loader
Foto

Арабистон яримороли Ислом бешигига танланиши сири

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва у зот туғилиб ўсган Арабистон яримороли ҳақида сўз юритишдан один Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олам ичра айни маконда пайғамбар қилиб юборилишларини ва айнан араблар юртида Исломий даъват бошланишини тақозо қилган бир илоҳий ҳикматни ўрганиб чиқмоғимиз лозим. Буни баён этишдан олдин аввало арабларнинг ўзига хос фази-латларини ва Ислом келишидан олдинги хулқ-атворларини ўрганишимиз, улар яшаётган маконнинг жуғрофиясини яхши билишимиз ҳамда шу билан бир қаторда ўша пайтдаги форс, рум, юнон ва ҳинд каби бошқа халкдарнинг урф-одатларини, маданияти қандай ҳолатда эканини тасаввур қилишимиз лозим бўлади. Шунинг учун келинг, мавзуимизни Ислом келишидан бир оз олдин Арабистон яримороли атрофида яшаган бошқа халқларнинг турмуш тарзлари билан қисқача танишувдан бошлайлик.

Уша пайтда икки давлат - қудратли форс ва рум давлатларидан кейинги ўринда юнонлар ва ҳиндлар турар эди. Форсларнинг аксарияти, хусусан, уларнинг ҳокимлари зардуштий - оташпараст эдилар. Уларнинг фалсафий ва ахлоқий таназзули шу даражага етган эдики, масалан, киши ўз онасига, қизига ёки синглисига уйланиши мумкин ва буни ўзларича афзал, деб билишарди. Шунинг учун милодий бешинчи асрнинг ўрталарида форсларга ҳукмдорлик қилган Яздажирд ўз қизига уйланган. Бу улардаги хулқий инқирознинг бир жиҳати бўлиб, ундан бошқаларини келтиришга ҳожат йўқ. Яна форслар маздакийя динига ҳам эътиқод қилишарди. Имом Шаҳристонийнинг сўзларига қараганда, эркак ва аёл бир-бирига никоҳсиз ҳалол ва мол-мулклар ҳам худди сув каби барчанинг ўртасида муштарак деган бузуқ қарашга чақирар, табиийки, бу баъзи бир ҳавойи нафсига эргашган ва фаҳми бузуқлар томонидан бажонидил қабул қилинган эди.

Румликларда мустамлакачилик руҳи ҳукм суриб, бир томондан ўзаро диний ихтилоф, ик-кинчи томондан Шом билан Миср насронийлари ўртасидаги низолар гирдобига шўнғиган эди. Ўзларининг ҳарбий қудратидан кўнгиллари тўқ бўлса-да, ахлоқий таназзулга ғарқ бўлишда форслардан қолишмас эди. Яъни, бу давлат ҳаётига беҳаёлик, тубанлик ва иқтисодий зулм ўз ҳукмини ўтказиб бўлган эди. Юнонлар эса, оғзаки афсона ва хурофотлар дарёсига ғарқ бўлган эдилар. Яна шуни унутмаслик керакки, мазкур давлатларни тубанлик, бахтсизлик ва маънавий инқирозга моддиюнлик асосига қурилган маданият ва тараққиёт йўлиқтирди. Яъни, улар орасида мана шу маданиятни, замонавий маъмурчиликни яхши ишларга йўналтирадиган, тўғри йўлга соладиган юксак мафкуралари, донишманд йўлбошчилари мавжуд эмасди. Зеро, маданият аҳлининг тўғри тафаккури ва саҳиҳ ғояси бўлмаса, бундай "маданият" уларнинг қўлида бахтсизлик ва беқарорлик чоҳига қулатувчи воситадан бошқасига ярамайди. Аммо ўша тараққиёт аҳлига Оллоҳ томонидан рашид ақл ато қилинган бўлса, қайси жабҳада тараққиёт бўлишидан қатъи назар, маданият комил саодатга элтувчи воситага айланади.

Ниҳоят, Арабистон яриморолининг ўша вақтдаги ҳаётига назар солсак, юқорида айтилган бошбошдоқликлардан йироқ ва сокин ҳолатда эди. Яъни, бу минтақа аҳли хулқий инқирозга сабаб бўлган форсларнинг маданияти ва уларни ҳаддидан оширган фаровон ҳаётдан узоқда, румликлар каби ўз атрофидагиларга зўравонлик қўлини кўтарадиган ҳарбий туғёнга тушмаган ёки юнонлар каби афсона ва хурофотлар қурбонига айлантирувчи даҳанаки жанг ва фалсафадан "бебаҳра" эдилар. Уларнинг табиатлари худди ҳали бўялмаган матога ўхшарди. Яъни, уларга вафо, саховат, ибо, иффат каби соғлом инсоний фазилатлар рангини берсангиз, дарҳол ўзларига қабул қилишлари тайин эди. Фақат уларни мана шу инсоний қадриятларга йўллаб қўядиган биргина маърифат етишмас эди. Улар жаҳолатнинг жуда қоронғи зулматида ўз йўлларини йўқотган эдилар. Масалан, шараф, иффатни сақлаймиз, деб ўз қизларини тириклайин кўмишар, саховатпеша бўлиш мақсадида мол-мулкларни беҳудага совуришар, ориятли ва ҳамиятли бўлганликлари сабаб андак нарса устида ўзаро жангу жадал бошланиб кетарди. Оллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини адашиш ва залолат деб сифатлаган: "... гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангизда...". Бундай сифат ўша пайтдаги бошқа миллатлар аҳволига нисбатан олганда, арабларни айблашга эмас, балки маъзур тутишга далолат қилади. Чунки ўша пайтдаги ажамлар (араб бўлмаган элатлар) тараққиёт ва маданият машъаласи орқали тўғри йўл топиш ҳаракати натижасида кўриб, билиб туриб фасод ботқоғига ботиб ётарди. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Арабистон яримороли жуғрофий жиҳатдан айтиб ўтилган давлат ва элатларнинг ўртасида жойлашган эди. Ислом келишидан аввалги Арабистон яриморолидаги араблар аҳволи билан атрофидаги миллатларнинг аҳволи тўғрисида тасаввурга эга бўлишимиз орқали бир ҳикматдан воқиф бўламиз. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг туғилиш жойи ва ваҳий макони бўлиш бахтига айнан Арабистон ярим ороли тан-ланиши ҳамда бутун инсониятни Ислом динига даъват қилиш маёғини оламга кўтарган биринчи миллат, айнан араблар бўлишини тақозо қилган илоҳий ҳикматни англашга муваффақ бўламиз.

Маълумки, Оллоҳ таоло Байтул Ҳаромни инсонлар учун зиёратгоҳ, тинч жой ва Оллоҳга ибодат қилинадиган биринчи Уй қилиб қўйди. Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг даъватинп ҳам мана шу водий юзага чиқарди. Демак, бу муборак макон отамиз Иброҳимнинг дини Исломга бешик бўлиши, у зотнинг наслидан бўлган Охирги Пайғамбар ҳам айни жойда туғилиб, ўша жойда пайғамбарлик ваҳийсини олишига табиий ҳол деб қараш керак. Арабистон жуғрофий жиҳатдан Ер юзининг қоқ марказида жойлашгани бу даъват юкини кўтаришни янада осонлаштирган. Яъни, атрофдаги турли элат ва давлатларга Исломий даъватнинг ёйилишига айни шу ерда қулай шароит мавжуд эди. Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Хулафойи Рошидинлар замонидаги Исломий даъват қай даражада олиб борилганини китоблардан мутолаа қилсангиз, фикримизнинг тасдиғини топасиз.

Шайх Рамазон Бутийнинг

"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси