loader
Foto

Блумберг: Эрон ракета зарбалари Исроилга 3 миллиард доллар зарар етказди

Блумберг нашрининг ёзишича, Исроил Молия вазирлиги ва Солиқ бошқармаси эълон қилган маълумотларга кўра, Эроннинг ракета ҳужумларидан етказилган зарар мисли кўрилмаган даражада 3 миллиард долларга етган. Ҳафта давомида тақдим этилган бу баҳолар қурол-яроғ ва ҲҲМ тизимларини алмаштириш харажатларини ҳисобга олмайди, бу эса якуний сумманинг сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин.

Исроил Солиқ бошқармаси бош директори Шай Ааронович: "Бу биз дуч келган энг катта муаммо. Исроил тарихида бундай зарар ҳеч қачон бўлмаган", деди.

Молия вазири Бецалел Смотричнинг сўзларига кўра, урушнинг умумий қиймати 12 миллиард долларга етиши мумкин. Исроил банки раҳбари Амир Ярон Блумберг ТВга берган интервьюсида бу суммани камтарроқ – тахминан икки баравар камроқ баҳолади. Аммо бундай юк ҳам аллақачон 20 ойлик кескин можародан заифлашган иқтисодиёт учун жиддий муаммо бўлмоқда.

Уруш 13 июндан бошлаб 12 кун давом этди, ўшанда Исроил биринчи марта Эрон ҳудудига зарба берган эди. Эрон томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида 28 исроиллик ҳалок бўлди, 1300 дан ортиқ киши жароҳат олди. Эрон томони 627 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Мақолада таъкидланишича, "Исроил, дунёдаги энг илғор ҲҲМ тизимларидан бирига эга бўлишига қарамай, ракеталарнинг тахминан 10-15%ини қайтара олмади".

Можаро пайтида Исроил иқтисодиёти деярли тўлиқ тўхтаб қолди – мактаблар ва корхоналар, муҳимларидан ташқари, ёпилди. Давлат бизнесга 5 миллиард шекелгача товон тўлашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу 2023 йил октябрь ойидаги ҲАМАС ҳужумларидан кейин тўланган суммадан икки баравар кўпдир.

Экспертлар бунчалик юқори йўқотишларнинг иккита асосий сабабини келтиради:

•    Аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги нишонлар. Агар аввалги можароларда асосан шимол ва жанубдаги қишлоқ жамоалари зарар кўрган бўлса, энди зарбалар Исроил марказидаги шаҳарларга, жумладан, мамлакат аҳолисининг қарийб ярми яшайдиган Тель-Авив ва унинг атрофига берилди.

•    Эрон ракеталарининг қуввати. Кўплаб ракеталар 500 кг гача портловчи моддаларни ўз ичига олган ва парчаланувчи жанговар каллаклар билан жиҳозланган эди. Исроилнинг фикрича, можародан олдин Эронда 2000-2500 га яқин бундай ракеталар мавжуд эди.

Абу Муслим (профессор)

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР