ал-Шайбони Амманда бўлиб ўтган учрашувда наркотиклар контрабандаси эндиликда Иордания учун таҳдид бўлмаслигини айтди. "Суриядаги ўзгаришлар Иордания хавфсизлиги учун хавфни бартараф этди", деди у.



  Келажакдаги таҳдидлар ва янги ҳукуматнинг интилишлари  



Айрим таҳлилчилар ҳали ҳам Асад режими амалдорлари бошқа давлатларга қочиб, наркотрафик тармоқларини қайта тиклаши мумкинлигидан хавотирда. Бир неча ўн йиллар давомида давлат томонидан қўллаб-қувватланган бу жиноий бизнесни йўқ қилиш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.



Янги Сурия ҳукумати эса каптагон савдосига қарши самарали курашиш ва уни бутунлай йўқ қилиш қўшни давлатларнинг ишончини қозониш учун муҳим эканини тушунмоқда.