loader
Foto

Эрдўғанчилар намойишчиларни «террористлар ва экстремистлар» деб атади

Туркия президенти маъмуриятининг коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахреттин Алтун ҳибсга олинган Истанбул шаҳар ҳокими Акром Имамўғлуни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган кенг кўламли намойишларни изоҳлар экан, шундай деди: «Турли экстремистлар, террористик ташкилотлар ва радикал гуруҳларнинг аъзолари ёки тарафдорлари сафарбар бўлишга уринишмоқда».

«Ҳозирги вақтда жиддий айбловлар асосида мустақил суд органлари томонидан коррупция бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Қонуний жараённи бузиш ва сиёсий фойда олиш мақсадида вандализм ва зўравонликка шароит яратиш жамоат тартибини бузади ва ижтимоий тинчликка путур етказади. Давлат муассасаларига қарши масъулиятсиз ва провокацион чақириқлар орқали жамоатчиликни манипуляция қилиш зўравонлик ва қонунсизликни рағбатлантиради.

Бундай чақириқлар адолатли суд жараёнларига аралашиш уринишларидир; бу адолат излаш эмас, балки қонунга босим ўтказиш истагидир. Биз кўрмоқдамизки, турли экстремистлар, террористик ташкилотлар ва радикал гуруҳларнинг аъзолари ёки тарафдорлари бу кўча чақириқларига жавобан сафарбар бўлишга уринишмоқда.

Биз рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқларни ҳужум майдони, хаос манбаи ва ижтимоий ноустуворликни яратиш воситаси сифатида қабул қилувчи тафаккурга дуч келмоқдамиз», – деди Алтун.

Туркия пойтахти Анқара губернаторлиги шаҳарда намойиш ва митинглар ўтказишга бўлган тақиқни 1 апрелгача узайтирди. Илгариги тақиқ 25 мартгача амал қилар эди.

«26 март соат 00:00 дан 1 апрел соат 23:59 гача ҳар қандай намойиш ва митингларни ўтказиш тақиқланиши тўғрисида қарор қабул қилинди», – дейилади губернаторликнинг ижтимоий тармоқдаги «Х» саҳифасидаги баёнотида.

Истанбул шаҳар ҳокими, мухолифатдаги Халқ Республика партияси (CHP) аъзоси Акром Имамўғлуни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилаётган намойишлар ўтган ҳафтадан бери Анқара, Истанбул, Измир ва бошқа бир қатор шаҳарларда давом этмоқда.

Абу Муслим