loader
Foto

Россия Полшани ўзи учун душман қилиб танлади

Тарихчи Путин

Россия давлати раҳбари ўзи учун одатий бўлмаган ушбу мавзуга нима сабабдан мурожаат қилганига Кремл тарафдори бўлган айрим ОАВ изоҳ бердилар. Хусусан, президент нацизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантаналарга тайёрланяпти ва Ғарбдаги «маълум бир кучлар»нинг Иккинчи жаҳон уруши тарихини ва урушдан олдинги йилларда Европанинг айрим давлатлари сиёсатини бузиб кўрсатишга уринишларига жавоб беряпти эмиш.

Россия етакчиси тарихшуносликка «шўнғиши»га (тўғри, бироз кечикиб бўлса-да) Европа парламентининг 2019 йил сентябрида қабул қилинган Европада тарихий хотира муҳимлиги ҳақида резолюцияси сабаб бўлди. Унда Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши учун жавобгарлик нацистлар Германиясига ҳам, коммунистик Совет Иттифоқига ҳам бир хилда юкланади.

Бу резолюция Россия президентини ғазаблантирди.  Ваҳоланки, Молотов-Риббентроп пактига махфий (тўғри, ҳозирда маълум бўлиб улгурган ва бир неча марта чоп этилган) баённома немис нацистлари ва совет большевикларининг умумий айбини узил-кесил тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади. Унда Европадаги таъсир доираларини икки тоталитар режим ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги битим мавжуд бўлиб, Европада 1939 йил сентябрдан 1941 йил июнгача бўлган ҳамма нарса Гитлер ва Сталин ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилган. Биринчидан, Германия ва Совет қўшинлари Полшага бостириб киришди, уни эгаллаб олишди ва бўлиб олишди (18-асрдан бери тўртинчи марта). Кейин Германия Ғарбий Европа давлатларига ҳужум қилди ва Европанинг шарқида Совет ҳарбий операцияси бошланди (Финляндия билан уруш, Болтиқбўйи давлатларини босиб олиш, ўша пайтда Руминия ҳудуди бўлган Шимолий Буковина ва Бессарабияни босиб олиш).

Путин Европарламент резолюциясини қоралаб, Гитлерга унинг тажовузкор режаларини амалга оширишда халал бермаган ғарб мамлакатлари айби ҳақида совет тарғиботининг сийқаси чиққан гапларини такрорлади. Шундай қилиб, СССР дан нацистлар билан пакт оқибатлари учун айб олиб ташаланади, Сталин сиёсатига эса изоҳ берилади, ва бу охрги пайтларда Россия раҳбарияти томонидан тобора кўп такрорланаётган машҳур совет ривояти ҳисобланади. (Дарвоқе бу Михаил Горбачев ва Борис Ельцин даврида шаклланган аввалги расмий позицияни тўлиқ қайта кўриб чиқишдан далолат беради). Лекин бу сафар Путин шу пайтгача юқори мансабли Россия раҳбариятидан биз ҳали эшитмаган гапларни айтди. У Полшани Европада уруш бошланишида тўғридан-тўғри айблади, ваҳоланки, бу давлат 1939 йил нацистлар қуролли босқинининг биринчи қурбони бўлган. Путиннинг сўзларига кўра, амалда жаҳон урушини Германия ва Полша бошлаган.

Нима сабабдан?

Нима сабабдан айнан Полша бу қадар юқори даражада яқин пайтларгача хаёлга ҳам келтириб бўлмаган диффамация объектига айланди?

Бунинг тарихий ва замонавий сабаблари бор. Тарихий сабаблар ўрта асрларга бориб тақаладиган Полша ва Россия давлатлари ўртасидаги рақобат, шунингдек, Полша ҳудудининг бир қисми, учта бўлинишдан ва Полша давлати тугатилгандан сўнг, Россия империясининг таркибига кирганлиги билан боғлиқ. 1917 йилдаги Россияда коммунистик тўнтаришдан сўнг мустақил Полша давлати жонлангани Европада муҳим омил бўлган.

Замонавий сабабларга келсак, улар, эҳтимол, кўпроқ аҳамиятга эга. Россиядан фарқли ўлароқ, Полша посткоммунистик ўзгаришларнинг муваффақиятли намунаси ҳисобланади (албатта, мавжуд барча муаммолар билан). Полша Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлиб, замонавий Россиянинг сиёсатини танқид қилади. Полша ушбу сиёсатнинг хавфлилигини таъкидлайди, Украинадаги тажовуз ва Қримнинг аннексияси сабабли Москвага нисбатан киритилган санкцияларни сақлаб қолишни талаб қилади. Бундан ташқари, Полша НАТО билан ҳамкорликда мудофаа қобилиятини мустаҳкамламоқда, хусусан иттифоққа  аъзо бошқа давлатларнинг қўшинлари ва техникаларини ўз ҳудудига жойлаштирмоқда.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши учун айбни Полшага ағдариб, Россиянинг ҳозирги раҳбарияти уни халқаро майдонда заифлаштирмоқчи, унинг бошқа демократик давлатлар, биринчи навбатда НАТО ва ЕИ бўйича иттифоқчилари, шунингдек, Украина ва Исроил билан алоқаларини издан чиқармоқчи. Шу тариқа, Россия раҳбарияти Европа Иттифоқи ва НАТО даражасида Россияга нисбатан Полша давлатининг муросасиз позицияси амалий оқибатларини бартараф қилмоқчи.

Ички эҳтиёжлар учун ташқи душман образи

Владимир Путин 2019 йил охирида эълон қилган Иккинчи Жаҳон уруши бошланишида Полшанинг фаол иштирок этганлиги учун танқид қилиниши ҳам Россиянинг ўзида муҳим ташвиқот ролини ўйнайди. Бу Россия расмийларининг Россиянинг ташқи душмани ҳақидаги ғояларни яратиш ва диверсификация қилишнинг табиий усулларидан биридир.

Россия ҳукумати тарафдори бўлган оммавий ахборот воситаларида Полша Иккинчи Жаҳон урушининг айбдори сифатида, Россияга қарши агрессив режаларни тузадиган абадий душман сифатида тасвирланган, у доимо Ғарбнинг Москвани заифлаштириш учун қуроли бўлиб хизмат қилган ва хизмат қилади, бундан ташқари, бугунги кунда у урушдан олдинги даврнинг антисемитизм анъаналарини онгли равишда қўллаб-қувватлайди. Россия Президентининг декабрдаги нутқлари ушбу қасддан ёқимсиз тасвирга янги "туртки" берди, кейинчалик уни Кремл тарафдори бўлган тарғиботчилар, шу жумладан федерал каналлардаги сиёсий ток-шоулар ва босма нашрларда "жиддий" мақолалар ва шарҳлар илиб кетди.

Масалан, охирги пайтларда Кремл тарафдори бўлган «Взгляд» нашри бир неча марта Полша ҳақида материаллар чоп этди ва уни фақат салбий нуқтаи назардан ёритди. Полшага нисбатан совуқчилик уйғотиш учун ушбу нашрнинг айрим мақолаларида Полшага «Европа гиенаси» деб тавсиф берилди.

«Полша — қуролланган агрессор»

Владимир Путиннинг юқорида айтиб ўтилган нутқидан бир неча ой олдин "Взгляд" газетасида Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги Молия Университетининг сиёсий фанлар бўйича доценти мақоласи нашр этилган. Мақолада у Полшани "ўнлаб миллион қурбонлар учун жавобгар бўлган" Иккинчи Жаҳон урушининг ташаббускори деб атайди. Мақола муаллифининг сўзларига кўра, "Варшава Гитлерга Чехословакияни бўлиб олишда фаол ёрдам берган". Бошқа бир муаллиф, Калининград вилояти Думаси депутати ва Россия денгиз махсус кучларининг собиқ офицери нуқтаи назаридан, Полша бугунги кунда "Вашингтон томонидан бошқариладиган" мамлакатдир. Гўё Полша ҳукумати Англо-Саксонларга хизмат қилади ва "машҳур Полша ғурури" ни унутган.

2020 йил январ ойида ушбу Калининград депутати Полша Сеймининг Путиннинг айбловларини рад этган резолюциясига зудлик билан муносабат билдирди ва Иккинчи Жаҳон урушини фашистлар Германияси ва СССР бошлаган эканлигини таъкидлади. "Полша Россияни талашни орзу қилади" сарлавҳали мақолада, депутат Полшани айнан Иккинчи Жаҳон уруши тарихини шарҳлаши сабабли бошқа давлатлар билан кескин тўқнашувда бўлган мамлакат таърифлади.

Мақолада айтилишича, "Полша бир вақтнинг ўзида бир нечта жабҳаларда улкан тарихий кураш олиб бормоқда. Германияга қарши - Иккинчи Жаҳон уруши натижалари бўйича янги репарациялар талаб қилиб, "эскилари ҳисобга олинмайди" деб даъво қилишмоқда. Украинага қарши - Киевнинг полякларни шафқатсизларча йўқ қилган ОУН ва УПА (Россия Федератсиясида тақиқланган ташкилот, таҳр.) жангчиларига қаҳрамонлар сифатида муносабати билан. Урушдан олдинги Полша ҳукумати Холокостни ўтказишда ёрдам берган деб ҳисоблайдиган Исроилга қарши. Ва ниҳоят, СССРнинг тўғридан-тўғри вориси сифатида Россияга қарши. Тарихий ҳужумнинг асосий объекти - Молотов-Риббентроп пакти ва унга махфий баённомалар." Муаллифнинг сўзларига кўра, аслида, Полша, Совет Иттифоқи Иккинчи жаҳон уруши бошида айбдор деб атаб, нафақат замонавий Россияни шарманда қилишни, балки уни талаб, урушдан кейинги зарарларни қоплашни талаб қилади.

«Полша Россияни босиб олмоқчи»

"Муқобил" ҳақиқатни яратишга яна бир мисол – «Взгляд»да федерал телеканалларда тез-тез чиқиб турадиган ҳарбий эксперт билан интервью. У ўқувчиларга замонавий Полша маъмурлари НАТО ҳарбий контингентларини ўз ҳудудларига жойлаштиришга қарор қилганликларини тушунтирди: “Полша ўзининг исёнкор аҳолисига қарши куч ишлатиши керак бўлган тақдирда доимий Америка базасига муҳтож. Кўплаб поляклар мамлакат қўғирчоқ давлатга айланганидан мамнун эмаслар. Бу ҳокимиятни сақлашнинг бир усули, шунинг учун улар шундай қилишларини сўрашмоқда".

"Эксперт" бундан ҳам нарига бориб, Полшани "изчил ва ҳеч қандай қоидаларни тан олмайдиган Россия давлатчилигининг душмани" деб атади. Шунингдек, у Россия қуролли кучларининг дезорганизацияси ёки ҳудудий бўлиниш ҳолатида "тинч аҳолимизга қарши барча тарихий нафратни олиб ташлайдиган ишғол этувчи кучлар, айнан поляклар" Россияга кириши мумкинлигини тахмин қилди. Тўғри, "Эксперт" Россиянинг ядровий қуролга эга эканлигини эслайди ва таҳдид қилади: "Агар Полша жуда жонга тегиб кетадиган бўлса, уни йўқ қилиш мумкин".

Россияга Полша томонидан хавф туғдириши ҳақида суҳбатни «Взгляд»нинг яна бир муаллифи "Литва ва Полша Россияга нафрат туфайли қарши ярашмоқда" номли нутқида сўзлаган. Унда айтилишича: "Бизнинг кўз ўнгимизда яна бир анти-Россия мезальянси тузилмоқда. Унинг асосий қуроли ҳарбий эмас, психологик қуролдир. Асосий мақсад - рус жамиятида нифоқ қўзғатишни ҳар қандай усул билан рағбатлантириш, Россияни "Москва Майдани" га олиб келиш ва Кремлдаги қиролликка янги Сохта Дмитрийни ўтказиш. Бунинг учун Варшава ва Вилнюс ҳатто бир неча асрлар давомида бир-бирларига етказилган ҳақоратларни унутишга тайёр. "

Муаллиф ишни билган ҳолда ёзадики, поляклар ва литваликлар умумий тарих дарсликларини тайёрлайдилар, уларда тарихни бузиб кўрсатадилар ва шу дарсликлар уларнинг орасида тарқатиладиган рус ёшларини йўлдан оздирадилар. Бундай "ишлов бериш" оқибатида бу ёшлардан келажакдаги "Москва Майдани" бўлинмаларини шакллантирилади ва уларга "Полша ва Литва ўқитувчилари раҳбарлигида Украина тажрибаси" ёрдам беради.

Кўнгилсиз оқибатлар

Бугун Кремл томонидан илгари сурилган, қўллаб-қувватланадиган ва Полшага қарши сиёсий ва оммавий ахборот воситаларининг кампанияси қанчалик узоққа боришини тасаввур қилиш қийин. Давлат ва ҳукуматга қарашли босма ва Интернет нашрларининг Россия Федерацияси аҳолисининг катта қисмига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, ушбу кампания жуда катта оқибатларга олиб келиши ва Россия фуқароларининг Полша ва полякларга бўлган муносабатига таъсир қилиши мумкин. Албатта, буларнинг барчаси келажакда икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларига ҳисса қўшмайди.

Аммо, афсуски, ташвиқот аппарати атайлаб эккан нафрат ва васваса Россия фуқароларининг бошқа халқларга муносабатига тузатиб юборган биринчи марта эмас. Бир неча йил олдин грузинлар ва украиналиклар бунга ишонч ҳосил қилишган.

Григорий Месежников (Grigorij Mesežnikov)

Муаллиф— «Институт общественных проблем» IVO президенти ва Венадаги Гуманитар фанлар Институти таклиф қилинган эксперти.

Ян Макареевич таржимаси (Абу Муслим)

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР