loader
Foto

Инсонни азоблаш мумкин эмаслиги

Шариятда жиноятчига қарши қўлланадиган жазо чораси эса, уни иккинчи бор жиноятга қўл урмасилик учун, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ёки қасос олиш учун белгиланган холос. Азоблаш, қийнаш маъносида белгиланган чора йўқ.

Афсуски, бошқа тузумларда, хусусан коммунистик тузум ва уларга тобеъ бўлган тузумларда ўзига ёқмаган кишиларни, айбсиз одамларни, маҳкама ҳукмисиз ҳам, хоҳлаганига анвоий азоблар билан азоблаш одат бўлди. Коммунистлар ва уларнинг шогирдлари томонидан инсон хаёлига келмаган азоб услублари ва турлари ишлаб чиқилди. Тирик инсонни тирноқларини суғириб олишдан тортиб, электр курсида азоблашгача. Бошига заҳарли ҳашоратлар тўла махсус қалпоқ кийгизишдан тортиб, ўзини боғлаб жинсий олатига ўт тутишгача, бошига пластик қоп кийгизиб бўғишдан тортиб, тош парчалари устида эмаклаштиришгача турли-туман услублар ишлаб чиқилди. Мазкур азобларни жорий қилувчи жаллодлар инсонлигини йўқотган ваҳший бўлмаса, инсонликдан озгина хабари бор шахс бошқа бир инсонни бундоқ азоблаши мумкин эмас.

Инсонпарвар дин бўлмиш Ислом дини эса, инсонларни азоблашни, уларга озор беришни, уларни сўкишни ва инсонлик кароматига нолойиқ муомалада бўлишни ҳаром қилган. Ҳаттоки ҳақиқий мусулмонлик васфига бошқа нарса эмас, кишиларга тили ва қўли ила озор етказмаслик шарт қилиб қўйилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур ҳадисларида:

 «Мусулмон-тилидан ва қўлидан мусулммонлар саломат бўлган кишидир»-деганлар.

Агар ушбу ҳадиснинг маъносини осонлаштириб тушунтирмоқчи бўлсак, ким мусулмонларга тили билан ёки қўли билан озор берса мусулмон эмас, деган бўлар эдик.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида эса:

 «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш кофирликдир», деганлар.

Демак, бировга озор бериш Исломда ҳаром қилинган ишдир.

Ушбу масала бўйича шариятимизда келган ҳужжат-далилларни ўрганадиган бўлсак умумий назариётга боғлиқ маълумотлардан ташқари, амалий маъно айни воқеъликдан, ҳаётнинг мағзидан олингандир. Бу эса, Ислом таълимотлари ҳаводан олинган эмас, балки ҳаёт тажрибаларига йўғирилган эканлигига яна бир ёрқин далилдир. Ёша пайтларда асосан хўжайинлар томонидан қўл ва хизматчиларни азоблаш тарқалган бир ҳолат эди. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадислар айнан ушбу мавзуъда ворид бўлгандир.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Ким ўз ғуломини тарсакиласа ёки урса, албатта, бунинг каффороти, уни озод қилишдир»-деганлар.

Бу: ўз қулини ноҳақдан бир тарсаки урган одамнинг гуноҳи фақат ўша қулни озод қилиш билангина ювилади, деганидир. Энди, ўз қулидан бошқани урган, тарсаки эмас, турли асбоблар билан урган, тепган, хушидан кетгазган, бошини ёрган, аъзосини майиб қилган, тирноғини суғириб олган ва бошақача азобларга дучор қилган ваҳшийларнинг ҳоли нима бўлишини тушуниб олаверишимиз мумкин.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий равишда хизматларида турган, У зотниг доимий ҳамроҳлари бўлган ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг гувоҳлик беришларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч кимга, ходимларига ҳам бирор оғиз қаттиқ гап айтмаганлар, сўкиш ва уруш ҳақидда гап-сўз бўлиши ҳам мукин эмас. Шу билан бирга Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобаларига ҳам бу ишни қилишга йўл бермаганлар.

Биргина мисол келтирайлик, Имом Муслим келтирган ривоятда саҳобалардан Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

 «Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан «Эй Абу Масъуд, билгинки», деган овоз эшитдим. Ғазаб кучидан овозни танимадим. Овоз эгаси менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот: «Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ, сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирдир», демоқда эканлар. Мен дарҳол, бундан сўнг, ҳеч қачон қулни урмайман, дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди. «Эй Аллоҳнинг Расули у Аллоҳнинг розилиги учун ҳурдир», дедим. У зот: «Агар шундоқ қилмаганингда дўзах сени тутган бўлар эди»-дедилар».

Шунингдек, давлатнинг номидан, айбдор ҳисобланганларни ҳам азоблаб бўлмайди:

Имом Муслим келтирган ривоятда айтилишича, Ҳишом ибн Ҳакийм розияллоҳу анҳу Шомда офтобга турғазиб қўйилиб, устларидан ёғ қуйилаётган ажам деҳқонларни кўриб қолиб, бу нима?-деб сўрабдилар. Харож бермаганлари учун азобланмоқдалар, деб жавоб берилибди. Шунда у киши: «Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта одамларни бу дунёда азоблаганларни Аллоҳ азоблайди»-деганларини эшитганман», дедилар ва амирнинг олдига кириб бу ҳадисни айтдилар. Ҳалигиларни қўйиб юборишга амр қилинди».

Ҳа, инсонларни азоблаганлар мабода бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам у дунёда ҳеч қачон қутила олмайдилар.

Ислом ҳукми бўйича инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин, холос.

Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки урдирган волийларни ўзларини урдирар эдилар.

Бир куни бир жангчи ўз амири Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келди. У ўз улушини тўлиқ берилишини қаттиқ туриб талаб қилгани учун амир уни урган ва сочини олдириб ташлаган эди.

Умар розияллоҳу анҳу амир Абу Мусога «Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўзингдан қасос олишга имконият яратиб бер. Холий жойда қилган бўлсанг, унга ўзингдан холий жойда қасос олишга имконият яратиб бер. Бўлмаса иш бошқачага айланади»-деб мактуб юборди.

Амир Абу Мусо халифанинг амрига бўсиниб жангчига ўзидан қасосини олиш имкониятини яратиб берди. Лекин, жангчи уни афв этди.

Бунга ўхшаш мисоллар тўлиб ётибди. Ислом таълимотлари қуруқ гап эмаслиги ҳаммага маълум.

Аллоҳнинг мукаммал дини Ислом бундан ўн беш аср илгари бутунлигича ҳаётга татбиқ этган бу ғояни инсониятнинг энг тараққий этган вакиллари 1948 йили:

«Ҳеч бир инсон азоб-уқубатларга ёки қўпол, ваҳшиёна ва кароматини ерга урувчи муомаларга дучор қилинмайди», деган иборалар билан Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларасиясига ёзиб қўйдилар.

Бунинг учун уларга ташаккур. Лекин амалда нима бўлаётганини кўрилиб, билиниб турибди.