60 яшар Давутўғлу бош вазир лавозимини 2014 йилдан то Эрдўған билан уришиб қолган 2016 йилгача эгаллаб турган. У президентни ва АРП иқтисодий сиёсатини танқид қилиб, уларни асосий эркинликлар ва сўз эркинлигини чегаралашда айблаган.
Давутўғлуга яқин бўлган манбанинг айтишича, у пайшанба куни ички ишлар вазирлигига ўзининг янги партиясини шакллантириш учун мурожаат қилган ва бу ҳақида расман жума куни Анқарада матбуот анжуманида эълон қилиш ниятида. Манбанинг сўзларига кўра, у «Келажак партияси» деб аталади.
«Янги партия сиёсатга янгича ҳаёт бахш этади», - деди манба.
Сентябрда Давутўғлу ўзининг АРП дан чиқиши ҳақида маълум қилди ва туркия сиёсатида охирги 17 йил давомида ҳукмронлик қилган партия эндиликда мамлакатда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас ва ички баҳс-мунозарларга тўсқинлик қиляпти деб айтди.
Унинг истеъфоси чуқур қарама-қаршиликларни сабаб қилиб кўрсатган ҳолда, собиқ бош вазир ўринбосари Али Бобожон АРПни тарк этганидан икки ҳафта кейин рўй берганди. Ўтган ой Али Бобожон Туркия «қоронғу ер ости йўлида» турибди, деб айтди ва «якка ҳокимиятчилик» хавфидан огоҳлантирди.
Али Бобожон шунингдек, бир неча ҳафта ичида ўзининг сиёсий партияси ташкил қилингани ҳақида маълум қилади, деди унга яқин бўлган манба.
Бироқ, барча сўровлар шуни кўрсатадики, янги партиялар ва уларнинг раҳбарларини қўллаб-қувватлаш жуда паст. Бу шуни англатадики, улар Эрдўған ва АРП учун мустақил равишда катта муаммо бўла олмайди.
Бироқ, шу йил бошида Анқара ва Истанбулда мэр сайловларида мағлубиятдан сўнг, шунингдек, унинг сайловчилар базасини бузадиган иқтисодий қийинчиликлар туфайли, ҳатто озгина йўқотиш ҳам Эрдўғаннинг сиёсий мавқеига путур етказиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги миллий сайловлардан кейин Туркиядаги сиёсий партиялар йирик рақобатчи коалицияларига қўшилишди. АРП ва Миллиятчи Ҳаракат Партиясидаги миллатчи иттифоқчилари 53,7% овоз олиб парламентдаги кўпчиликни олдилар, Эрдўған эса президентлик сайловида 52,6% овоз билан ғалаба қозонди.
2023 йилгача янги сайловлар режалаштирилмаган, лекин мухолифатчи партияларнинг баёнот беришича, ҳукумат маҳаллий сайловларда мағлубиятдан сўнг уни қўллаб-қувватлаш қисқаришини кўрадиган бўлса, муддатидан олдин сайловларга қарор қилиши мумкин.
«Ўйлайманки, мухолифатчи партиялар бу икки партия шаклланганидан хурсанд, чунки бу президент сайловида Тойиб Эрдўғанни заифлаштиради», - деди Reuters агентлигига MetroPoll социология маркази раҳбари Озер Сенджар.
Сенджарнинг айтишича, Давутўғлу ва Бобожоннинг янги партиялари асосан бошқа мухолиф партиялар эмас, балки АРП дан ҳафсаласи пир бўлган сайловчиларининг овозларини олишади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, партиялардан бирортаси ҳам ўтмишда АРП ва Эрдўған билан боғлиқлиги сабабли Туркия сиёсатига катта ҳисса қўша олмайди.
"Бу ерда номаълум омиллар кўп", дея қўшимча қилди Сенджар. "Бир нарса аниқ: бу икки партиянинг шаклланиши Республика Халқ партиясига (РХП) ҳеч нарса қўшмайди, аммо энг муҳими, улар АРП учун йўқотишларга олиб келади."
Эътибор беринг, албатта, кўпчилик Давутўғлу ва Бобожонни консерватив электорат овозларини ажратишда айблашади, аммо ҳақиқат шундаки, бу овозлар аллақачон бўлиниб кетган. Уларнинг барчасини АРП учун овоз бериш масаласи энди йўқ. Биргина савол шундаки, электоратнинг кўнгли қолган қисми умуман сайлов участкаларига борадими ёки янги партиялар учун овоз берадими.