loader
Foto

Язидга байъат қилиниш

Дейилишича, шу йилнинг Ражаб (апрал-май) ойида Язидга отасининг вафотидан кейин халифа сифатида байъат қилинди. Бу ҳақдаги ихтилофли фикрлар аввал зикр қилинган эди.  Язид ҳукмронликка келганида Мадина валиси Муовиянинг жияни Валид ибн Утба ибн Абу Суфён, Макка валиси Амр ибн Саид ибн Ос, Басра валиси Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Куфа валиси Нуъмон ибн Башир эди. Язиднинг қўлидан Муовияга байъат қилмаганлардан байъат олишдан бошқа чораси йўқ эди. У Валидга хат ёзиб, Муовиянинг вафот этганини хабар қилди. У билан бирга кичик хат ҳам юбориб, унда шундай ёзди: “Энди сен Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Умар ва Ибн аз-Зубайрни ўзингга байъат қилмагунча босим қилиб мажбурлайсан. Бу борада ҳеч қандай кўз юмилмайди. Вассалом.”

Валид Муовиянинг вафоти ҳақидаги хабарни олгач, жуда ғамга ботди ва бу воқеадан қаттиқ таъсирланди. Марвон ибн Ҳакамга хабар юбориб, уни ҳузурига чақирди. Марвон Валиддан аввал Мадина вали эди. Валид Мадинага вали бўлгач, Марвон у ёнига мажбур бўлиб келарди. Валид унинг бу ҳолатини кўриб, дўстлари олдида Марвон ҳақида камситувчи сўзлар гапирган эди. Марвон буни эшитгач, умуман Валиднинг ҳузурига келмай қўйди ва бу ҳолат Муовиянинг вафоти ҳақидаги хабар келгунича давом этди. Валид Муовиянинг вафоти ва мазкур зотларнинг байъатини олиш билан вазифалантирилгандан кейин Марвонни ҳузурига чақирди. Язиднинг Муовия вафот этганини хабар қилувчи мактубини ўқиб эшитгач, Марвон: “Инна лиллаҳ…” деди ва унга раҳмат тилади. Кейин Валид ундан қандай иш тутиш кераклиги ҳақида фикр сўради. Марвон шундай деди:

«Менингча, уларни ҳозир чақириб, байъат қилишларини талаб қилишинг тўғри бўлади. Агар байъат қилсалар, қабул қиласан ва уларга ҳеч нарса қилмайсан. Агар рад этсалар, Муовиянинг вафотини эшитиб улгурмасдан, уларнинг гарданларини ол. Чунки агар Муовия вафот этганини билиб қолишса, ҳар бири бир томонда чиқиб, очиқдан-очиқ мухолифлик қилиб, одамларни ўзларига байъат қилишга чақиришади. Менимча, Ибн Умар уриш тарафдори эмас, одамлар бошига ўтишни ҳам хоҳламайди. Фақат унинг зиммасига бу иш мажбурий бўлиб тушмаса ёки ўз-ўзидан унга берилмаса, у бу ишни қабул қилмайди.»

Шундан сўнг Валида ҳали ёш Абдуллоҳ ибн Умар ибн Усмонни Ҳусайн ва Ибн аз-Зубайрни чақириш учун юборди. Абдуллоҳ уларнинг масжидда ўтирганларини кўрди. Улар ёнига келганида, Валид одатда бошқаларни қабул қилиш учун ўтирмайдиган бир соат эди. Абдуллоҳ икковига: «Амир сизни чақиряпти, келинглар», деди. Иккови ҳам: «Ҳозир сен кет, биз келамиз», деб жавоб беришди.

Ибн аз-Зубайр Ҳусайнга: «Бошқалар билан ўтириш одати бўлмаган шундай бир пайтда нима деб сени чақиртирди, деб ўйлайсан?» деб сўради. Ҳусайн: «Менимча, уларнинг азғунларидан бири ўлган, у эса бу хабар омма ичида тарқалишидан олдин бизни байъат қилишга мажбур қилиш учун чақирган», деди. Ибн аз-Зубайр: «Мен ҳам бошқа сабаб билан деб ўйламайман. Нима қилишни истайсан?» деди. Шунда Ҳусайн: «Мен ҳозир йигитларимни олиб унинг ҳузурига бораман, уларни эшикда қолдириб, ўзим ичкарига кираман», деди. Ибн аз-Зубайр: «Агар сен унинг ҳузурига кирсан, у сени ўлдиришидан қўрқаман», деди. Ҳусайн унга: «Мен ўзимни ҳимоя қила оладиган ҳолатда бўлмасам, унинг ҳузурига кирмайман», деб жавоб берди.

Кейин Ҳусайн улар ёнидан чиқиб, дўстларини ва оила аъзоларини йиғиб, Валид эшигига келди. Дўстларига: «Ҳозир мен ичкарига кираман. Агар сизларни чақирсам ёки овозимни баланд қилсам, ҳаммангиз ичкари киринглар. Акс ҳолда, мен сизлар ёнингизга чиқмагунча жойингиздан қимиланманглар», деб васият қилди. Кейин ичкари кириб, уларга салом берди. Марвон ҳам у ерда эди. Буни кўрган Ҳазрати Ҳусайн: «Қариндошлик алоқаларини сақлаш, уларни узишдан яхшидир. Тинчлик фитнадан яхшидир. Ҳозир бирлашиш вақти. Аллоҳ ораларингизни ислоҳ қилсин», деди ва ўтирди. Кейин Валид унга мактубни ўқитди, Муовиянинг вафоти ҳақида хабар берди ва ундан байъат қилишини сўради. Бунинг устига Ҳазрати Ҳусайн: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб Муовияга Аллоҳдан раҳмат тилаб шундай деди: «Байъатга келсак, мен каби бир киши яширинча байъат қилмайди ва ундан яширинча байъат билан кифояланиши ҳам сўралмайди. Агар сен одамлар олдига чиқиб, уларни байъатга чақирсан, бизларни ҳам улар билан бирга чақирсан, у ҳолда бирор фарқ бўлмайди.» Шунда нохушликни ёқтирмайдиган Валид унга: «Кетавер», деди. Бу пайт Марвон унга: «Агар у ҳозир сендан байъат қилмасдан кетса, ораларингда кўп одамлар ўлдирилмагунча сен бундай имкониятни яна топа олмайсан. Уни ушлаб қол ва қамоққа ташла. Агар байъат қилса – яхши, қилмаса – бўйнини ур», деди. Ҳазрати Ҳусайн унга: «Зарқо ўғли! Мени сен ўлдирасанми ёки уми? Аллоҳга қасамки, сен ёлғон гапиряпсан ва жуда ҳам пасткашлик қиляпсан», деди ва ўрнидан туриб, уйига қайтди.

Кейин Марвон Валидга: «Мен айтган нарсани қилмадинг. Аллоҳга қасамки, бунга ўхшаш имконият сени энди қайтиб топмайди», деди. Валид эса унга: «Бошқаларни асра, эй Марвон! Аллоҳга қасамки, Қуёш устида чиқиб ботадиган дунёдаги барча мол-мулк менинг бўлса ҳам, “мен байъат қилмайман” дегани учун Ҳусайнни ўлдиришни хоҳламайман. Аллоҳга қасамки, мен Ҳусайннинг қони туфайли ҳисоб-китоб қилинган бир киши Қиёмат кунида тарозиси енгил келади, деб ишонаман», деди. «Тўғри айтдинг», деб унинг гапини четлатди, лекин у бундай фикрдан хурсанд бўлмади.

Ибн аз-Зубайрга келсак, у: «Ҳозир келаман», деб уйига кетди ва у ерда пинҳон бўлди. Кейин Валид унга хабар юборганда, у дўстларини йиғиб, ўзини ҳимояга олганини кўрди. Валид унга қайта-қайта талаб қилганда, Ибн аз-Зубайр: «Менга муҳлат беринг», дерди. Шундан сўнг Валид ўз яқин кишиларини унга юборди. Улар Абдуллоҳга ҳақорат қилиб: «Эй Жоҳилият ўғли! Ё Амир ҳузурига борасан, ёки сени ўлдирамиз», деб таҳдид қилишди. Шунда Абдуллоҳ шундай деди: «Аллоҳга қасамки, у қайта-қайта хабар юборганидан мен шубҳаланяпман. Шошманг, Амир ҳузурига бир одам юбориб, у қандай фикрда эканини аниқлаб келмагунча менга муҳлат беринглар.»

Кейин Абдуллоҳ Вали ҳузурига укаси Жаъфар ибн аз-Зубайрни юборди. Жаъфар Валидга шундай деди: «Аллоҳ сенга раҳмат қилсин. Сен Абдуллоҳни қўявер, чунки сен уни қўрқитиб ва безовта қилиб қўйдинг. Иншааллоҳ у эрта сенинг ҳузурингга келади. Шунинг учун элчиларингга хабар бер, кетсинлар.» Валид шундан сўнг элчиларига хабар бериб, улар кетишди. Абдуллоҳ эса ўша кеча укаси Жаъфар билан бирга Фуръ йўли орқали Маккага йўл олди. Валид уни ушлаш учун одамлар юборди, лекин улар етиб боролмасдан қайтишди. Шу кеча Абдуллоҳ билан машғул бўлганларидан Ҳазрати Ҳусайн билан шуғулланолмадилар. Кейин Ҳазрати Ҳусайнга одам юборди. Ҳазрати Ҳусайн уларга: «Қўя туринглар, эрта бўлсин, шундан сўнг ўз фикрингизни бажарасизлар. Бизнинг ҳам бир фикримиз бўлар», деди. Бу сўзидан кейин улар унинг ёнидан чиқиб кетишди.

Ҳазрати Ҳусайн ҳам ўша кеча йўлга тушди. Абдуллоҳ ундан бир кеча олдин йўлга чиққан эди. Ҳазрати Ҳусайн фарзандларини, ака-укаларини, уларнинг фарзандларини ва оила аъзоларининг катта қисмини ўзи билан олган эди. Лекин Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия у билан бормаган ва унга шундай деган эди: «Эй ака! Сен мен учун энг севимли ва энг азиз кишисан. Барча махлуқот ичида холис маслаҳат берадиган кимса сифатида сендан муносиброқ инсон йўқ. Қўлингдан келганича Язидга байъат қилишдан ва шаҳарлардан узоқ тур. Элончиларингни одамлар ичра юбор, уларни сенга байъат қилишга чақир. Агар улар сенга байъат қилсалар – Аллоҳга ҳамд бўлсин; агар бошқа кишига йиғилсалар, Аллоҳ сенинг диндорлигингга ҳам, ақлингга ҳам нуқсон қилмас, сенинг мардлигинг ва фазлинг ҳам йўқолмас. Мен сен борган шаҳарда у ердагиларнинг парокандаликка учрашидан қўрқаман. Уларнинг баъзилари сен билан бўлса, бошқалари сенга қарши бўлишлари мумкин. Шунда улар бир-бири билан уришар ва сен биринчи қурбон бўласан. Шундай қилиб, бутун бу умматнинг ўзидан, отаси ва онаси томондан энг афзали бўлган бир зотнинг қони йўқолади, оиласи ва қариндошлари хор бўлиб қолади.»

Шунда Ҳазрати Ҳусайн унга: «У ҳолда қаерга борай, эй ака?» деди. Муҳаммад унга: «Маккага бор. Агар у ерда ўзингни хотиржам топсан – йўлингда давом эт. Агар у ер ҳам сендан юз ўгирса, чўл ва тоғларга паноҳ топ, одамлар ишларининг нимада тугашини ва қандай қарор чиқаражакларини кузат, бир жойдан иккинчисига кўчиб юр. Чунки сен ишлар мураккаблашганда тўғри фикр ва қатъиятли қарор чиқарадиган инсонсан. Агар ишни ташлаб қайтсан, бу сафар ўша пайтдагидан ҳам оғирроқ муаммоларга дуч келасан», деди.

Ҳазрати Ҳусайн унга: «Эй ака, сен менга жуда ҳам тўғри маслаҳат бердинг ва менга нисбатан катта шафқат кўрсатдинг. Сенинг фикринг тўғри ва Аллоҳнинг изни билан муваффақ бўлишини умид қиламан», деди ва масжидга кирди.

Ҳазрати Ҳусайн Маккага кетиш учун жўнаб кетганда, қуйидаги оятни ўқиди: «У (Мусо) қўрққан ҳолда атрофга назар ташлаб, у шаҳардан чиқди.» (Қасас, 28:21) Маккага етиб борганида эса: «Мадян томон юзланди.» (Қасас, 28:22) оятини тиловат қилди.

Кейин Валид Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳга байъат қилишни буюриб одам юборди. Абдуллоҳ эса: «Ҳамма байъат қилса, мен ҳам байъат қиламан», деб жавоб берди. Улар ҳам унга тегишмади, чунки ундан қўрқишмасди.

Денилишича, Ибн Умар билан Ибн Аббос Маккада бўлишарди. Улар Мадинага қайтишганда Ҳазрати Ҳусайн ва Ибн аз-Зубайрга дуч келишди. Ибн Умар билан Ибн Аббос улардан: «Янгиликлар қандай?» деб сўрашди. Ҳазрати Ҳусайн билан Ибн аз-Зубайр эса: «Муовиянинг вафоти ва Язидга байъат» деб жавоб беришди. Шунда Ибн Умар: «Мусулмонларнинг бирлигини бузманглар», деб Ибн Аббос билан бирга Мадинага кириб боришди. Ҳамма байъат қилгач, улар ҳам байъат қилишди.

Ибн аз-Зубайр Маккага етиб келганида Макка вали Амр ибн Саид эди. Абдуллоҳ Маккага келгач: «Мен Байтуллоҳга паноҳ топаман», деди. Абдуллоҳ улар билан бирга намоз ўқимас ва ҳаж қилмасди. У ўз ҳамроҳлари билан алоҳида жойда турарди.

Ибни Асирнинг "Ал-комил фит-тарих" асаридан

Абу Муслим таржимаси