loader
Foto

Телбалик устуворлиги

Солиштиришни давом этамиз. 30-йиллар ўртасидан бошлаб АҚШ ва уларнинг ғарбий ҳамкорлари хатарни кўра туриб, унга қарши кескин сиёсат юритмагандилар.  Лекин у вақтда ҳеч бўлмаса,  дод-вой солиб турган Черчилл бор эди. Ҳозир у каби сиёсатчининг сояси ҳам кўринмайди. Сталин немислар фюрери билан ўртоқ бўлиб олганини эсланг. 41-йил ёз куни тонгигача “Гитлер ҳужум қилмайди, чунки у икки фронтга уруш очадиган ахмоқ эмас” деб соддаларча ишониб қолган эди. Гитлер учун эса кутилмаслик эффекти энг асосий қурол бўлиб келган.



Дарҳақиқат, нацистлар ва уларнинг иттифоқчилари ўзларини худди эсини еган маняклардек тутишар эди. Бирин-кетин мутлақо мантиқсиз кўринган тарафларга ҳужум қилиб уруш очаверар эдилар. Черчилл бундай сиёсатга аниқ баҳо берган: “телбалик баъзан ҳарбий устуворликни таъминлайди”. Хитой ҳукумати Шарқий Туркистон ва бошқа ҳудудларида мусулмонлар, туркийларга қилаётган зуғуми телбаликдан дарак эмасми?

Фалажли вазият

Менимча, ҳозирги Хитой ҳукумати телбалик ҳолатининг энг дастлабки босқичида. Унга қарши майда мамлакатларнинг алоҳида бўлиб ўчакиши самарасиз бўлиб кўриниши ёки ортиқча ҳаракат зўравоннинг ғазабини қўзғатиб юборади,  деган нарса бутун жаҳонни фалаж ҳолатда ушлаб турибди. Иккала хавотирга асос бор, лекин шу билан бирга, бошқаларнинг доимий қўрқуви манякни журъатлироқ қилади.

Қудратли давлатларнинг  “Хитойга қарши ўзларингни дадилроқ тутаверинглар!” дейишига ҳам ишонч йўқ. Кўрдик, катта зўравоннинг халқаро ҳуқуқлар ва шартномаларга тупуриб қўйиб, яқин қўшниларининг ерини тортиб олганда авваллари кафолат берган ўша қудратли давлатлар тайинли иш қилмадилар. Қудратли давлатлар ўзларининг ички ўйинлари билан овора. Вазият қуюшқондан чиқиб, хатар бевосита ўрин кўрпаларига яқинлашганда каллани деворга уриб ҳаракатни бошлайдилар. Унгача “бир гап бўлар”.

Минг афсуслар, иккинчи жаҳон уруши ўгитлари унутилган кўринади. Давлат суверинети баъзи ҳолларда мутлақ эмаслигини айтиб турилганда Югославия, Руанда, Судан, мана энди Шарқий Туркистон фожеалари авжига чиқишига йўл қўйилмасди. Бирон давлат ўзини телба маняк каби тутишни бошладими, у қанчалик “обрўли”, қудратли бўлмасин, унга зудлик билан чора кўриш керак эди. Геноцид каби жиноятлар содир бўлаётганда “давлатнинг ички ишлари” деган нарса четга сурилади. Бу ерда “ким чора кўриши керак?” деган мантиқли савол туғилади. Ахир бундай телбалик жаҳонда тартибни назорат қилиб турадиган БМТ  хавфсизлик кенгашининг “додахўжа” аъзо тарафидан бўляпти-ку?

АҚШни ҳамма яккахон “гегемон” деявериб, унинг ўзи ҳам халқаро можароларда қовун туширавериб “тили қисиқ” бўлиб қолган, авваламбор америка халқи олдида,  албатта. Трамп “биринчи ўринда Америка!” деган популистик шиорлар билан ташқи ишларни айқаш-уйқаш қилиб юборди.  Лекин АҚШ давлат тизими президентнинг инжиқликларини мувозанатлаб, яна ташқи хатарга жиддийроқ эътибор беришни бошлаган кўринади. Бунда, албатта,  биринчи ўринда ўзининг хавфсизлигини таъминлаш туради. Иккинчи ўринда яқин иттифоқчилари, учинчи ўринда бошқалар.  Хитой талвасаси учинчи ўриндагиларни еб тугатгунича АҚШ ўзини ва яқинларини ҳимоялаш устида кўпроқ ишлайди, яъни вақтдан унумли фойдаланишга эътибор беради.

Хавотирли яқин келажак

Тасаввур қилинг, маҳаллангизда бир қўшнингиз ўз уйдагиларини тинмай уриб, азоблаб турибди. Унинг уйи каттагина девор билан ўралган. Қўшнингиз тиш тирноғича қуролланган. Яқин келганини отади ёки сўйиб ташлайдиган аҳволда. Сиз нима қиласиз? Миршабни чақирмоқчи бўлсангиз, у йўқ, ёки ўз участкасида беркиниб олган. Биласизки,  у телбадан ҳар нарса кутиш мумкин. Бошқаларни билмадим-ку, лекин хавфсизлик чораларини максимал равишда кўришни бошлаган бўлардим, қўлим остида бор нарса билан қуролланиб олган бўлар эдим. Энди тасаввур қилинг, у маняк қўшнининг юзлаб қуролланган шотирлари бор, уйингизни бузиб ташлай оладиган булдозерлари бор...

Мен бекорга иккинчи жаҳон уруши арафасидаги даврни эсламадим. Қўрқаманки,  вазият айнан шу сценарий бўйича кетяпти. Телбалик устуворлигини Хитой албатта бир кунмас бир кун қўллаб юборади.  У ҳеч ким кутмаган вақтда, ҳеч ким ўйламаган жойда, ҳеч ким билмаган усул билан зарба беради.  Ўшанда халқ жамоатчилиги ва маърифатли жаҳон ҳамжамияти ўзига келгунича байроқлар ранги ўзгаришга  улгурган бўлади.

Атрофда-теваракда зўравон изғиган, “шериф” эса узоқда бўлган вақтда Ўзбекистон нима қилиши керак? Менимча ўзбек зиёли жамоатчилигининг инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий муаммолари қаторида ушбу мақолада қўйилган саволга жавоблар ва ечимлар ҳақида ўйлашса яхши бўлар эди. Ўйлашимча, Ўзбекистоннинг келажаги мустаҳкам давлат тизими, энг илғор теҳнологик қуроллар ва кўникмалар билан жиҳозланган армия ҳамда эркин ва онгли жамоатчилик билан бўлиши керак, чунки уйғоқ ва кучли халқни телба аждарҳолару  алвастилар енга олмайди.

Жамшид Муслимов