Абу ад-Дардо пайғамбаримиздан бу ҳадисни нақл этганларидан сўнг, йиғилган жамоатга қараб шундай хитоб қилган эканлар:
—Менинг билганларимни билсайдингиз, тоғларга чиқиб Аллоҳга ёлворардингиз ва шунинг баробаринда ўз ҳолингизга йиғлардингиз. Бутун борлиғингиз билан йиғлаган бўлардингиз. Мол-мулкингизни ташлаб, улар ҲЕЧ НАРСА эмаслигига ишонардингиз. Афсуски, узун амал сизларнинг қалбингиздан охират тушунчасини сидириб ташлаган. Дунё ҳаёти бирдан-бир амалингиз бўлиб қолган. Шу туфайли тўғриликдан юз ўгиргансиз. Баъзиларингиз қилган иши оқибатидаги фалокатни ўйламагани учун ҳавойи истакларини тарк этолмаган ҳайвонлардан ҳам ёмонроқсиз. Сизларга нима бўлган ўзи, бир-бирингизни севмайсиз, бир-бирингизни тўғри йўлга солмайсиз. Аҳвол шундайки, сўзда бир-бирингизнинг диний биродарисиз. Ичингизни ёмонлиги сизларни бир-бирингиздан айирган, бир-бирингизни севардингиз. Сизларга нима бўлган ўзи? Дунёвий ишларда бир-бирингизга йўл кўрсатасиз-у, охират масаласида худди шу ишни қилмайсизлар? Ҳеч бирингиз, дунёвий масалаларда севган ва ёрдам берган кишингизга, охиратга оид хусусларда сира насиҳат қилмайсиз. Бу ҳол сизларнинг қалбингиздаги имоннинг сустлиги туфайли юз беради. Агар дунё ҳаётини билганингиздай охират ҳаётини ҳам яқиндан билсайдингиз, ўртага қўйган имону ахлоқ асосларига мослашар эдингиз. Чунки охират ҳаёти сиз учун абадийдир. Йўқ, «дунё ҳаётига бўлган севгимиз келажакда қўлга киритишингиз мумкин бўлган нарса учун қўлингиздаги бор-йўқ нарсаларингизни фидо қиласиз. (Масалан бир йил кейин эришишингиз мумкин бўлган ҳосил учун ҳозир қўлингизда тайёр турган уруғни сочасиз). Кутган нарсангиз бўлмай қолиш эҳтимолини билатуриб ҳам заҳмату машаққатларга кўмилиб, нақд нарсангизни қўлдан чиқарасиз. Комил имон соҳибларига хос аломатлардан маҳрум қандай ёмон инсонларсиз?! Ёки айтинг, Аллоҳнинг расули ҳазрат Муҳаммад с.а.в. тақдим этган ҳақиқатлардан шубҳангиз борми? Агар шундай бўлса, бу шубҳаларингизни баён этинг. Мен эса сизларга ҳақиқатни далиллари билан кўрсатай. Қалбларингизни қаноатлантирувчи нур билан ёритай. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, сизлар ақли ноқис кишилардан эмассиски, маъзур кўрсам. Чунки дунёвий ишларингизда тўғри ва фойдали нарсаларни фарқлай оласизлар. Қорнингизга ярайдиган нарсаларни қўлга киритишни яхши биласизлар. Уларга эга бўласизлар. Сизларга нима бўлган ўзи?! Оз бир дунёликни қўлга қиритсангиз, севиниб сакрайсиз. Лекин озгина бу дунёликни йўқотсангиз қайғурасиз?! Шундай қайғурасизки, бу нарса юзингиздан ўқилиб туради. Тилингиз уялмай шундан гап очаверади ва шу арзимас йўқотишни мусибатдай таърифлайсиз ва билмайсизки, бу хусусда гуноҳга ботасиз. Кўпларингиз дин асосларининг аксарини тарк этгансиз. Шундай бўлатуриб, юзларингизда заррача ўзгариш, қайғу аломатлари йўқ. Ҳолбуки заррача бу дунёликни йўқотсангиз юзларингизда қайғу аломатлари кўриниб қолади. Мен ҳозирча сизлардан Аллоҳ юз ўгирган деб ўйламайман. Баъзингиз баъзингиз билан севиниб суҳбатлашасиз. Ҳар бирингиз бошқа бирингизни қабул қилганда уни ранжитмасликка тиришасиз, аммо буни фақатгина «у ҳам мени қабул қилганда хуш муомалада бўлсин», деб шундай қиласиз. Қалбларингизда эса бир-бирингизга нисбатан гинаю адоват ва душманлик бўлади. Бутун ҳаётингиз узун амалдан иборат. Ажални унутиш борасида бир-бирингизни ортда қолдириб кетгансиз. Истайманки, Аллоҳ сизларнинг бу ҳолларингиздан мени қутқарсин. Тинчлик, хотиржамлик берсин ва мени Аллоҳнинг расулига етиштирсин. Агар у зот ҳаёт бўлсайдилар, сизларнинг бу хатта-ҳаракатингизга чидай олмасдилар. Сизларда зако бўлса, мана сизларга ҳақиқатларни эшиттирдим. Аллоҳнинг наздидаги нарсаларни исласангиз, осонлик билан топасиз. Мен ўз нафсим учун ва сизлар учун ёлғиз Аллоҳдан ёрдам талаб қиламан.
Тоҳир МАЛИК