loader
Foto

Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида (6)

Бу ерда биз ўтмишда ҳам, ҳозирги пайтда ҳам динни тушунишда ҳаддан ошиш ва оғишларнинг асосий сабабини кўрсатишимиз керак ва бу ноаниқ,  икки хил маънони англатадиган матнларга риоя қилиб, аниқ ва равшан бўлган нарсаларни тарк этиш бўлиб қолмоқда. Буни ҳақиқий олимлар қилмайдилар - бу қалбларида оғиш бўлганларнинг иши: «Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади» (Оли Имрон, 7).

Икки хил маънони англатади деганда мен аниқ ва равшан маънога эга бўлмаган нарсани айтаман, аниқ (ҳақиқий) деб эса шубҳасиз ва маъноси аниқ бўлган нарсани айтаман.

Бидъатчи ва бузғунчилар ноаниқликларга эргашиб, «бойлиги»ни у билан тўлдириб, аниқ ва адолатли ҳукмдан юз ўгиришларини кўрмоқдамиз.

Бугунги экстремистларга қаранг, улар кўплаб муҳим тушунчаларни белгилашда шариатнинг икки хил маънони англатадиган матнларига суянганликларини кўрасиз, улардан одамлар ва жамият ҳақида жуда хавфли хулосалар чиқаради ва мулоҳаза қилади, улар билан дўстлик ёки душманлик, муҳаббат ёки нафрат каби алоқани белгилайди; уларни дўст бўлган мўминлар ёки улар билан урушаётган кофирлар деб ҳисоблайди.

Бу юзаки фикрлаш, ногахоний мулоҳазалар ва матнлардан мулоҳаза қилмасдан ва таққосламасдан хулоса чиқариш аниқ ва равшан нарсаларга эътиборсизлик ва ноаниқлик (икки хил маъно) ортидан эргашишдир. Бу ўтмишда хаварижлар гуруҳини уларга қарши бўлган барча мусулмонларни кофирликда айблашга ва Исломнинг буюк одами Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан жанг қилишга ундади, ваҳоланки, бир пайтлар улар ҳам унинг қўшини сафида аскар бўлишган. Улар Аллоҳ таолонинг динига ғаройиб айбловлар ва тахминларга, ғалати тушунчаларга асосланган эди.

Алий, Аллоҳ ундан рози бўлсин, мусулмонлар қони тўкилишининг олдини олиш ва ўз қўшини бирлигини сақлаш учун, Аллоҳ дини муҳитида ўсиб-улғайган уни Аллоҳнинг дини бўйича ҳукм қилгани учун диндан чиқишда айблаган бу ахмоқлар гуруҳи пайдо бўлганида, мухолифлар билан қарама-қаршилик ва низони ҳал қилиш учун оқилона йўл тутди. Улар Қуръондаги «Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир!» (Юсуф, 40) деган сўзларга таяниб, бир неча марта «Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир» сўзларини такрорларди.

Имом Алий розияллоҳу анҳу уларга ўзининг машҳур сўзлари билан жавоб қайтарди: «Ботил мақсадларда айтилган ҳақиқат сўзи».

Ҳукм қилишни фақат Аллоҳга қолдириш, дунёвий ҳукмда ҳам, шариат ҳукмида ҳам, раҳбарлик ва қонунчилик фақат Аллоҳникидир, лекин бу суд Аллоҳнинг қонунлари доирасида бўлган бир пайтда одам иккинчи даражали масалаларда ҳукм чиқара олмаслигини англатмайди, ҳолбуки.

Абдуллоҳ ибн Аббос бу кишиларга қарши чиққанида Аллоҳнинг Китобидан қуйидаги оятларни келтирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» (Нисо, 35).

Яна бир далил: «Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш...» (Моида, 95).

Кимки ҳақиқатни англашга ва уларни биргаликда кўриб чиқишга, шунингдек, алоҳида ва умумий ҳолларни таққослашга, инкор ва баёнотлар ўртасида келишув топишга, буларнинг барчасига ишонишга ҳаракат қилиб, Аллоҳ ва Расулни оятлар ва ҳадисларда етарлича тушунмаса ёки узоқ вақт давомида уларни чуқур ўрганмаса, бу ҳақида фақат яхшиликни ўйласа, у осонликча адашиши ва йўлни кўрмай, асосий мақсадни йўқотиши, гоҳ ғарбга ва гоҳ шарққа қараб юриши мумкин.

Ҳозирги даврда куфрда айблаганлар билан ҳам худди шундай бўлади. Бу ҳаддан ошишнинг асосий сабаби, Имом Шотибий айтганидек, шариатнинг мақсадларини билмаслик ва юзаки қарашларга асосланган ҳукмлардир. Бу чуқур билимдон одамдан келиб чиқиши мумкин эмас. Хаворижларга бир назар солинг: улар уриб туширилган илвасиндан чиққан ўк каби диндан чиқиб кетишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида айтадики: «Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас», яъни улар қалбларига етиб бориши учун унинг мазмунини тушуниб етмайди ва агарда уларнинг қалбига етиб бормаса, уни тушунмайдилар ва уларнинг ўқиши фақат ҳарфлар ва товушлар бўлиб қолаверади.

Ибн Аббос биз тўғри деб ҳисоблаган шарҳ берган.

Абу Убайд ўзининг «Фазоилул Қуръон» китобида ва Саид ибн Мансур ўзининг Қуръон тафсирида Иброҳим Таймийдан қуйидаги ҳадисни келтиради:

«Бир куни Умар ёлғиз ўтириб, ўзига ўзи шундай деди: «Агар бу умматнинг пайғамбари битта бўлса, қандай қилиб унда ихтилоф пайдо бўлиши мумкин?». У Ибн Аббосга одам юбориб, шу саволни берди. (Саид «ва китоби битта бўлса” деб қўшимча қилган).

Ибн Аббос шундай жавоб берди: «Эй мўминларнинг амири, бизга Қуръон нозил бўлди. Биз уни ўқир эдик ва унинг нозил бўлиш сабабини билар эдик. Аммо биздан кейинги Қуръонни ўқийдиган, аммо унинг қайси ояти қайси сабаб билан нозил бўлишини билмайдиган қавмлар келади, натижада ҳар бир қавмнинг ўз талқини бўлади. Шундай экан, ихтилоф бўлиши табиий».

Саид шундай деган: «Ҳар бир қавмнинг ўз талқини бўлса, уларда албатта ихтилоф бўлади. Ихтилоф бўлса, у ҳолда улар бир-бирлари билан урушадилар!»

Умар уни уришиб берди, Алийга ҳам танбеҳ берди, Ибн Аббос эса қайтиб кетди.

Кейинроқ Умар унинг сўзлари ҳақида ўйлаб кўргач, унинг нима демоқчи бўлганини тушуниб етди. Сўнг у яна Ибн Аббосга одам юбориб, «Айтганларингни яна бир марта қайтарчи», деди. У такрорлаган эди, Умар унинг мақсадини тушуниб, айтган гапига қойил қолди.

Буюк олим Шотибийнинг айтишича: «ибн Аббос (розиаллоҳу анху) айтган нарса – ҳақиқат, ахир, агар одам оят ёки сура нима учун нозил қилинганини билса, унинг шарҳи ва мақсадини билса, бу оятларни бузмайди, агар оятнинг мазмунини билмаса, турли қарашлар бўлиши мумкин ва ҳар бир киши уни ҳақиқатга олиб келадиган, мураккаб ҳолатлар гирдобига ўйланмасдан шўнғишдан ушлаб қоладиган етарлича билимларсиз, ўзининг шарҳ вариантини танлайди. Ва ҳеч қандай ҳақиқатни йўқ қилмайдиган тасодифий талқин қилишнинг ҳожати бўлмайди. Ахир, шариатнинг бу шарҳида бирон бир далил йўқ. Шундай қилиб, уларнинг ўзлари адашади ва бошқаларни йўлдан оздирадилар».

Буни Нафиадан ибн Умар хаворижлар ҳақида нима деб ўйлашини сўраган ибн Ваҳб Бакирдан келтирган мисол изоҳлайди. У жавоб беради: «Уларни Аллоҳнинг яратган мавжудотлар ичида энг ёмони деб ҳисоблайди, чунки улар мўминларга нисбатан кофирлар ҳақидаги оятни қўллай бошладилар». Саид ибн Жубайр бунга хурсанд бўлиб кетди ва деди: «Хаворижлар Аллоҳ таолонинг аниқ оятларидан бирига эргашдилар: «Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44) ва бошқа бир оят билан таққослайдилар: «…Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар» (Анъом, 1). Агар улар адолатсиз ҳукм чиқарадиган имомни кўрсалар: «У кофир бўлиб қолди, кофир бўлган шахс эса, Ўзининг худосига тенглаштирган ва ширк қилган шахсга айланади», - дедилар ва сен кўрганингдек, ушбу оятларнинг мазмунини нотўғри талқин қилгани сабабли уруш сўқмоғига чиқдилар». Ибн Аббос таъкидлаган ғоянинг мазмуни шундай ва бу Қуръон нозил қилинган ҳдисалар мазмунини билмасликдан келиб чиқади».

Олимлардан бири айтганидек: «ибн Умардан хаворижлар ҳақида сўрашганида у қуйидагича жавоб берган: «Улар мусулмонларни кофир дейдилар ва уларнинг қонини тўкиш ва мол-мулкларини олиш жоиз деб ҳисоблайдилар, идда пайтида аёлларга уйланадилар ва уларнинг розилиги билан эри бор аёлларга уйланадилар. Улардан кўра кўпроқ ўлимга лойиқ ҳеч кимни билмайман».

«Қуръондан Қуръон олма, менинг китобларимдан билим олма»

Бу одамлар яхши тушунмасликларининг сабабларидан бири шундаки, улар ўзларининг қарашларига зид бўлган нарсаларга қулоқ солмайдилар, мулоқот қилмайдилар ва ўз нуқтаи назарини бошқалар билан таққослаш ва устунлик қилиш учун синовдан ўтказиш имкониятини ҳаёлларига келтирмайдилар.

Уларнинг аксарияти олимлардан ёки юқори малакали мутахассислардан билим олмаган, балки тўғридан-тўғри китоблардан мунозарасиз ва фикр алмашмасдан ёки ўз тушунишларини ва билимларини таҳлил ва муҳокама орқали синаб кўрмасдан олишган ... Бироқ у бирор нарсани ўқиган, уни ўзича тушунган ва ўз хулосаларини чиқарган. Эҳтимол, у нотўғри ўқиган ёки тушунган ёки билмаган ҳолда нотўғри хулосалар чиқарган бўлиши мумкин. Эҳтимол, мухолифларнинг фикри асослироқ бўлиши мумкин, аммо у буни била олмасди, чунки унинг ёнида бу далилларни келтирадиган ҳеч ким бўлмаган. Бу самимий ёшлар, шариатни билиш ва тушуниш учун кўплаб исломий масалалар бўйича кўплаб фиқҳ уламоларига (ислом ҳуқуқшуносларига – таржимон изохи) мурожаат қилиш кераклигини ва улар бу гирдобни ўзлари, иккиламчи нарсаларни асосий нарсалар билан боғлаб, уларга сир-асрорлар ва тушунчаларни очиб берадиган, уларни олиб борувчи йўлбошчининг ёрдамисиз кечиб ўтишни билмайди. Аммо, кимки яхши сузишни билмасдан бу денгизга чиқадиган бўлса, у тўлқинлар остида чўкиб кетиши ёки оқим томонидан ўзи истамаган жойга олиб кетилиши катта хавфи мавжуд. Денгиз уни ютиб юбориши ва у орзу қилинган қирғоққа етиб бормаслиги эҳтимолдан йироқ эмас. Ва у ўз халоскорини тополмайди, чунки у ёрдамчисиз, ёлғиз ўзи денгизга чиққан. Шунга ўхшаб, шариатни ўқитувчисиз ўрганиш хавфдан халос қилмайди, ҳалокатлар ва ёмон оқибатлардан холи бўлмайди. Шариатни амалиётсиз, саволларга, айниқса, ора йўлда қолган ва икки хил маънода тушунилиши мумкин бўлган фурсатларда, матнлар ва далилларга қарши биргаликда жавоб изламасдан ойдинлаштириш қийин. Биринчи авлод олимлари (салафлар) бунга қарши огоҳлантирган ва шундай деганлар: «Менинг Қуръонимдан Қуръон олма, менинг китобларимдан билим олма».

«Менинг Қуръонимдан» деганда Қуръонни унинг билимдонлари билан оғзаки муҳокамаларсиз ўрганадиганлар «менинг китобларим» деганда эса олимлардан эмас фақат китоблардан ўқийдиганлар кўзда тутилган.

Ўтмиш тарихи ва ҳозирги воқелик тўғрисида билимлар сустлиги, борлиқ ва ҳаёт қонунларини тушунмаслик

Динни суст тушунишга ҳаёт воқеликларини, Аллоҳнинг яратиш қонунлари ва тарихни яхши билмаслик ҳам қўшилади. Мана энди биз содир бўлмайдиган нарсани хоҳлайдиган ва йўқ нарсани талаб қиладиган, ҳақиқатга зид бўлган нарсаларни орзу қиладиган ва воқеаларни ҳақиқатдан бошқача тушунадиган, уларни миясига ўрнашиб колган, на ижодда, на шариатда Аллоҳнинг қонунларига асосланмайдиган хомхаёлларга қараб талқин қиладиган одамни кўрмоқдамиз. У бутун жамиятни, унинг онгини, қонунларни, анъаналарни, ахлоқини, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тарзини ўзи учун ва атрофдагилар учун қайғули оқибатлар эҳтимолига эътибор қаратмасдан, ниятлар Аллоҳ йўлида бўлиши ва мақсад Аллоҳ таолонинг сўзларини олий қилишни истаган, ўзини қурбон қилган ҳолда ва қатъият билан хаёлий ва ҳақиқатдан йироқ усуллар билан ўзгартиришни истайди

Шунинг учун, у баъзи одамлар ўз жонига қасд қилиш деб, бошқалар эса ахмоқлик деб атайдиган ҳаракатларга жазм қилиши ажабланарли эмас. Ушбу ҳаракатлар қурбонларга олиб келади, лекин улар бунга аҳамият бермайдилар. Агар улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратига мурожаат қилганларида эди, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма жойда ширк ҳукмронлик қилган, муқаддас Каъба эса уларнинг сони 360 дан ортиқ бўлган бутлар ва санамлар билан ўраб олинган бир шароитда 13 йил давомида даъват қилиш ва таълим бериш билан шуғулланишганини, Каъбада намоз ўқиганлари ва унинг атрофини тавоф қилганларини кўрган бўлардилар. Бироқ, у бу бутларни йўқ қилиш ва улардан халос бўлиш учун фидокорона ҳужум қилиш ҳақида ўйламади, чунки бу билан у ўзини ва шерикларини ҳалокатга маҳкум этган бўларди, лекин бутпарастлик йўқ бўлиб кетмасди ва эртаси куни унинг тарафдорлари бузилган бутларни янгиларига алмаштирган бўларди. Чунки бутпарастлик уларнинг онгида ҳатто бутлар яратилишидан олдин пайдо бўлган ва токи уларнинг онги бутпарастликдан қутулмагунча, бутларни йўқ қилиш умуман ёрдам бермасди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қолдириб, қалбни тақводорлик билан тозалаш ва онгни бўшатиш, зарар келтириш ва бузуқликни тарқатаётган куфрга қарши қатъий кураш учун мўминлар сафини кўпайтиришга даъватни бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такаббур бутпарастлар билан жанг қилиш вақти келгунига қадар мўминларда сабр ва маънавий гўзалликни ривожлантира бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим саҳобалари уларнинг олдига яраланган ва калтакланган ҳолда келиб, қиличларни қинидан чиқариш ва уларни ранжитган кофирларга қарши жанг қилишга рухсат сўрардилар, лекин улар бунга рухсат бермасдилар ва то Аллоҳ таоло уларга жанг қилишга рухсат бермагунга қадар сабр-тоқат қилиш ва ўзини ушлаб туришга амр қилардилар.

Кунлардан бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аммар бин Ясир ва унинг ота-онаси ёнидан ўтиб кетаётганларида, уларнинг азоб чекаётганликларини кўргач, «Эй, Ясир оиласи сабр қилинглар. Албатта, сизларга ваъда берилган жой, жаннатдир» деб тасалли бердилар. Вазият шундай эдики, Аллоҳ ўзини ва даъватини ҳимоя қилиб, мўминларга жанг қилишга рухсат бермаганди: «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар» (Ҳаж сураси, 39-40).

Шундан кейин барча чегаралардан чиқиб кетган бутпарастликка қарши қилич яланғочлаш ва қуролли кураш вақти келди.

Бироқ, бу қачон мумкин бўлди? Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унга иймон келтирганлар куч, қудрат ва обрўга эга бўлганларида мумкин бўлди. Юришлар ва жанглар бўлиб ўтди, Аллоҳ таоло ўз элчисига Маккадан қувиб чиқарилагнидан кейин, найзаси билан бутларни уриб синдириши учун энг катта ғалаба Маккага ғолиб сифатида кириши учун берган буюк ғалаба бўлди. Бутларни парча-парча қилар экан, у дейди: «Ва: «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан, ботил доимо йўқ бўлгувчидир», дегин» (Исро, 81).

"Куфрда айблов ва Ҳижра" деб номланган жамоа раҳбарларининг аъзоларидан бири, профессор Абдураҳмон Абу Ал-Хайр ўзининг "Мусулмонлар жамияти" ҳақидаги хотираларида таъкидлаган Ислом тарихи ҳақидаги нуқтаи назарини ўқиганим ва эшитганимда ҳайрон бўлдим. Бу борада у билан "Ислом тарихи ҳисобга олинмайди" деб ҳисоблаган ушбу жамият асосчиси аш-Шайх Шукрий ўртасида келишмовчилик бор эди. Шукрий буни етарлича ишончли деб ҳисобламасди ва у бутун тарихни Қуръони Карим матнларига олиб борарди, шу сабабли Ислом халифалари даврини ўрганишни ва ҳатто унга қизиқишни тақиқлади.

Тарих турли халқларнинг устози ва сабоқлар омбори бўлган бир пайтда мусулмонлар учун тарихни ўрганишни динда тақиқланган қилиб қўядиган бундай тор дунёқараш ва юзаки назарларга нигоҳ ташланг. Инсон эртанги кун учун кечаги кун ҳодисаларидан ўрганиши каби, Уммат ҳам бугунги кун учун ўтмиш сабоқларидан дарс олиши, муваффақиятлар ва хатолардан, ғалабалар ва мағлубиятлардан фойда олиши лозим.

Дарҳақиқат, тарих халқнинг хотираси бўлиб, уни кўз қорачиғидай сақлайди ва ҳимоя қилади. Ўз тарихини менсимайдиган миллат, ўтган кунларни эсламай, ўз хотирасини йўқотган ва фақат бугунги куни билан яшаётган одамга ўхшайди. Бундай одам бахтсиз бўлиб, ачинишга лойиқдир, у ҳаммадан кўра кўпроқ даволанишга муҳтож ва жамият бундай нуқтаи назарни унинг ҳаёти учун асос сифатида қабул қилинишига қандай рози бўлиши мумкин.

Тарих - бу Аллоҳ таолонинг қонунлари бутун борлиқ учун, хусусан, инсоният жамияти учун акс эттирилган кўзгудир, шунинг учун Қуръон ушбу қонунлардан фойдаланиш ақлингизни ва нигоҳингизни уларга йўналтиришга ундайди. Мен билан ушбу муқаддас оятларни ўқинг: «Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар» (Оли Имрон, 137). Бу ҳодисалар доимийлиги билан ажралиб туради, улар ўзгармайди ва алмаштирилмайди, Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр учун (қилдилар). Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир. Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан» (Фотир, 42-43).

Шунингдек, ушбу қонунлар умумийлиги билан ажралиб туради ва динига, миллатига қарамай, ҳамма одамлар учун амал қилади. Қайси жамият гуноҳ қилса ва ундан юз ўгирса, у ўзининг гуноҳлари ёки йўлдан адашганлари учун ажр олади, ҳатто бу Пайғамбар саҳобалари жамияти бўлса ҳам. Уҳуд жангида қилган хатоси учун қандай нарх тўлаганликлари ҳақида бир мисол келтириш кифоя ва бу Қуръонда аниқ айтилган: " Сен:«Сизга мусибат етган пайтда, ҳолбуки ўзингиз ҳамикки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзингизнинг ҳузурингиздан!» деб айт"(Оли Имрон, 165). Ва бошқа бир оятда Аллоҳ уларнинг ичидаги нарсаларни қуйидагича тушунтирди: “Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча” (Оли Имрон, 152).

Тарих - бу тасдиқланмаган воқеалар хроникаси деган сўзларга келсак, ушбу баёнот иккиламчи аҳамиятга эга бўлган баъзи воқеалар учун тегишли бўлиши мумкин, аммо тарихнинг асосий воқеалари ва асосий босқичлари ишончли ва бунинг учун кўплаб далиллар мавжуд, бундан ташқари, тарихчилар ишончли воқеаларни шубҳали воқеалардан, далилларни уйдирмадан ажратиб олишлари мумкин.

Умуман олганда, тарих деганда биз нафақат мусулмонлар тарихини, балки бутун инсоният тарихини, барча ерлар ва барча даврлардаги халқлар, мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганларнинг тарихини назарда тутамиз, чунки Аллоҳнинг қонунлари барчага тенг равишда қўлланилади, биронта халқ бошқа халқдан устун қўйилмайди, иссиқлик ва совуқлик қонуни, қайнаш ва эриш қонуни, босим ва портлаш қонуни - булар яккахудолилар учун ҳам, мушриклар учун ҳам амал қиладиган борлиқнинг умумий қонунларидир.

Биз ҳатто Қуръонни ҳам яхши тушунмаймиз ва исломнинг барча афзалликларини билмаймиз, бунинг учун эса одамлар исломгача қандай иштибоҳда бўлганликларини билиш лозим, бу Қуръонда ҳам кўрсатилган: «Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам» (Оли Имрон, 164).

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг «Жоҳилиятни кўрмаган одам Исломда ўсиб-улғайса, Исломнинг (қадрига етмагани учун) уни аста-секин, парча-парча қилиб, қўлдан бой беради», деган гапларининг маъноси шудир.

Агар ҳақиқатни тан олиш фазилат бўлса, тан оламан, Ислом ва унга даъват билан шуғулланувчи кўп одамлар, ҳатто баъзи экстремистлар сингари ўзлари ва издошлари учун буни тақиқламаган ҳолда, тарихни ўқимаганлар. Шуни назарда тутяпманки, улар бу ҳикояни чуқур зеҳн билан ва эсда сақлаб қолиш қобилияти юқори бўлган онг билан ўқимадилар, чунки кетма-кет воқеалар солномасини ўқиш эмас, балки уларнинг моҳияти ва мазмунини ўрганиш, бундан сабоқ олиш, улар орқали Аллоҳнинг қонунларини тушуниш муҳимдир.

Шунга ўхшаб, сайёрамиз бўйлаб саёҳат қилган ва халқларнинг қолдиқларини кўрган киши учун буни ўз кўзларингиз билан кўриш ва улар ҳақида ўз қулоқларингиз билан эшитишнинг ўзи етарли эмас. Аллоҳ таоло айтганидек, қалб ва ақл кўриш ва эшитиш жуда муҳимдир: «Ахир, ер юзида айланиб юрмайдимиларки, уларга ақл этадиган қалблар, эшитадиган қулоқлар бўлсин. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур» (Ҳаж, 46).

Тарихий воқеалар жуда кўп такрорланади ва ўхшаш бўлади, чунки уларнинг ортида уларни ҳаракатлантирадиган ва белгилаб берадиган доимий қонунлар бор, шунинг учун Ғарб олимлари: «Тарих ўзини такрорлайди» дейишади, арабларда эса шунга ўхшаш мақол бор: «Бугунги оқшом кечаги оқшомга нақадар ўхшайди».

Қуръони Карим фикрлар ва тасаввурлар ўхшашлиги натижаси сифатида ҳодисалар, фикрлар ва ҳаракатлар ўхшашлигини кўрсатади ва бу ҳақида таоло қуйидаги сўзларни айтган: «Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ биз билан гаплашса эди ёки мўъжиза келса эди», дейишди. Улардан олдингилар ҳам уларнинг сўзига ўхшаш гапирган эдилар. Қалблари ўхшаш бўлди. Батаҳқиқ, Биз яхши билувчи қавмларга мўъжизаларни баён қилганмиз» (Бақара, 118).

Аллоҳ таоло Қурайш қабиласи мушриклари ҳақида қуйидаги гапларни айтган: «Худди шундай, булардан аввалгиларга ҳам ҳар бир Пайғамбар келган вақт, уни, сеҳргар ёки мажнун, деганлар. Келишиб олганмилар?! Йўқ, улар туғёнга кетган қавмлардир!» (Зарийат, 52-53).

Яъни, пайғамбарлар ва элчиларга нисбатан биринчилар ва охиргилар ўртасидаги ўхшашлик ва мослик, уларнинг жодугарлик ёки жинниликда шошқалоқлик билан айбловлари улар орасидаги васиятнинг натижаси эмас, лекин сабаб шундаки, уларнинг барчаси чегарадан чиқиб кетган фосиқлардир. Улар сабаб бўйича, яъни барча мумкин бўлган чегаралардан чиқиб, натижада улар ўхшаш бўлиб қолди.

Ким Аллоҳ тарихини ва ундаги қонунларни билса ва ақл билан иш тутса, у бошқаларнинг хатоларидан сабоқ олади ва бу унга панд-насиҳат бўлади. Бошқасидан ўрнак олиб, ундан ҳамма яхши нарсаларни олган киши бахтлидир.

Аллоҳ қонунларидан иккита муҳим қонун

Воқеаларни шоширувчи фаол ташаббускорлар билмайдиган иккита муҳим қонун:

1. Аста-секинлик билан ҳаракатланиш қонуни;

2. Айтилган муддат қонуни.

1. Аста-секинлик билан ҳаракатланиш қонуни. Бу – борлиқ қонуни ва шариат қонуни, шу сабабли Аллоҳ осмонлар ва ерни олти кунда яратган, ваҳоланки, у шундайин қудратли бўлиб, «Бўл!» дейиши билан ҳамма нарса шу ондаёқ пайдо бўлиши мумкин эди, лекин У олти кун ёки олти даврда яратган бўлиб, уларнинг узунлигини Аллоҳ билади. Бу кунлар бизнинг дунёмиздаги кунлар каби эмас, ахир Қуёш ва Ер ва қолган нарсалар яратилгунга қадар кун ва тун бўлиши мумкин эмасди.

Инсоннинг, жониворларнинг ва ўсимликларнинг ривожланиши ҳам шу кабидир. Буларнинг барчаси то етуклик ва мукаммалликка етмагунча, бир неча босқичда ривожланади.

Бу борлиқ ва олам қонунларига нисбатандир, шариат қонунларига нисбатан эса ислом яккахудолиликка ва тўғри эътиқодни тасдиқлашга чақиришдан бошлаган, сўнгра аста-секинлик билан бошқа қоидалар ҳам қонунийлаштирилган. Аста-секинлик билан қийинлаштириш усули билан тақиқлар ва мажбуриятлар жорий қилинган, масалан, намоз, рўза ва закот мажбурийлиги тасдиқланган, шароб ва бошқа нарсалар тақиқланган, шу сабабли Макка Қуръони Мадина Қуръонидан фарқ қилади.

Ойша розияллоҳу анҳонинг ривояти бир хил маънога эга бўлиб, шариатнинг босқичма-босқич пайдо бўлиши ва Қуръоннинг нозил қилинишини тасвирлайди: «Ундан илк нозил бўлган нарса жаннат ва дўзах ҳақидаги муфассал суралардир. Одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар, аҳкомлар нозил бўлди. Агар бирданига «Хамр ичманглар» деган оят нозил бўлса, одамлар «Хамрни асло ташламаймиз», деган бўлишарди. «Зино қилманглар» деган оят нозил бўлса, «Зинони асло ташламаймиз», деган бўлишарди» (Бухорий).

Шу сабабли учун исломий ҳаётни қайта тиклашга ва ер юзида ислом давлати қуришга даъват қилувчилар мақсаднинг юксаклиги, имкониятларнинг тўлиқлиги ва кўплаб тўсиқларни ҳисобга олган ҳолда, ўз мақсадларини амалга оширишда изчил ривожланиш қонунларига риоя қилишлари керак.

Бу ерда мен солиҳ халифа – мўминлар итоат қилган тўғри йўлдан юрганлар ва бошлаганларнинг бешинчиси бўлган Умар ибн Абдулазизнинг тарихидан бир мисолни эслайман. Умар - у камолотга этгандан, ўзини тиклаб, ҳокимиятни унинг қўлида жамлаганидан кейин жамият ҳаётини тўрт халифа йўлига қайтаришни хоҳларди. Аммо унинг ўғли, ёш ва қизиққон, художўй ва кўтаринки руҳдаги Абдул Малик, отасини бидъатдан қолган нарсаларни йўқ қилишга ва солиҳ салафлар йўлига қайтишга шошилмагани учун танбеҳ берди: “Эй ота, нега ишларни амалга оширмаяпсиз? Аллоҳга қасамки, агар ҳақиқат учун сиз ва мен қозонларда қайнаб турганимизда, эътибор бермаган бўлар эдим!". Отасининг жавоби қуйидагича бўлди:" Шошилма, ўғлим, чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шаробни икки марта қоралаган ва уни учинчи марта тақиқлаган. Мен одамларнинг барчасини бирданига ҳақиқатга олиб боришдан қўрқаман, улар буни рад этишади ва бу саросимага олиб келади".

2. Ҳар қандай нарса учун белгиланган муддат бўлади. Иккинчи қонун биринчи қонунни тўлдириб туради ва шуни англатадики, «ҳар бир нарса учун у етукликка ёки мукаммалликка эришадиган белгиланган муддат бор». Бу ҳаётнинг моддий соҳасига ҳам, маънавий соҳасига ҳам тааллуқли бўлиб, зарур ривожланишга эришмагунга қадар ҳеч нарсани тезлаштирмаслик керак. Масалан, агар ҳосилни пишмасидан, меваларни эса муддатидан олдин териб оладиган  бўлсак, улар кутилганидек фойда келтирмайди, баъзида ҳатто зиён келтириши ҳам мумкин. Агар ўсимлик фақат бир неча ой ёки йилдан кейин ҳосил берадиган бўлса, айрим дарахтлар эса фақат бир неча йилдан кейин мева берадиган бўлса, айрим буюк ишлар бир неча ўн йилликлардан кейин самара бериши мумкин, иш қанчалик катта бўлса – унинг меваси ҳам шунчалик узоқ пишади. Араб мақолида айтилганидек, «Серсув дарё энг секин тошади».

Баъзида бир авлод қандадир ишга асос солади, ундан фойдани эса иккинчи ёки учинчи авлод олади – ҳаммаси режалаштирилган йўлдан ва маълум бир йўналиш бўйича кетар экан, бунинг ҳеч қандай ёмони йўқ.

Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таҳқирлашган ва унинг қуйидаги сўзлари устидан кулишган: «Дарҳақиқат, якуний натижа – менинг ва менга ишонганларнинг ортида, жазо эса мендан юз ўгирганларники». Улар ҳар бир нарсанинг асло ундан кечикмайдиган ўз вақти-соати борлигини билмасдан, ундан жазони тезлатишни сўрашган. «Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур» (Анкабут, 53).

«Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир» (Ҳаж, 47). Шу сабабли Аллоҳ Таоло ўзининг муҳтарам элчисига ўз халқига чидашни амр этган, худди унинг биродарлари – ундан олдинги элчилар, жасорат соҳиблари каби. Улар шоширгандай жазони тезлатишни сўрамасликни айтган: «Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма» (Аҳқоф, 35).

Аллоҳ унга ва мўминларга улардан олдинги Китоб ва Миссия соҳибларининг шафқатсиз синовларни, узоқ муддатли жаҳонгашталикни ва ғалабани кутишни мисол қилиб келтиради.

«Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир». (Бақара, 214).

Шубҳасиз, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир, лекин ҳатто унинг учун Раббимиз учун маълум бир муддат бор ва Аллоҳ унинг бирон бир яратган нарсасини тезлаштирмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига сабр-тоқат қилишни васият қилдилар ва уларга сабр-тоқат шакллантирди ва улар муддатидан олдин ғалаба қилишга шошилмадилар. Хаббоб ибн ал Аратт розияллоҳу анҳу унга ислом йўлида дуч келадиган оғир синовлардан шикоят қилиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нусрат сўрасангиз-чи, Аллоҳга дуо қилсангиз-чи», дедик. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлардан олдин ўтганларнинг баъзиларини бошининг қоқ ўртасидан арра солиб, оёғидан арралаб чиқиб кетсалар ҳам, динларидан қайтмаган эди. Гўштларини темир тароқ билан тараб, суякларидан ажратиб олсалар ҳам, динларидан қайтмаган эди. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи бу ишни батамом қилади. Ҳали улов минган одам Санъодан Ҳазирмавтгача ҳеч нарсадан қўрқмай, Аллоҳдан ва қўйини бўри еб қўйишидангина қўрқиб борадиган ҳам бўлади. Лекин сизлар шошқалоқлик қиляпсизлар», дедилар».

Ёшлар нега уламолардан юз ўгирмоқда?

Тан олиш керакки, мусулмон ёшларнинг баъзи доиралари кўпчилик Ислом уламоларига, айниқса ҳукуматга яқин бўлган олимларга ишончсизликлари туфайли фақат китобларгагина таянадиган бўлиб қолишган.

Уларнинг фикрича, бундай уламолар ҳукуматнинг Аллоҳ нозил қилган шариатга амал қилмаётганлигини била туриб, унинг тарафини оладилар, зулмни кўриб туриб, уни тўхтатишга уринмайдилар ва ҳатто жим ҳам турмай, аксинча, зўравон раҳбарга «Сиз нақадар одилсиз! Нақадар қаҳрамонсиз» дея маддоҳлик қиладилар. Ҳеч бўлмаса ҳақни айтмай турсалар ҳам майли эди, ваҳоланки улар ёлғонни сўзлайдилар!

Ёшлар аввал вафот этиб кетган уламоларни анча ҳақгўй ва собитқадам деб биладилар, шунинг учун ҳам уларнинг китобларига мурожаат қилиб, диний билимларни устозсиз, мустақил равишда оладилар. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Мен ана шундай ёшлардан бирига шундай дедим: «Сиз илмни уламолардан олишингиз, билмаганингизни зикр аҳлидан сўрашингиз керак!».

У шундай жавоб берди: «Илми ва динга амал қилиш даражаси бизни қониқтирадиган уламоларни қаердан топайлик? Биз фақат ҳукумат раҳбарларининг атрофида гирдикапалак бўлаётганларни кўряпмиз-ку? Раҳбарлар рухсат беришни исташса, рухсат беришади, ман қилишни ҳоҳлашса, ман қилишади; социалистик ҳукумат бўлса, социализмни кўкларга кўтариб, унинг Исломга хос жиҳатларини қидиришади, капиталистик тузумда эса улар капитализмни Ислом номидан қўллаб-қувватлашади. Раҳбар уруш қилишни истаса, бундай уламолар тинчликни қоралай бошлайдилар, агар сиёсат ўзгариб, тинчлик керак бўлиб қолса, тинч-омонликни тарғиб қилувчи фатволар чиқариб берилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган «…Уни бир йил ҳалол қиларлар, бир йил ҳаром қиларлар» ("Тавба" сурасининг 37-ояти)

Мен эса унга шундай дедим: «Биз баъзи бировларнинг гуноҳларини ҳаммага юклаб, бир нечта ёмонларга қараб, қолган яхши кишиларга, ёлғонни инкор қилиб, зулмга қарши турганларга, тоғутга бўйсунишдан бош тортувчиларга, бунинг учун таҳдид ва террорга дуч келаётган, азоб чекаётган, ҳибсда ўтирган, ўз дини ва ақидасини хорламаслик учун Аллоҳ йўлида жон берганларга баҳо бермаслигимиз лозим».

Йигит шундай деди: «Мен буни инкор қилмайман, лекин мен айнан ҳукуматга яқин турганларни, қўлида омманинг онгига таъсир қилиш қуроли бўлган машҳур кишиларни ёмон деяпман».

Шак-шубҳа йўқки, «Йирик уламоларнинг кўпчилиги раҳбарлар қўлидаги бир воситага айланиб қолган. Улар раҳбарнинг истаганини айтадилар ва унинг буйруғи билан изоҳ бериш керак бўлганда жим қоладилар. Ваҳоланки, илмни яшириш мумкин эмас, бундай пайтда индамай туриш ёлғон гапириш билан тенг бўлади, уларнинг иккиси ҳам шайтон бўлади» — дейдиган ёшлар кўп жиҳатдан ҳақ бўладилар.

Бир мамлакатда машҳур олимлардан бирини «Шариат нуқтаи назаридан қариндошчилик» деган мавзудаги телекўрсатувга таклиф қилишибди. Таклиф қилинган олим ўша ток-шоуни олиб борадиган масъул кишилардан бирига шундай дебди: «Бу кўрсатувда қариндошликни ёқлаш керакми ёки қоралашми? Мен шунга қараб тайёрланиб бораман». Бошловчи унинг бу сўзларини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолибди.

Бир пайтлар раҳбарлардан бирига «Оёғини узатган қўлини чўзмайди» дея олган деган уламоларни Аллоҳ раҳмат қилсин. О, қани эди, ҳукуматга яқинлашиб олиб, маддоҳлик қилаётган олимларнинг тақвоси, иймони сусайса ҳам, ҳеч бўлмаса илми, фаросати озгина ошса!

Ўз динини чуқур тушуниб етмоқчи бўлган ёшларнинг кўпчилиги баланд минбарларда туриб, маърузалар осмонида жавлон ураётган олимларнинг суҳбатида бўлганлар, бироқ уларнинг Қуръон ва Суннатдан анча бебаҳра эканлигини кўриб, ҳафсалалари пир бўлган. Уларнинг илмлари на дардларга шифо бўлиши, на чанқоқни қондиришини кўрганлар.

Шунинг учун, илмдан ҳам, тақводан маҳрум бўлган бундай «арбоб»лардан юз ўгирган ёшлардан хафа бўлмаслик керак. Бундай сохта олимлар ўз фикрини исбот қилиш учун саҳиҳ ҳадисларни четга суриб, тўқима ҳадисларни келтирадилар, яна бошқалари баъзи ҳукмлар учун тушни ҳам далил қилиб оладилар, уларнинг калласида афсона ва эртаклардан бошқа нарса йўқ.

Ёшлар уларнинг кенг ёйилиб кетган бидъатларни қўллаб-қувватлаб, ҳақ суннат йўлини инкор қилаётганларини, кўпчиликнинг, баъзи обрўли ва бой кишиларнинг назарига тушишга уринаётганларини кўриб турибдилар. Ёшлар ҳатто яхши обрўга эга бўлиб келган баъзи олимларни ҳам эндиликда ҳукуматга ён босишда шубҳа остига олмоқдалар. Оммавий ахборот воситалари бу олимларга ёшлар билан бевосита мулоқот қилишга имкон бермай, уларни золим раҳбарларга содиқ кишилар сифатида кўкларга кўтариб мақтайдилар.

Мисрда исломий ёшлар жамоатлари тақиқлаб қўйилиб, уларнинг кўпчилиги ҳибсга олиниб, суд қилингач, машҳур олимлардан бири бу ҳақда шундай деган эди: «Агар улар ҳақиқатдан ҳам Ислом тарғиботчилари бўлганларида, Аллоҳ уларни ёрдамсиз қолдирмаган бўлур эди. Агар улар ҳақиқатдан ҳам Исломга ёрдам берганларида, Аллоҳ уларнинг ниятларидан, мақсадларидан рози бўлар, уларга на полиция, на ҳарбийлар тўсқинлик қила олмаган бўларди. Бироқ улар бундай бўла олмадилар. Ва уларни бандаси мағлуб қилмай туриб, Аллоҳ мағлуб қилиб қўйди».

Шайх бу сўзларни ҳақ ва ёлғонни фарқлашда қўлланиладиган қоидани таъкидлаб айтдилар. Ким мағлубиятга учраса – демак у ботил йўлда бўлган, чунки Аллоҳ унга нусрат бермади. Муваффақият қозониб, ғалаба қозонганлар ҳақ йўлда бўладилар.

Бироқ, бундай қоидани шариат ҳам, реал воқелик ҳам инкор қилади. Зеро, Аллоҳнинг нусрати келиши ва ғалаба қозониш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ва ғалабанинг сабаблари таъминланиши керак. Ҳақ ва мустақим йўлдагиларнинг баъзиларида эса бундай имконият бўлмаслиги ҳам мумкин. Айни пайтда, ботил йўлда бораётганларда вақтинчалик муваффақиятга эришиш учун зарур шарт-шароитлар бор бўлиши ҳам мумкин.

Бугунги кунда ботилга даъват қилаётган ва бу ишда муваффақиятга эришаётганларни ҳам, ҳаққа чақириб, мағлубиятга учраётганларни ҳам кўришимиз мумкин, чунки жаҳон ҳамжамияти буларнинг бирини қўллаб-қувватлаётган бўлса, бошқасига қарши чиқмоқда. Бунинг ёрқин мисоли «Исроил»дир.

Олимлар раҳбарлигида Отатурк ва унинг партиясига қарши кураш мусулмон турк халқининг қандай қирилганлигини ким билмайди? Ислом халифат тупроғидан йўқотилиб, турк халқининг ўт-олов ва пўлат кучи билан дунёвий ғарб қонунларини қабул қилишга мажбур қилингани-чи? Бу икки тарафнинг қай бири ҳақ, қай бири ноҳақ эди?

Яқин-яқингача ҳам баъзи мусулмон мамлакатларда ҳукумат томонидан жорий қилинаётган оила кодексига қарши чиққан олимларни ўлдиришар, уларни ўтда куйдирар эдилар. Бу кодекс Аллоҳнинг қонунларини ўзгартириб, У ҳаром қилган нарсага рухсат берар, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ман қилар, Аллоҳ банданинг зиммасига юклаган мажбуриятни бекор қилар эди. Олимлар бунга “Йўқ!” деб жавоб беришгач эса, уларнинг жазоси ўлим бўлди, улардан кейин ҳеч ким эътироз овозлари эшитилмасин деб, бош кўтармади. Зўравонлар ҳукумати енгиб чиқди, олимларнинг, улар билан бирга халқнинг овози эса ўчирилди. Ҳукумат ҳақ, олимлар ноҳақ эдими?

Бошқа бир мусулмон давлатида эса камчилик кўпчилик устидан ҳукмрон эди. Ҳақни ёқлаган, ҳақ талашиб курашганларнинг овозини ўчириш, “Йўқ!” у ёқда турсин, ҳатто “Нега?” ва “Нима учун?” деб сўрашга ҳам ўрин қолдирмаслик учун минглаб одамлар қамоққа олинди. Қамоқхоналар тўлиб кетгач эса, уларни ўққа тутиб, сонларини камайтирдилар. Ўлимдан қўрқмайдиган мусулмонларни синдириш, хорлаш ва хўрлаш учун эса бошқа усуллар қўлланилди. Бундай усулни ҳатто Чингизхон ҳам, тарихда номи қолган бошқа золимлар ҳам қўлламаган эдилар — уларнинг оилаларини кўз олдиларида зўрладилар.

Ё Аллоҳ! Қанча бегуноҳ қонлар тўкилди! Қанча бокира номуслар топталди, қанча қадамжолар харобага айлантирилди, қанча қимматбаҳо буюмлар йўқ қилинди, қанча гўзал уйлар, чиройли шаҳарлар йиқитилиб, аҳолиси устига ағдарилди… Қанчадан-қанча ожиз аёллар ва болалар ўлдирилди!

Бундай мисоллардан юрак қонларга тўлади. Мусулмон халқи золим ва зўравонлар томонидан мағлуб қилинди. Уларнинг қай бири ҳақ йўлда, қай бири ботил йўлда эди? Тарихда бундай воқеалар жуда кўп.

Шаҳидлар отаси, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ҳазрати Ҳусайн ибн Али ҳам Язиднинг қўшинлари томонидан мағлуб қилиндилар, ҳокимият Уммавийлар қўлига ўтди. Наҳотки бу воқеа Язид ҳақ, ҳазрати Ҳусайн эса ноҳақ эди, дейишга далил бўла олса?

Орадан кўп йиллар ўтгач, Ҳижоз ва унинг атрофларида юриб, мусулмонларнинг халифаси ва мўминлар амири деб ҳисобланган улуғ саҳоба, жасур қаҳрамон Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу уммавийларнинг қўшинидан енгилдилар. Шундан сўнг Абдурроҳман ибн Ахйят, Саид ибн Жубайр, Шубий, Мутриф ибн Абдуллоҳ ва бошқа кўпгина олимлар қатл қилиндилар.

Уларни ўлдирганлар жиноятчилар қавми эди. Уларнинг қўлида кўплаб аҳли илмлар қатл этилдилар. Хусусан, улар ўлдирган Саид ибн Жубайр ҳақида имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар: «Саид ўлдирилди. Ер юзида унинг илмига муҳтож бўлмаган бирорта мусулмон йўқ эди».

Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзининг оз сонли тарафдорлари билан Маккада қамал қилиндилар. Шунда у зот «Аллоҳга қасамки, бутун ер аҳолиси унга қарши куч тўпласа ҳам, ҳақни йўқ қила олмайдилар. Ва Аллоҳга қасамки, бошидан ой чиқса ҳам, каззоб устун бўла олмайди!» дедилар.

Қуръони каримда баъзи пайғамбарларнинг душман томонидан қатл этилганлиги зикр қилинади. Аллоҳ таоло Бани Исроилга қарата шундай марҳамат қилади: «Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан (мўъжизалар)ни бердик ва уни руҳул қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!» ("Бақара" сурасининг 87-ояти).

Улардан бири Аллоҳнинг пайғамбари Закариё ва унинг ўғли Яҳё алайҳимассаломлар эди.

Бу пайғамбарларнинг қатл қилиниши, душманнинг улар устидан ғалаба қозониши уларнинг ботил йўлда эканлигини, залолатда эканлигини кўрсатадими?

Шунингдек, Қуръони каримда ҳандақ қазиб, унинг ичига олов ёқиб, бу чуқурга иймон келтирганларни ташлаб, сўнг ҳандақ атрофида ўтириб олиб, мўминларнинг оловда ёнишини томоша қилиб ўтирганлар ҳақидаги ҳикоя ҳам бор.

«Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар». ("Буруж" сурасининг 8-ояти).

Наҳотки бу кофирлар ҳақ бўлсалар? Наҳотки куч жиҳатдан ожиз бўлган мўминларни ўлдириб, уларнинг кулини кўкка совурганлар ҳақ йўлда бўлсалар? Ўша ўлдирилган мўминлар ботил йўлда бўлганлар дейиш мумкинми? Асло!!!

Ҳақ гап шуки, юқоридаги фикрларни билдирган шайхнинг сўзларига қўшилиб бўлмайди. Бу шайх жаноблари Аллоҳнинг мўминларга синов юбориши, золимларни эса вақтинча устун қилиб туришини унутиб қўйган кўринадилар. Бу киши Аллоҳнинг севган бандаларини синаб туриш суннатини қандай унутиб қўйганлар, билмадим.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Одамлар "иймон келтирдик" дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак" ("Анкабут" сурасининг 2-3-оятлари).

Мусулмонлар Уҳуд жангида катта талафот кўрганларида Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди: "Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмайди" ("Оли Имрон" сурасининг 140-ояти).

Ушбу ояти карима эса душманлар ҳақида нозил бўлган: "Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир" ("Қалам" сурасининг 45-ояти).

Шайх Юсуф Қарозовий

«Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китобидан

Абу Муслим таржимаси