loader
Foto

Пекин Помирга даъво қиляптими? Хитой ОАВ Тожикистон ва тожиклар ҳақида нималар ёзяпти?

Мақола муаллифи, журналист-тарихчи Чу Йао Лу, асосан, Хитойнинг тарихий минтақалари ҳақида ёзади. Мақола Хитойда энг машҳур икки веб-сайтда бир неча кун оралиғида қайта чоп этилди.

Муаллифнинг ёзишича, Цин сулоласи (1644-1912) даврининг охирида Ғарб босими остида Хитойдан айрим тарихий ҳудудлар ажралиб чиқиб, давлатнинг қулашига олиб келди. «Энг янги Хитой давлати ташкил топгандан сўнг (1911) ҳокимиятнинг бирламчи вазифаси йўқотилган ерларни тиклаш эди. Баъзи ерлар қайтарилди, бошқалари эса қўшни мамлакатлар назорати остида қолмоқда. Ана шу жуда қадимий ҳудудлардан бири Жаҳон кучларининг босими туфайли 128 йил давомида Хитойдан ташқарида бўлган Помирдир», деб ёзади Чу Йао Лу. «Жаҳон кучлари» остида Россия ва Буюк Британияни кўзда тутилади.

Муаллиф фикрига кўра, СССР парчаланиб кетиши билан баъзи ҳудудларни қайтариб олиш имконияти пайдо бўлди. «Шаклланишининг дастлабки йилларида қийин иқтисодий аҳволда қолган янги Тожикистон Хитойдан «ҳалол» ёрдам олди. Хитой ёрдамини олгач, Тожикистон томони ХХРга бир пайтлар йўқотган ерларини қайтариш ташаббусини илгари сурган эди. 2010 йилда музокаралар якунланиб, Хитой йўқотилган 1158 кв. км ерларини кайтариб олди. 2011 йилда 128 йил давомида ўз тарихий илдизларидан ажралган бу Помир ерлари расман Хитойга қўшиб олинди», - деб ёзади тарихчи-журналист

Муаллифнинг ёзишича, Тожикистон ХХРга 1158 кв. км ерларни берган, ваҳоланки, Тожикистон расмий ОАВ доимо Хитойга берилган 1100 кв. км. Ерлар ҳақида ёзишган ва буни «дипломатик ғалаба» деб аташган (собиқ ташқи ишлар вазири Хамрохон Зарифининг сўзлари).

ХХР оммавий ахборот воситалари ушбу масалани ёритишда доимо Хитойнинг тарихий манбаларига мурожаат килишган ва бирон марта бошқа тарихий ҳужжатлар мавжудлигини ва машҳур тарихчилар, жумладан, академик Рахим Масов, мутлақо қарама-қарши фикрда эканлигини айтиб ўтишмаган.

Нима учун бу мавзу Хитой оммавий ахборот воситаларида яна долзарб бўлиб қолгани номаълум. Бунга Хитой ва Ҳиндистон чегарасидаги Ладах шаҳрида камида 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган қуролли тўқнашув сабаб бўлиши мумкин. Ҳиндистон ОАВ Хитой 14 давлатлар билан чегарадош ва унинг барча қўшниларига ҳудудий даъволари бор ва баъзан ҳатто янги дипломатик ғалаба ҳақида эълон килиш учун аллақачон ҳал бўлган муаммоларга қайтмоқда.

Тожикистон ҳақидаги мақолада Хитой матбуоти Пекин даъво қилаётган ҳудудни аввалгидек «Мурғоб» эмас, балки «Помир» деб атамоқда.

Хитой матбуоти нафақат Тожикистонни, балки унинг аҳолисини ҳам қашшоқ ва муҳтож қилиб кўрсатмоқда, бу ҳақида журналист Жўнг Лусеннинг ўтган ҳафта эълон қилган сафар қайдлари ҳам далолат беради. Бу қайдлар исталган тожик ўқувчисининг иззат-нафсига тегиши мумкин -муаллиф Душанбедаги оила мисолида оғир иқтисодий аҳвол ва аксар тожик оилаларининг гўшт истеъмол қилишга қодир эмаслиги ва уларнинг дастурхонида ҳатто банан ҳам йўқлиги ҳақида ёзади. Хитойликлар банан йўқлигидан ҳайратга тушади, бунинг сабаби эҳтимол, уларнинг ватанида бананлар кўплиги ва жуда арзон нархда сотилиши билан боғлиқ. Лекин у Тожикистонда банан ўсмаслигини, лекин хитойликларнинг ҳаммаси ҳам сотиб олишга қурби етмайдиган бошқа ширин ва мазали мевалар ўсиши билмайди.

Журналист ўз ҳикоясини Рудакий шоҳкўчасида Мавлуда (исми ҳақиқий эмас) исмли бир аёл билан танишишдан бошлайди: у хитойлик эркакдан унга иш топишни сўрайди. Жўнг Лусен аёлга раҳми келиб, маълум бир ҳақ эвазига кийимларини ювиши ва хонани тозалаб бериши учун уни уйига таклиф қилади.

Бир куни Мавлуда Хитойлик журналистни уйига таклиф этди. «Мен унинг уйида меҳмон бўлганимда, у дастурхон безаб, товуқ гўштидан палов қилди. Столда, паловдан ташқари, ширинликлар ва бир нечта деярли чириган олма бор эди. Мен бананларни жуда яхши кўраман, шунинг учун ундан банан бор-йўқлигини сўрадим. У банан жуда қиммат эканлигини ва сотиб олишга қурби етмаслигини айтди. Яна сўрадим: бир йилда неча марта гўшт ейишади? У шундай жавоб берди: «биз гўштни жуда кам сотиб оламиз ва бугун сиз меҳмонимиз бўлганингиз учун гўшт сотиб олдик ва биз бундан жуда хурсандмиз». Шундан сўнг ҳар сафар Мавлуданикига меҳмонга борганимда бир нечта банан, бир оз мол гўшти ва қўй гўшти сотиб оламан. Мавлуданинг тўққиз ёшли ўғли бананларни жуда яхши кўради, лекин онасининг бу меваларни бозорда сотиб олиш имкони йўқ", - деб ёзади хитойлик журналист.

Хитойлик журналист Тожикистонда 2018 йил бўлган эди, унинг сафар қайдлари эса «Буюк ипак йўлига янгича қарашлар» ахборот сайтида 2020 йил ёзида пайдо бўлди.

Тожикистоннинг «стратегик ҳамкори»ни қизиқтирадиган бошқа бир мавзу бу – Марказий Осиёда жойлашган ушбу мамлакатнинг фойдали қазилмаларидир. Яқинда Хитойнинг қидирув ресурси Байду 百度 Тожикистон ҳукумати қошидаги Геология бош бошқармаси фойдали қазилмалар, жумладан, олтин конлари харитасининг янгиланган вариантини эълон қилгани ва тез орада бу конларда иш бошланишини маълум қилди. Хитой ресурсининг аниқлаштиришича, фақат Тожикистоннинг шимолий қисмининг ўзида 145 та олтин кони жойлашган. «Якин кунларда яна 30 та кон ҳақида маълумотлар ойдинлаштирилади»,-деб ёзади Байду.



Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Хитойнинг ТВЕА компаниясига олтин конларини ўзлаштириш бўйича расман рухсат берган. Хитой иқтисодий тадқиқотлар маркази ўтган ой ТВЕА «Юқори Кумарг» ва «Юқори Дуоба» конларида олтин қазиб олиш учун сертификат олди, деб хабар берди. «Лойиҳани амалга ошириш 2020 йилнинг баҳорида бошланиши керак эди, бироқ бунга коронавирус пандемияси тўсқинлик қилди. Режага кўра, корхона қурилиши бир ярим йил ичида якунланади. Агар коронавирус асбоб-ускуналар етказиб беришга халақит бермаса, қурилиш2021 йил ўртаси ёки, ҳеч бўлмаганда, охирига қадар якунланади», - деб хабар қилади Хитой иқтисодий тадқиқотлар маркази.

Манба: ozodi.org

Абу Муслим таржимаси