loader
Foto

Айбсиз айбдор қилинганлар

YouGov Халқаро тадқиқот маркази ўтказган сўровномалардаги маълумотларга қараганда, 2015 йили баҳор фаслида сўралган европаликларнинг 40 фоизи мусулмонлар ҳақида салбий фикрда эканини билдирган. Бироқ нашриётнинг ёзишича, мусулмонлар ҳақида салбий фикр билдираётган одамлар аслида уларнинг дунёси ҳақида жуда кам биладилар.

Ер юзида 1,8 миллиард одам Исломга эътиқод қилади. “Бу дин энг тинч диндир”, деб ёзади Slate. Буни тушуниш учун нашриёт бир неча ўн йил орқага қайтишни таклиф қилади: 1970 йилларда мусулмонлар билан боғлиқ ҳеч қандай кенг миқёсли конфликтлар бўлмаган.

Албатта, радикал Исломни тарғиб қилаётган террористик ташкилотлар ўз ғояларини оқлашлари учун ўрта аср матнларидан ўзларига керакли “ҳужжат”ларни осонгина топиб олиши бошқа миллион-миллион мусулмонлар ҳам зўравонликларга мойил, деб айтиш дегани эмас. Қайсидир бир жамият ичида қасддан одам ўлдириш жиноятининг кўплиги ёки камлигини аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу жиноятни тайёрлаш учун террористик ҳужумларга ўхшаб кўп вақт ва катта моддий сарф-ҳаражат талаб этилмайди. Шунинг учун ҳам дунё бўйлаб содир этилган бундай қотилликлар миқдори урушда ёки террорчилар хуружидан ўлганлар сонидан анча кўпдир. Сўнггиси барча мамлакатларни қамраб олмайди. Қотиллик жинояти эса ҳамма ерда учраб туради.

The Small Arms Survey мустақил тадқиқотлар лойиҳаси баёнотини нашр қилди. Унга кўра, 2007 йилдан 2012 йилгача уруш ёки террористик хуруж оқибатида ўлган битта одамга қасддан ўлдирилган еттита одам тўғри келар экан. Агар мусулмонлар зўравонликка бошқалардан кўра кўпроқ мойил бўлса, улар орасида содир этилаётган қасддан қилинган қотиллик ҳам кўп бўлиши керак эди. Аслида кўрсаткичлар бунинг аксидан далолат бермоқда: жамиятда мусулмонлар нуфузи қанчалик кўп бўлса, қасддан содир этилган қотилликлар ҳам шунча кам, деб ёзади Slate. 2011 йил Калифорния Университетининг сиёсатшуноси М. Стивен Фиш 1994 йилдан 2007 йилгача мусулмон дунёсида қасддан содир этилган қотилликлар Европа мамлакатларидан уч баробар, АҚШдан эса икки баробар кам эканини аниқлади. Мазкур жиноятнинг ўта паст даражада бўлганини ҳукуматнинг қаттиққўл сиёсати билан изоҳлаш мумкин бўлса-да, тадқиқот бу омилни ҳисобга олиб, эришилган натижага унинг алоқаси йўқ эканини ҳам зикр қилиб ўтган.

М.С. Фиш келтирган маълумотларга кўра, 1994 йилдан 2008 йилгача радикал исломчилар тарафидан ташкиллаштирилган портлашлар дунёдаги 70 фоиз ўлимга сабаб бўлган экан. 2010 йил эса бу фоиз анча ўсган.

Бироқ 1,8 миллиард мусулмоннинг 600 миллиони Жанубий-Шарқий Осиё ва Хитойда яшашини унутмаслик лозим. Уларнинг 317 миллионигина Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада истиқомат қилади. Нега динлари бир бўлса ҳам аввалгилари кейингиларига қараганда анча тинч яшайди? Slateга кўра, гап динда эмас, балки одамларнинг фаравонлиги ва ҳукуматнинг ўзини тутишидадир. Айнан репрессия, коррупция, инсон ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш каби ҳолатлар одамларнинг радикал ғояларга мафтун бўлишига шароит яратади.

Slon.ru сайти материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади