loader
Foto

Макиавелли ва мусулмон мамлакатлари: Сиёсий реализм ва шарқ сиёсий тафаккури ўртасидаги муқоёса

Никколо Макиавелли (1469–1527) — Итальян Ренессанси даврининг етук сиёсий мутафаккири ҳисобланади. Унинг энг машҳур асари «Ҳукмдор» (Il Principe) давлат бошқаруви ва ҳокимиятни сақлаб қолиш борасида радикал ва реалистик ғоялари билан тарихга кирган. Макиавеллининг сиёсий фалсафаси реал ҳолатларга асосланган бўлиб, ҳокимнинг мақсадини ҳақиқатда амалга ошириш учун барча воситаларга мурожаат қилишини асосли деб ҳисоблайди. Унга кўра, яхши ҳоким — бу фақат яхши инсон эмас, балки ҳокимиятни сақлаб қолишни уддалайдиган шахсдир.

Мусулмон мамлакатларининг сиёсий тузилмаси эса асосан Қуръон, Суннат ва фиқҳ қоидалари асосида шаклланган. Исломий сиёсий тафаккурда ҳокимият Аллоҳнинг ояти сифатида қабул қилинади ва ҳар қандай ҳоким шариат ҳукмларига итоат қилиши шарт. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳар бирингиз масъулсиз ва ўз қўл остингиздагилар учун жавобгарасиз». Исломда ҳукмдорлик адолат ва омонат принципларига асосланиши керак.

Макиавеллининг таълимотига кўра, ҳокимиятни сақлаб қолиш асосий мақсад ҳисобланади. Агар шунга эришиш учун алдамчилик, куч, ҳатто зўравонлик керак бўлса, у ҳолда бундай воситалар оқланади. У ёзади: «Агар мақсад шунга арзиса, восита ҳар қандай бўлса ҳам оқланади». Шу нуқтаи назардан Макиавеллининг фалсафаси этикага эмас, самарадорликка асосланган.

Мусулмон мамлакатларида эса ҳар бир амал шариат мезони билан баҳоланади. Ҳоким давлатни куч билан эмас, адолат ва тақво билан бошқариши керак. Агар ҳоким шариатга қарши борса, у фосиқ ҳисобланади. Давлат тузилмаси шўро (маслаҳат), адолат, ва омонат каби асосларга таянган.

Бу икки ёндашув орасида кескин фарқлар бор. Макиавеллича ҳокимият инсон табиатининг кучли томонларига таянади ва унинг заифликларидан фойдаланишни ўргатади. Исломий фалсафа эса инсонни ахлоқий камолотга етказишни кўзлайди. Макиавелли ҳокимни халқни бошқариш учун ҳар қандай ролни ўйнаши мумкин деб билса, Исломда ҳоким халққа хизмат қилувчи имом, масъул шахс сифатида кўрилади.

Бироқ баъзи ҳолларда, мусулмон мамлакатлари тарихида ҳам Макиавеллича усуллар қўлланганини кўриш мумкин. Айрим султонлар, амирлар ва подшоҳлар ҳокимиятни сақлаш мақсадида ҳарбий куч, макр, сиёсий айёрликка мурожаат қилган. Бу ҳолатларда Макиавелли фалсафаси шарқда амалий шаклда намоён бўлган, ҳарчанд бу Исломий сиёсий принципларга зид бўлса-да.

Хулоса қилиб айтганда, Макиавелли сиёсатни дунёвий, прагматик ва реалистик ёндашувда таҳлил қилган. Унинг ғоялари Ғарб сиёсий фикрида инқилобий бурилиш ясаган. Мусулмон мамлакатларида эса сиёсий фикр илоҳий манбаларга асосланади, ҳокимият Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилинади. Макиавеллининг таълимоти мусулмон сиёсатшунослар учун танқидий таҳлил объекти сифатида муҳим ҳисобланиши мумкин, аммо унинг асосий принциплари Ислом сиёсий фалсафаси билан мос келмайди. Шу боис, бу икки тизим ўртасидаги фарқларни чуқур ўрганиш, ҳозирги замон сиёсий масалаларида юзага келаётган муаммоларни тушунишга ёрдам беради.

Ҳозирги замондаги диктатура ва мусулмон давлатлари: сиёсий реаллик ва мафкуравий зиддият

Ислом дини ўз моҳиятида адолат, шўро (маслаҳат), жавобгарлик ва раҳм-шафқат тамойилларига асосланади. Аммо ҳозирги мусулмон дунёсидаги кўплаб давлатлар диктатура ва автократик режимлар билан бошқарилади. Бу ҳолат шариатдаги ҳокимиятни омонат сифатида қабул қилиш принципига зид бўлиб, кўплаб сиёсий ва ижтимоий таназзулларни келтириб чиқармоқда.

1. Миср — президентлик диктатураси

Мисрда 2013 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳокимиятни куч билан эгаллади. Мамлакатда сўз эркинлиги, сиёсий мухолифат ва инсон ҳуқуқлари қаттиқ чекланган. Мисрда юзлаб исломий фаоллар қамалган ёки қатл қилинган. Ушбу режимда сиёсий тизим формал тарзда “демократик” кўринса-да, амалда у тўлиқ ҳарбий-диктатура ҳисобланади.

2. Саудия Арабистони — абсолют монархия

Исломнинг муқаддас замини бўлган Саудия Арабистонида мутлақ подшоҳлик ҳукмрон. Давлатда сиёсий партиялар, сайловлар ва мухолифат йўқ. Ҳокимият фақат Сауд сулоласи қўлида. Сўз эркинлиги қаттиқ назорат қилинади, танқид қилган фаоллар қамоққа ташланади ёки йўқ қилинади. Гарчи давлат шариат асосида бошқарилади деб эълон қилинган бўлса-да, амалда ҳокимият “илоҳий адолат” эмас, сулола манфаатлари асосида ишлайди.

3. Туркманистон — мутлоқ диктатура намунаси

Туркманистон расман исломий аҳолисига эга бўлган давлат бўлса-да, у бир неча ўн йилликлардан бери мутлоқ авторитар тузумда бошқариб келинмоқда. Президентлар тўлиқ шахсга сиғинишга асосланган режимлар қурган: Ниёзов ва сўнгра Бердимуҳаммедов. Давлатда барча мухолифатлар йўқ қилинган, матбуот тўлиқ цензурада.

4. Сурия — асрларча узайган диктатура

Сурияда Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асаддан буён диктатура амалда эди. Ҳокимият силсиласи сулолага айланган эди. Ҳукуматга қарши чиққан ҳар қандай куч зўравонлик билан йўқ қилинган. Миллионлаб одамлар ўлдирилган, миллионлар бошпанадан айрилган. Сиёсий эркинликлар нол даражада бўлган.

5. Ўзбекистон (советдан кейинги диктатуранинг шаклланиши)

1991–2016 йилларда Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда тўлиқ диктатура тузуми шаклланди. Барча мухолифат йўқ қилинди, диний фаолият қаттиқ назорат остига олинди, ва ҳатто намоз ўқиш, рўза тутиш каби ибодатлар ҳам таъқибда бўлди. Ҳозирги бошқарувда ислоҳотлар эълон қилинган...

Исломда ҳукмдорлик — жавобгарлик ва омонат, давлат эса халққа хизмат қилувчи тизим деб қаралади. Бироқ кўплаб мусулмон давлатларида ҳокимият якка шахс қўлида тўпланган ва у танқиддан юқорида турган мутлақ ҳукмдор сифатида намоён бўлади. Бундай диктатуралар кўпинча миллий хавфсизлик, “устувор тараққиёт”, “барқарорлик” ёки “динни, мазҳабни  ҳимоя қилиш” баҳонасида ўз зулмини оқлашга уринади. Аммо уларнинг сиёсий тузилмаси Исломнинг адолат ва омонат мезонларига зид экани шубҳасиз.

Шу сабабдан, мусулмон жамиятлар ҳокимиятни шариатга мос, масъулиятли, шўро асосида ташкил этиш ва диктатуранинг мафкуравий кўзбўйамачиликка қарши туриш вазифасини ўз олдига қўйиши лозим.

Абу Муслим

(профессор, сиёсий таҳлилчи)

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР