Рамазон — фақат рўза тутиладиган ой эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган руҳий янгиланиш, синов ва раҳмат вақтидир. У қалбни тозаловчи, дунёвий ташвишлар ифлосини кетказувчи ва ҳар бир инсоннинг ҳақиқий фитратини намоён этувчи фильтр кабидир. Бу муборак ой — мусулмоннинг бутун ҳаётининг кичик бир аксидир, унда унинг устуворликлари, ниятлари ва интилишлари кўринади. Лекин биз Аллоҳ таоло ҳузурида қандай ҳолатда эканимизни қандай англай оламиз? Биз иймонимизда қай даражада ихлосли эканимизни қандай аниқлаймиз? Бу саволнинг жавоби шундаки: ушбу ойда нима билан бандмиз, қаердамиз ва вақтимизни кимлар билан ўтказмоқдамиз...
Ҳамд Аллоҳ таолога, Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Ўз нафсимизнинг ёмонлигидан ва ёмон амалларимиздан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Кимки Аллоҳ таоло ҳидоят қилса, уни ҳеч ким залолатга кетказа олмайди. Кимки У залолатда қолдирса, уни ҳеч ким тўғри йўлга бошлай олмайди. Гувоҳлик берамизки, Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад — Унинг қули ва расулидир. Сўнгра:
Рамазон ойи — Ислом тақвимидаги оддий ойлардан бири эмас. Бу Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга ўзини чуқурроқ англаш, қалбини гуноҳлардан поклаш ва Унга яқинлашиш имкони берилган ноёб вақтдир. Бу муборак ойни инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи ойна деб қараш мумкин. Агар инсон ушбу ойни муносиб ўтказа олмаса, қолган ҳаётида ҳам тўғри йўлда бўлиши қийин бўлади.
Рамазон — қалбдан ортиқча, кераксиз ва зарарли нарсаларни саралаб ташлайдиган фильтрга ўхшатилади. Бу вақтда мусулмон ўз руҳий ҳолати, фикр ва амаллари ҳақида ўйлаб кўриши лозим. Рамазондаги рўза (саум) — фақат овқат ва ичимликдан тийилиш эмас, балки руҳни ифлословчи ҳар қандай нарсадан: ёлғон, ғайбат, ҳасад, ғазаб ва бошқа иллатлардан ҳам воз кечишдир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга рўза фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». (Бақара сураси, 183-оят)
Ушбу оят рўзанинг мақсади — тақвога эришиш эканини таъкидлайди. Яъни инсон Аллоҳ таолони доимо ёдида тутиб, Унга рози бўлишга интиладиган ҳолатга эришишдир.
Рамазонни ҳаётнинг миниатюрасига қиёслаш мумкин. У ўз ичига кундалик ҳаётимизнинг барча жиҳатларини олади: ибодат, меҳнат, мулоқот, бошқаларга ёрдам ва ҳоказо… Лекин бу ойда ҳар бир жиҳат Аллоҳ таолонинг баракалари сабабли янада кучайган бўлади. Масалан, Қуръон тиловати маъноли-ҳислироқ бўлади, намоз ва дуолар ихлослироқ, амаллар эса қимматлироқ бўлади. Агар бир инсон Рамазонда ўз ҳаётини тўғри тартибга сола олмаса, бу унинг бошқа ойларда ҳам заифлигини кўрсатади. Рамазон — иймон, сабр ва руҳий кучнинг синовидир. Агар бир мусулмон бу синовдан ўта олмаса, у ҳолда Аллоҳ таоло йил давомида юборган синовларга тайёрми ёки йўқми, деб ўйлаб кўриши лозим.
Инсон ўзининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳолатини қандай аниқлай олади?
Инсон Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳолатини тушуниши учун Рамазон ойини қандай ўтказаётганига қараши етарли. Ушбу муборак ойда нималар билан бандмиз? Бизнинг кун ва кечаларимиз қандай амаллар билан тўлган? Атофимизда қандай инсонлар бор? Бу саволларга жавоб бериш орқали биз қайси йўлда эканимизни тушуниб етишимиз мумкин.
Агар Аллоҳ таоло сизни Қуръон ўқиш билан машғул қилган бўлса…
Рамазонда Қуръон ўқиш — энг улуғ амаллардан биридир. Қуръон — Аллоҳ таолонинг каломидир, ва кимки Қуръон билан вақт ўтказса, у ўз Яратувчисига яқинлашади. Агар сиз сезсангизки, тилларингиз Қуръонни ўқишга ўрганяпти, қалбингиз эса унинг оятларидан нур оляпти — бу яхши аломат. Демак, Аллоҳ таоло сизга ҳақиқат йўлини кўрсатмоқда.
Агар сиз ўз ҳаётингиз ҳақида тафаккурда бўлсангиз…
Рамазон — ўз-ўзини ҳисобга тортиш вақтидир. Агар сиз амалларингиз, мақсадларингиз, ҳаётингизни қандай ўтказаётганингиз ҳақида ўйлаяпсизми, демак, қалбингиз тирик ва Аллоҳ таоло ҳидоятига очиқ. Ҳаёт ҳақида тафаккур қилиш инсонга ҳақиқий аҳамиятли нарсалар билан беасос дунёвий зийнатларни фарқлашга ёрдам беради.
Агар сиз дуо қилиб, мағфират сўраётган бўлсангиз…
Дуо — мўминнинг қуроли. Агар сиз Рамазон ойида кўп дуо қилсангиз, Аллоҳ таолодан мағфират, ёрдам ва ҳидоят сўрасангиз, бу сиз Аллоҳ таолога боғлиқ эканингизни англаётганингиздан далолатдир. Бу — тавозе ва ихлоснинг белгисидир.
Агар сиз бошқаларга ёрдам бераётган ва яхшиликка чорлаётган бўлсангиз…
Рамазон — меҳр-шафқат ва саховат ойидир. Агар сиз муҳтожларга ёрдам бериш, яқинларингизни қўллаб-қувватлаш, одамларни яхшиликка ундашга ҳаракат қилаётган бўлсангиз, демак, қалбингиз Аллоҳ таоло ва Унинг махлуқотига муҳаббат билан тўлган. Бу тўғри йўлда эканингизнинг аломатидир.
Агар сиз вақтинизни халватда ўтказаётган бўлсангиз…
Рамазонда халват — фақат жисманий яккалик эмас, балки Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиш имкониятидир. Агар сиз тинчликда ибодат қилиш, тафаккур қилиш, сукунатда қолишни истасангиз, демак, қалбингиз Аллоҳ таолога яқинлашишни истаяпти.
Агар атрофингизда тақводорлар бўлса…
Мухит мусулмон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Агар сиз Рамазонда сизга Аллоҳ таолони эслатувчи, сизни яхшиликка ундаувчи, сизнинг яхшироқ бўлишингизга ёрдам берувчи инсонлар билан бирга бўлсангиз, бу яхши аломатдир. Бундай одамлар — Аллоҳ таолонинг бир неъмати.
Хавфли аломатлар
Бироқ, ҳар ким ҳам Рамазонни Аллоҳ таоло талаб қилганидек ўтказа олмайди. Баъзи инсонлар бу ойда ҳам дунёвий ташвишларга чўмган ҳолда, унинг руҳий жиҳатини унутиб қўяди. Агар сиз қуйидаги аломатларни ўзингизда сезаётган бўлсангиз, бу — ҳаётингизни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўриш учун сабабдир.
Агар сиз фақат дунё ишлари билан банд бўлсангиз…
Агар Рамазонда фикрларингиз фақат кўпроқ пул топиш, дунёвий неъматларга эришиш ҳақида бўлса, бу сизнинг қалбингиз дунёга қаттиқ боғланганидан далолатдир. Эсда тутинг: бу дунё ҳаёти — фақат вақтинчалик манзил, ҳақиқий ҳаёт эса абадий ҳаётдир.
Агар тилингиз ғайбат ва беҳуда сўзлар билан банд бўлса…
Агар сиз Рамазонда тилингизни ғайбатдан, бошқаларни муҳокама қилишдан, беҳуда сўзлардан тия олмаётган бўлсангиз, демак, қалбингиз ҳали покланмаган. Рўза — бу фақат еб-ичишдан тийилиш эмас, балки руҳга зарар етказувчи ҳар қандай нарсадан ҳам тийилишдир.
Агар сиз таровеҳ намозини ўқий олмаётган бўлсангиз…
Таровеҳ — Рамазонга хос бўлган махсус ибодатлардан. Агар сиз бу ибодатни енгилсанга олаётган бўлсангиз, бу қалбингиз Аллоҳ таолодан узоқ эканидан далолатдир. Ўзингизни яна ибодат йўлига қайтаришга ҳаракат қилинг.
Агар атрофингиздаги инсонлар сизга пастга қараб тортаётган бўлса…
Агар Рамазонда сиз билан бирга бўлган инсонлар ушбу ойга аҳамият бермайдиган, уни фақат еб-ичиш ва ухлаш имконияти деб биладиганлар бўлса, бу хавфли аломатдир. Бундай инсонлар сизга таъсир ўтказиб, Аллоҳдан узоқлаштириши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингизни тақводор мўминлар билан ўраб олинг. Агар дўстларингиз ёки ҳамкасбларингиз сизни ибодатдан чалғитаётган бўлса, ғайбатга, дунёвий гап-сўзларга тортаётган бўлса, бу сиз учун руҳий хавфдир. Рамазон — атрофдагилар билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва сизни яхшиликка бошлайдиганлар билан бирга бўлиш вақтидир.
Қалбнинг ҳалокати — бир зумда эмас, балки аста-секин ҳақиқатдан узоқлашиш билан бўлади.
Инсон беэътиборликка, дунёвий ҳаёт шовқин-суронига, беҳуда гап-сўзларга ўрганиб қолганда, унинг қалби аввал прах билан қопланади, сўнгрa занг босади, кейин эса мутлақо қотиб қолиши мумкин. Бундай инсон ибодатнинг ширинлигини ҳис қилмай қўяди, охират ҳаёти ҳақида қайғурмай қўяди, қалби эса зулмат билан тўлади.
Агар сиз Рамазонни беэътиборлик ичида ўтказаётганингизни англасангиз, агар атрофингизда иймондан узоқ одамлар бўлса, агар ибодат қилиш қийин бўлаётган бўлса — кечикманг! Аллоҳ таолодан мағфират сўранг, Ундан ўзгариш учун ёрдам сўранг. Чунки энг кўп ифлосланган қалб ҳам, агар инсон чин ихлос билан Аллоҳга қайтишни истаса, қайта тирилиши мумкин. Агар сиз ўзингизни хавфли ҳолатда эканлигингизни англаб етган бўлсангиз, руҳдан тушманг. Аллоҳ таоло Унга ихлос билан қайтганларни доимо мағфират қилишга тайёр. Аллоҳ таоло ҳузурида ўз хатоларингизни тан олинг ва Ундан мағфират тиланг. Атрофингизни солиҳ инсонлар билан алмаштиринг, улар сизга яхшиликка илҳом беради.
Рамазон — ҳаётингизни яхшилик сари ўзгартириш учун бебаҳо имконият.
Ушбу ой бизни ўз фикрларимиз, сўзларимиз ва амалларимизга эътиборлироқ бўлишга ўргатади. У бизга Аллоҳга қай даражада яқинлигимизни ва ниятларимиз қанчалик ихлосли эканини англашга ёрдам беради. Агар биз бу вақтдан тўғри фойдалансак, Аллоҳ ҳузурида баланд даражаларга етишимиз мумкин. Лекин агар биз бу ойни беэътибор ўтказсак, руҳимизни йўқотиб қўйиш хавфи бор.
Рамазон — бу ҳаётингизни ўзгартириш, қалбингизни поклаш ва Аллоҳга яқинлашиш вақти.
Бу вақтда инсон ўзини қандай эканлигини англай олади. Агар сиз Аллоҳ таоло ҳузурида қандай аҳволда эканингизни билишни истасангиз, Рамазонни қандай ўтказаётганингизга қаранг. Қойилмақом рўзадорлик, руҳий ўсиш, қалб поклиги ва Аллоҳга яқинлик сари интилиш учун бу ой сиз учун имконият бўлсин. Ва Аллоҳ таоло биз барчамизни яхшироқ ва лойиқ инсонлар қилсин! Келинг, ушбу муборак вақтдан фойдаланайлик — қалбларимизни поклайлик, иймонимизни мустаҳкамлайлик ва Аллоҳ таолога яқинлашайлик. Аллоҳ таоло бизнинг саъй-ҳаракатларимизни қабул қилсин ва бизларни тўғри йўлга бошласин. Омин!
Абу Муслим тайёрлади