Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбат чоғида қироллик АҚШга тўрт йил ичида 600 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
"Валиаҳд шаҳзода (Трампга – таҳр.) қиролликнинг келгуси тўрт йил ичида АҚШ билан инвестиция ва савдони 600 миллиард АҚШ долларига ва эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ миқдорга кенгайтириш ниятини тасдиқлади", – дейилади Saudi Press Agency хабарномасида.
Хабарга кўра, икки давлат етакчилари Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилиб, Яқин Шарқда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка кўмаклашиш ҳамда терроризмга қарши курашда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратдилар.
Шунингдек, етакчилар турли соҳаларда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдилар.