Бу йил Хитойнинг Цзянси провинциясида жойлашган Цзиань шаҳрида католиклар йиғилган маблағлар ҳисобига 140 минг доллардан ортиқ баҳоланган черков қурдилар. Аммо янги қурилган ибодатхона деярли дарҳол Коммунистик партиянинг босими остида қола бошлади.
Сентябрь ойи охирида маҳаллий амалдорлар католикларга черков номини бўяб ташлаш, "Партияга эргашинг, партияга бўйсунинг, партиядан миннатдор бўлинг" шиорини ва унинг ёнига Хитойнинг давлат байроғини осиб қўйишга буйруқ берди.
Бу билан чекланиб қолинмади - қўлида чақалоқ Исо бўлган Биби Марям ўрнига черковнинг тўрида Хитой президенти Си Цзиньпин портрети пайдо бўлгач, насронийларнинг ғазаблари янада кучайди, деб хабар беради IslamNews сайти Bitter Winter га ҳавола қилган ҳолда. Портретнинг иккала томонида ҳам ибодатхона деворига ватанпарварлик шиорлари осилган.
Шу билан бирга, Хитойнинг Хенан провинциясида маҳаллий ҳокимият мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган имомларга вилоятни тарк этиб, ўз шаҳарларига қайтишни буюрди. Фақат коммунизм ғояларини фаол равишда илгари суришга ва маҳаллий аҳолининг маданиятини "синицизация" қилишга (хитойлаштириш) ҳисса қўшишга рози бўлганларга ўз фаолиятини давом эттиришга вақтинча рухсат берилди. Имомлар тўғрисидаги барча шахсий маълумотлар давлат тизимига киритилган ва уларнинг олтитаси аллақачон ўз вилоятларига қайтариб юборилган. Натижада Хенанда бир нечта масжидлар ҳувиллаб қолди, уларда никоҳ ва жаноза ўқийдиган, ўтказадиган биронта имом ёки мулла қолмади.