Фожиа сабабларини ўрганган парламент комиссиянинг аниқлашича, самолет бортида иккита – чап қанот қисмида ва марказий бўлимда портлаш рўй берган. Мутахассислар самолет бўлакларида тротил, гексоген ва пентрит изларини топишган. Портлаш ҳолати самолетнинг шикастланиш характери ва парчаларнинг қанчалик тарқалганлиги, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жароҳатлари билан ҳам тасдиқланади.
"Россиялик терговчиларга руслар Полша самолетини ҳалокати сабабларини тергов қилишда унинг бортидаги портлаш далилларини яширишга уринганликда айбловлар янгради", – дейилади хабарда.
Сейм комиссияси раиси Антоний Мацеревич твиттерда жойлаштирган видеода самолет парвозининг сўнгги дақиқалари моделлаштирилган.
Полша ҲҲК га тегишли самолетда мамлакат сиёсатчилари, ҳарбийлари ва бошқа юқори мансабдор амалдорлардан иборат делегация 2010 йилнинг 10 апрелида СССР НКВД ходимлари томонидан 1940 йилда отиб ташанган поляклар хотирасини эсга олиш учун Катинга учиб кетаётганди. Самолет бортида Полша президенти Лех Качинский, унинг турмуш ўртоғи, Полша Олий бош қўмондонлигидан бир нечта генерал ва Полша президенти маъмуриятидаги муҳим шахслар бор эди.
Бунгача авиаҳалокат сабаблари Полшанинг собиқ мудофаа вазири Антоний Мацеревич томонидан бошқарилган Полша мудофаа вазирлиги комиссияси томонидан ўрганилганди. 2018 йил у ҳалокатнинг асосий сабаби самолет бортидаги портлаш бўлган деб айтган.
Россия тергов қўмитаси самолет бортидаги портлаш версиясини асоссиз деб ҳисоблайди. Россия томонининг фикрига кўра, ҳалокатда самолетни кўриш қийин бўлган шароитларда қўндиришга қарор қилган ва қўшимча аэродромга йўл олмаган поляк учувчилари айбдор бўлган. Оқибатда самолет дарахтга илиниб, бошқарув йўқотилган ва ағдарилиб кетган.
Полшада самолет ҳалокати учун айб Россияга юкланмоқда. Мацеревичнинг фикрига кўра, россиялик диспетчерлар ва номи айтиб ўтилмаган "учинчи шахс" Полша ҳукумат лайнерини қасддан ҳалокатга учратган бўлиши мумкин.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бир неча йил олдин Полша ҳукуматига Смоленск ҳалокатини ёддан чиқариш ва Россия-Полша муносабатларини ривожлантиришга даъват қилиб, қуйидаги сўзларни айтганди:
"Бемаъни гапларни тўхтатинг. Ҳалокат, кулфат рўй берди, биз уни сизлар билан бирга бошимиздан кечирдик, йўқ жойда бўлмаган нарсаларни ўйлаб топишга ҳожат йўқ. Агар фожиа бўлса – унга фожиа сифатида муносабатда бўлиш керак", - деди Путин Полша самолёти бортидаги портлаш эҳтимоли ва Полшада бу мавзуда олиб борилаётган тергов ҳақида савол берилганида.
"Бу фалокатга ёпишиб олиш Россия-Полша муносабатларига янада зарба беради. Улар ички сиёсий курашдан кўра муҳимроқдир. Бу саҳифани ўгиринг, улғайинг, етукроқ бўлинг", - деди Путин.