loader
Foto

Аҳли сунна ва жамоатни тарк қилиш тойилиш ва азобдир

Шарҳ: Яъни, саҳобалар жамоасига, тобеъийнлар жамоасига ҳамда Қуръон ва Суннатни ушлаган асрлар жамоасига эршагашишни ҳақ ва тўғри, деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни йўлдан тойиш ва азобга сабаб, деб эътиқод қиламиз.

ИХТИЛОФ ВА ТАФРИҚАНИНГ ТУРЛАРИ

Билингки, ихтилоф икки хил бўлади.

1. Бир нарсанинг турида ихтилоф.

2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Турдаги ихтилоф шулки-ихтилоф қилинган гап ёки ишоранинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар:

Саҳобалардан иккиталари Қуръон қироатида ихтилоф қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида «Икковингизники ҳам тўғри»-деганлар. (Бухорий ривоят қилган).

Азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасини қилиш маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд намози ва жаноза такбирлари ўхшаган шариатда бор, лекин турлари ҳар хил нарсалар, шулар жумласидандир.

БУНГА ЎХШАШ ИХТИЛОФДА ХУСУМАТ ҚИЛИШ ҲАРОМДИР

Кўпинча, бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш даражасига етиб боришига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «Омин»ни овоз чиқариб ёки ичида айтиш масалаларида шундоқ бўлади. Бу эса айни ҳаром ишдир.

Ушбу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ёки зулм юзасидан, бир гап ёки иш мақталадию, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки тараф орасида хусумат кучайиб уруш-жанжалга бориб етади.

Қарама-қарши ихтилофда эса, икки гап ёки ишдан бири ҳақ, бошқаси ботил бўлади. Бу анча қийин иш.

Қарама-қарши ихтилофга Аллоҳнинг тавҳиди ҳақидаги ихтилоф киради. Шунингдек, қабр азоб ҳақми ёки ҳақ эмасми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожлари жисм биланми ёки фақат руҳ биланми? каби ихтилофлар киради. Бундай ихтилофлар гоҳида аслий нарсада, гоҳида фаръий нарсада бўлади.

Биринчи нав-турдаги ихтилофда гоҳо, агар ҳақ бўлса ҳам, иккинчи тарафга зулм қилган тамон мазаммат қилинади. Агар орада бир-бирига зулм қилиш бўлмаса бундай ихтилоф қилган икки тарафни ҳам Қуръони карим мадҳ қилган.

ўазотлардан бирида, мусулмонлар душманга паноҳ бўлиб турган хурмоларни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари кесдилар. Баъзилари кесмадилар. Орада ким тўғри қилдию, ким нотўғри қилди, деган савол пайдо бўлди.

Шунда Алллоҳ таоло: «Сиз хурмони кесган ёки аслида тик қолдирган бўлсангиз, фақат Аллоҳнинг изни ила қилдингиз», (Ҳашр: 5) деган оятни нозил қилди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайза уруши куни аср намозини вақтида ўқиганларни ҳам. Бани Қурайзага етиб келгунча орқага сурганларни ҳам, маъқул кўрганлар. (Бухорий ривоят қилган).

Аммо иккинчи нав–қарама-қарши–ихтилофда эса бир томон мадҳ қилинади. Иккинчи томон мазаммат қилинади.

Қуръони каримда: «Лекин ихтилоф қилдилар. Бас улардан кимдир иймон келтирди. Кимдир куфр келтирди», (Бақара: 253) дейилган.

Бошқа бир оятда эса: «Ушбу икки хусуматчи томон Роббилари ҳақида хусумат қилдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди», (Ҳаж: 19) дейилган.

МУСУЛМОНЛАРНИНГ КЎП ИХТИЛОФЛАРИ БИРИНЧИ НАВГА ОИДДИР

Уммат аъзолари орасида ҳавойи нафсга берилиш, қон тўкиш, душманлик ва бир-бирини ёмон кўришга олиб борадиган ихтилофларнинг кўпи биринчи навдаги ихтилофлардир. Чунки, хусуматчи тоифалардан бири иккинчисининг ҳам ҳақда эканинни билмайди, инсоф қилмайди, балки бу хилофни иккинчи навли хилофдан–қарама-қарши хилофдан деб ўйлайди.

Бу эса зулм ва ҳаддан тажовуз қилиш сабабидандир.

ҚУРЪОН ҲАҚИДАГИ ИХТИЛОФЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

Қуръонга иқрор бўлганларнинг У ҳақидаги ихтилофлари икки турлидир:

1. Унинг нозил қилинишида ва Аллоҳ таоло уни гап қилиб гапиргани ҳақидаги ихтилоф.

2. Уни таъвил қилишдаги ихтилоф.

Биринчи тур ҳақида гапирадиган бўлсак: Бир тоифа: «Қуръон- Аллоҳнинг қудрати ва хоҳиши билан, Ундан бошқада халқ қилингани учун ҳосил бўлган каломдир. У Аллоҳ таоло билан қоим бўлмагандир»-дейди.

Бошқа бир тоифа эса: «Қуръон-Аллоҳнинг сифатидир. Ўз зоти ила қоимдир. Махлуқ эмасдир. Лекин У зот ўз хоҳиши ва қудрати ила гапирмайди»-деган.

Бу икки тоифа ҳам ўз гапида ҳақ ва ботилни жамлагандир. Бас, ҳақнинг баъзисига иймон келтириб, ўзидан бошқа гапирган ҳақга куфр келтиргандир.

Иккинчи тур-таъвил қилишдаги ихтилофларга келсак:

Амр ибн Шуъайб отасидан, у эса бобосидан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз саҳобалари олдига, улар қадар ҳақида хусумат қилиб турганларида чиқиб қолдилар. Униси бир оятни келтирса, буниси бошқа оятни келтирар эди. Шунда. У зот худди юзларидан анор донаси бўртиб чиққан ҳолга келдилар ва: «Шунга амр қилинганмисизлар?! Шунга вакил қилинганмисизлар?! Аллоҳнинг китобининг баъзисини баъзисига уришга-я?! Ўзингизга амр қилинган нарсага назар қилингда, унга эргашинг. Қайтарилган нарсангиздан қайтинг», дедилар. (Ибн Можа ва Термизий ривоят қилганлар).

Бошқа бир ривоятда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қавм! Сиздан олдинги умматлар шундоқ қилиб, анбиёларига ихтилоф қилишлари билан, китобнинг баъзисини баъзисига уришлари билан залолатга кетганлар. Қуръоннинг баъзисини баъзисига урманглар! Қуръоннинг баъзиси баъзисини тасдиқлаб нозил бўлгандир. Ундан билган нарсаларингизга амал қилинг. Ўхшаш бўлиб қолганига иймон келтиринг»-деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Жамики аҳли бидъатлар, Қуръон таъвилида ихтилофлар қилганлар. Унинг баъзисини қўйиб, баъзисига иймон келтирганлардир. Улар ўз фикрларига мувофиқ бўлган оятга иқрор бўладилар. Фикрларига хилоф келган оятларни эса, ёки бузиб таъвил қиладилар, ёки «Бу муташобиҳ, бунинг маъносини ҳеч ким билмайди», дейдилар. Ёки: «Буни фақат мужтаҳидлар билади, холос»-дейдилар.

Шундоқ қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарса маъносини инкор қиладилар. Бу эса: куфр маъносидадир. Чунки, маъносиз лафзга иймон келтириш аҳли китобнинг иймони жинсидан бўлади.

Далил:

1. «Аллоҳнинг ип(дин)ини маҳкам тутинглар. Тафриқага тушманглар». (Оли Имрон: 103)

2. «Ўзларига очиқ-ойдин баёнотлар келганидан кейин тафриқага тушган ва ихтилоф қилганларга ўхшаманглар. Ана ўшаларга аламли азоб бордир». (Оли Имрон: 105)

3. «Албатта, динларини тафриқа қилганлар ва гуруҳ-гуруҳ бўлганларда сенинг ҳеч нарсанг йўқ. Уларнинг иши Аллоҳга ҳавола. Кейин уларга нима иш қилганларининг хабарини берур». (Анъом: 159)

4. «Бу-Аллоҳ Китобни ҳақ ила нозил қилгани ва Китоб ҳақида ихтилоф қилганлар чиқур хилофда эканлигидандир». (Бақара: 176)

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, икки китоб аҳли динларида етмиш икки миллатга бўлиндилар. Ушбу уммат етмиш уч миллатга бўлинади. Ҳаммаси дўзахдадир. Магар биттаси, жамоатдан бошқаси»-деганлар.

Бошқа бир ривоятда: «Одамлар: «Улар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули!»-дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва саҳобаларим йўлида бўлганлар»-дедилар. (Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилганлар).

Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳли сунна ва жамоатдан бошқа ҳамма ихтилофда бўлишини баён қилдилар.

"Талхийси шарҳи ал-ақийдатут таҳовия", Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ