loader
Foto

Умар розияллоҳу анҳунинг вафотлари

Ҳузайфа: «Мен у зотнинг: «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади», деганларини эшитганман», деди.

«Мен бу ҳақда сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», деди Умар.

«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди Ҳузайфа.

«У очилурми, синдирилурми?» деди Умар.

«Синдирилур», деб жавоб берди Ҳузайфа.

«Ундоқ бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да», деди Умар.

Биз Масруққа:

«Ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканлигини билармикан?» дедик. У сўради. Ҳузайфа:

«Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди», деди.

«Фитна» сўзи луғатда «синов» ва ўзимиз тушунадигандек, «ёмонлик» маъносини ҳам англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда мусулмонлар ичида фитна чиқиб, урушлар, келишмовчиликлар ва нохушликлар бўлиши ҳақида баъзи ҳадисларни айтган эдилар.

Ҳазрати Умар ҳам бу нарсадан хабардор эдилар. Шу билан бирга, мазкур фитна менинг вақтимда чиқмасмикан, мен унга аралашиб қолмасмиканман, деган хаёл билан юрар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур фитна ҳақидаги ҳадисларини яхши билган кишилардан сўраб-суриштириб юрар эдилар. Кунлардан бир кун ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодиса бўлиб ўтди.

Ҳазрати Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?», деб сўраб қолдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу саволларига жавобан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу:

«Мен у зотнинг: «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади», деганларини эшитганман», деди.

Кўриниб турибдики, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар назарда тутган «фитна»дан кичик маънодаги фитна, синов ва бир хил нарсаларга чалғиб, ибодатда камчиликка йўл қўйиш маъносини тушундилар. Шунинг учун ҳам мол-дунё, аҳли аёл ва қўни-қўшни туфайли содир бўлган гуноҳларни намоз, рўза ва садақа ювиб юбориши ҳақидаги ҳадисни айтдилар.

Ҳазрати Умар эса, катта фитна, яъни мусулмонлар орасида чиқадиган келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ва жанглар фитнаси ҳақида сўраган эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидан кейин:

«Мен бу ҳақда сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», дедилар.

Мусулмонлар орасида чиқадиган фитнанинг денгиз мавжидек мавж уришини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар. Ҳазрати Умар Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга ўша васф¬ни эслатдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу ҳадисни ҳам яхши билар эдилар. У киши ҳазрати Умар у фитна ҳақида нима учун сўраётганларини ҳам тушуниб етдилар. Шунинг учун у кишини тинчлантириб:

«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди.

Яъни, «Эй Умар, ўша денгиз мавжидек мавж урадиган фитнага мен аралашиб қоламанми, деб қўрқмагин. У билан сенинг орангда ёпиқ эшик бор», деган эдилар. Бу эшик бир шахс эканлигини ҳадиснинг давомидаги

«Умар эшикнинг ким эканлигини билармикан?» деган жумладан ҳам билиб оламиз. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умарнинг Ҳузайфа розияллоҳу ан¬ҳуга:

«У очилурми, синдирилурми?» деб берган саволлари «Ўша ёпилган эшик бўлган шахс ўзи вафот этадими ёки бошқалар томонидан ўлдириладими?» деган маънони англатар эди.

Бу саволга Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Синдирилур», деб жавоб берди. Бу билан у: «Ўша фитнага эшик бўладиган шахс ўлдирилади», демоқчи эди.

Ҳазрати Умар тушуниб етдилар ва:

«Ундоқ бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да», дедилар.

Ҳақиқатда ҳам шундоқ бўлиб чиқди. Ҳазрати Умар даврларида ҳеч қандай фитна чиқмади. У кишидан кейин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У зотнинг хилофатлари охирида фитна чиқди. Фитначилар у кишини ўлдирдилар ва шу туфайли фитна мусулмонлар орасида денгиз мавжидек мавжланди. Қанчадан-қанча буюк саҳобийлар, улуғ мусулмонларнинг қонлари тўкилди. Турли-туман фирқалар, гуруҳлар юзага чиқди. Ўша фитнанинг асари ҳозиргача Исломга, мусулмонларга зарар етказиб келмоқда. Мусулмонлар ўзларининг бир минг беш юз йиллик тарихларида ҳеч қачон ташқи душмандан мағлуб бўлмаганлар. Ҳар доим ўз ичларидан чиққан фитна туфайли мағлуб бўлганлар.

Ушбу ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан эшитиб ўтирган кишилар, фитнага эшик бўлиб турган одам кимлигини ҳазрати Умар билармидилар ёки йўқми, деган хаёлга бордилар. Сўнг машҳур тобеъинлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳга бу ҳақда Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрашни таклиф қилдилар. Улар бу ҳақда:

«Биз Масруққа: «Ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканлигини билармикан?» дедик», дейдилар.

Масруқ Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга бу саволни берди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу саволга жавоб бериб: «Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди», деди.

Демак, ҳазрати Умарнинг ўзлари билиб туриб, яна сўрашларидан мақсадлари бошқаларни ҳам хабардор қилиш ва бу масалани яна ҳам таъкидлаб олиш экан.

Ҳа, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадиси шарифларига суянган ҳолда, ўзларининг бошқа биров томонидан ўлдирилишларини билар эдилар. Ўзи аслида ниятлари ҳам шаҳид бўлиш эди.

Имом Бухорий Асламдан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳу: «Эй бор Худоё! Мени Ўз йўлингда шаҳид бўлиш ила ризқлантиргин ва ўлимимни Расулинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртида қилгин», дер эди».

Исмоилий Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳунинг: «Эй бор Худоё! Ўз йўлингда қатл бўлишни ва Ўз Набийинг юртида вафот этишни насиб эт!» деганини эшитдим ва:

«Бу қандоқ ҳам бўлар эди?» дедим.

«Аллоҳ қачон хоҳласа, уни олиб келур», деди у».

Аллоҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бу дуоларини қабул қилган эди. Аллоҳнинг иродаси билан шу нарса собит бўлди.

Йигирма учинчи ҳижрий санада ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одатдагидек ҳажга бордилар.

Имом ал-Масъул киши Саъйид ибн Мусай¬йиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Минодан қайтганидан кейин Абтоҳда туя чўктирди. Сўнгра чалқанча ётган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб: «Эй бор Худоё! Ёшим улғайди. Қувватим озайди. Раъиятим тарқалди. Бас, мени ўзингга зое қилмай олгин!» деди.

Ибн Саъд Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одатда эҳтилом ёшига етган асирларнинг Мадинага киришларига изн бермас эди. Муғийра ибн Шўъба Куфада амир бўлиб турганида мактуб ёзиб, унга ўзининг бир неча ҳунарларни биладиган ғуломини эслатди. Унинг Мадинага киришига изн сўради. У ўз мактубида: «У одамларга манфаатли бўлган кўп ишларни билади. У темирчи, наққош, нажжордир», деган эди. Умар уни Мадинага юборишга изн берди. Муғийра унга ҳар ой юз дир¬ҳам топиб беришни шарт қилди. У Умарнинг олдига келиб, харожнинг кўплигидан шикоят қилди. Умар: «Харожинг кўп эмас», деди. У қаттиқ аччиғи чиққан ҳолда қайтиб кетди. Бир неча кундан кейин Умар уни чақириб:

«Агар истасам, шамол билан тортадиган тегирмон қилиб беришинг мумкинлигини айтишди», деди. У Умарга пешонасини буриштириб қаради-да:

«Мен сенга бир тегирмон қилиб берайки, тилларда достон бўлсин!» деди. У қайтиб кетганидан сўнг Умар ўзи билан бирга бўлган одамларга:

«Ҳозирги қул менга дўқ уряпти-ку», деди.

Сўнгра Абу Луълуъа икки бошли ханжар ясади. Қоронғида келиб, масжиднинг бурчакларидан бирига беркиниб олди ва Умар одамларни намозга уйғотиб келадиган пайтини пойлаб турди. Ҳазрати Умар унга яқинлашганида, уч марта ханжар урди».

Имом Бухорий Амр ибн Маймундан ривоят қилади:

«Умар исобатга учраганда мен билан унинг орамизда фақат Абдуллоҳ ибн Аббос бор эди, холос. У (Умар) одатда, икки сафнинг орасидан ўтса, «Тўғриланинглар!» дер эди. Токи сафларда камчилик кўрмаганда, олдинга ўтиб такбир айтар эди. Одамларнинг жамланиши учун сураи Юсуфними, Наҳлними ёки шуларга ўхшашни қироат қилар эди.

У такбир айтганидан сўнг (Абу Луълуа) чавақлаганда «Мени ўлдирди ёки еди ит!» деганини эшитдим. Ажам кофир пичоқ билан икки томонга ташланиб бораверди. Кимнинг олдидан ўтса, ўнг томонда бўлса ҳам, чап томонда бўлса ҳам, пичоқ санчар эди. У ўн уч кишини пичоқлади. Улардан еттитаси ўлди. Буни кўрган мусулмонлардан бир киши унинг устига чопон ташлади. Ажам кофир тутилишини билганидан кейин ўзини сўйиб юборди.

Умар Абдурраҳмон ибн Авфнинг қўлидан ушлаб олдинга ўтказди. Умарга яқин турганлар мен кўрган нарсани кўрдилар. Аммо масжиднинг бош¬қа тарафидагилар нима бўлганини билмас эдилар. Улар Умарнинг овози йўқолиб қолганини билдилар, холос. Улар «Субҳаналлоҳ!» дейишар эди. Абдурраҳмон ибн Авф уларга енгил намоз ўқиб берди.

Улар намоздан чиққанларида у (Умар):

«Эй Ибн Аббос, қара-чи, мени ким қатл қилди экан?» деди.

У бир муддат айланди-да, қайтиб келиб:

«Муғийранинг ғуломи», деди.

«Ҳунармандми?» деди Умар.

«Ҳа», деди Ибн Аббос.

«Аллоҳ уни қатл этсин! Мен уни маъруфга амр қилган эдим. Менинг ўлимимни Исломни даъво қилмайдиганнинг қўлида қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Сен билан отанг Мадинада ажам кофирларнинг кўпайишини яхши кўрар эдинглар», деди.

«Агар хоҳласангиз, (шундай) қиламан (яъни, уларни ўлдираман)», деди ибн Аббос.

«Бекор айтибсан! Улар тилингизда гапирганларидан, қиблангизга қараб намоз ўқиганларидан ва ҳажингизни адо этганларидан кейинми!?» деди Умар.

Уни кўтариб, уйига олиб боришди. Биз ҳам бирга кетдик. Худди одамларга ўша кунгига ўхшаш мусибат етмаганга ўхшар эди. Биров: «Ҳеч гап эмас», деса, бошқаси: «Бирор гап бўладими, деб қўрқаман», дер эди. Унга ивитилган хурмо суви берилди. Ичган эди, қорнидан оқиб чиқди. Сўнгра сут берилди. Сут ҳам жароҳат еридан оқиб чиқди. Шунда одамлар унинг ўлишини тушундилар. Биз ҳам унинг олдига кирдик. Одамлар келиб, унга мақтов сўзларини айта бошладилар. Бир ёш йигит келиб:

«Хурсанд бўлинг, эй мўминларнинг амири! Аллоҳ сизга берган башоратлар ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлдингиз, қадимдан ўзингиз билгандек Исломда бўлдингиз. Сўнгра волий бўлдингиз ва адолат қилдингиз. Кейин эса шаҳидлик», деди. Умар:

«Бу менинг фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмаслигини истар эдим», деди.

Йигит ортига қайтиб кетаётганида унинг изори ерга судралиб кетаётгани маълум бўлди. Умар:

«Менга йигитни қайтаринглар!» деди ва унга:

«Эй биродаримнинг ўғли, кийимингни кўтариб ол. Бу кийиминг учун покликдир, Роббинг учун тақволикдир», деди ва гапида давом этиб:

«Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Менинг қарзларимга назар сол», деди.

Ҳисоб қилишган эди, саксон олти мингча чиқди.

«Агар оли Умарнинг моли етса, қарзни уларнинг молидан адо қил. Етмаса, Бани Адий ибн Каъбдан сўра. Агар уларнинг ҳам моллари етмаса, Қурайшдан сўра, улардан бошқаларга ўтма. Менинг зиммамдаги бу молни адо қил. Мўминларнинг онаси Оишанинг олдига бориб, «Умар сизга салом айтади», дегин, «мўминларнинг амири», демагин. Мен бугун мўминларга амир эмасман. «Умар ўзининг икки соҳиби ила дафн қилинишига изн сўрайди», дегин», деди Умар.

У (Абдуллоҳ) бориб, салом берди ва изн сўради. Cўнгра унинг олдига кирса, ўтириб олиб йиғлаётган экан. У Оишага:

«Умар ибн Хаттоб сизга салом айтади ва ўзининг икки соҳиби ила дафн қилинишига изн сўрайди», деди.

У киши (Оиша) «Ўзимга кўзлаган эдим, энди албатта, бугун уни ўзимдан устун қўяман», дедилар.

У қайтиб келганида «Мана, Абдуллоҳ ибн Умар қайтиб келди», дейилди.

«Нима билан келдинг?» деди Умар.

«Сиз яхши кўрган нарса билан, изн бердилар», деди Абдуллоҳ.

«Алҳамдулиллаҳ! Мен учун бундан кўра муҳимроқ нарса йўқ эди. Бас, қачон қазо қилсам, мени кўтариб боринглар ва сен салом бергин-да, «Умар ибн Хаттоб изн сўрайди», дегин. Агар менга изн берса, мени киритинглар. Агар рад қилса, мени мусулмонларнинг қабристонига қайтариб олиб боринглар», деди.

Мўминларнинг онаси Ҳафса (бинти Умар) келди. У киши билан аёллар бирга келдилар. Биз уларни кўрганимизда ўрнимиздан турдик. У киши унинг олдига кириб, бир муддат йиғлади. Эркаклар изн сўрадилар. У киши улар учун ичкарига кириб турдилар. Биз у кишининг ичкаридаги йиғиларини эшитдик».

Имом Табаронийнинг ривоят қилишларича, ал-Мисвор ибн Махрам кириб келди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг устиларига чойшаб ёпиб қўйилган, ҳамма жим, бошини қуйи солиб ўтирар эди. Ал-Мисвор:

«Ҳоли қандоқ?» деди. Ўтирганлар:

«Кўриб турганингдек», дейишди.

«Бу кишини намоздан бошқа нарса билан ўзига келтириб бўлмайди. Агар ўзига келиши мумкин бўлса, фақат шу билан бўлиши мумкин», деди Ал-Мисвор. Шунда баъзилар:

«Эй, мўминларнинг амири, намоз», дедилар.

Шунда бирдан жусса ҳаракатга келиб, ҳазрати Умар:

«Ҳақ. Ё Аллоҳ, намоз бўлдими?! Ким намозни тарк қилса, Исломда унинг ҳаққи бўлмас», деб, жароҳатларидан қон оқиб туриб, намоз ўқиди».

Имом Муслимнинг ривоятида келишича:

Одамлар:

«Эй мўминларнинг амири, васият қилинг, ўрнингизга халифани танланг», дедилар. У киши:

«Сизларнинг ишингизни тиригимда ҳам, ўлигимда ҳам кўтараманми? У ишдан менинг насибам озгина бўлишини, фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмаслигини хоҳлар эдим. Агар ўрнимга халифа тайин қилсам, мендан яхши шахс тайин қилган. (Яъни, Абу Бакр.) Агар сизларни шундоқ тарк қилсам, мендан яхши шахс сизларни шундоқ тарк қилган. (Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)», деди.

Абуллоҳ ибн Умар: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилганида ўз ўрнига бировни тайин қилмаслигини билдим», деди.

Сўнгра Умар: «Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида вафот этган кишилар: Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Толҳа ва Абдурраҳмонлардан (ибн Авф) бошқани ҳақли кўрмайман. Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ бўлади. Унинг ўзига амирликдан ҳеч нарса йўқ. Бу унинг учун таъзияга ўхшаган бир нарса. Агар амирлик Саъдга етса, яхши. Агар ундоқ бўлмаса, сиздан ким амир қилинса, ундан ёрдам олиб турсин. Мен уни ожизлик ёки хиёнат юзасидан ишдан олганим йўқ», деди.

Кейин у киши: «Ўзимдан кейинги халифага аввалги муҳожирларнинг ҳаққини билмоғини, уларнинг ҳурматини қилмоғини васият қиламан. Унга диёрга жойлашган ва иймонга ихлос қилган ансорларга яхшилик қилмоқни васият қиламан. Уларнинг яхшисидан яхшилигини қабул қилмоғини ва ёмонини афв қилмоғини васият қиламан. Унга барча юртлар аҳлига яхшилик қилмоғини васият қиламан. Улар Исломнинг ёрдамчиларидир. Мол йиғувчилардир. Душманнинг аччиғини чиқарувчилардир. У фақат улардан ортиб қолган нарсани уларнинг розилиги билангина олсин. Мен унга аъробийларга яхшилик қилишни васият қиламан. Чунки улар арабларнинг аслидирлар. Исломнинг моддасидирлар. У уларнинг молларининг ҳошиясидан олиб, фақирларига берсин. Мен унга Аллоҳнинг зиммасидагиларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммасидагилар учун аҳдга вафо қилишни, уларни ҳимоя қилиб урушишни, тоқатларидан ташқари нарсани таклиф қилмасликни васият қиламан», деди».

Абу Нуъайм, Ибн Саъд, Тобароний ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганида у кишининг ҳузурига кириб:

«Эй мўминларнинг амири! Хурсанд бўлинг! Албатта, Аллоҳ сиз билан шаҳарларни қурди. Нифоқни даф қилди. Ризқни таратди», дедим. У киши:

«Сен менга амирлик бўйича мақтов айтмоқдамисан, эй Ибн Аббос?!» деди. Мен:

«Ундан бошқасида ҳам», дедим. У киши:

«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мен унга қандай кирсам, шундай чиқишни истардим. Ажр ҳам бўлмаса, гуноҳ ҳам», деди.

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу:

«Мени ўтқазинглар», деди. Ўтириб олиб, Ибн Аббосга:

«Менга гапларингни қайтар», деди. У қайтарганидан кейин:

«Сен шунга Аллоҳнинг олдида, У Зотга йўлиққан кунингда гувоҳлик берасанми?!» деди. У:

«Ҳа!» деди.

Умар розияллоҳу анҳу бундан хурсанд бўлди».

Абу Нуъайм Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳунинг бошлари у киши вафот этганидаги беморлигида менинг сонимда эди. У киши менга:

«Бошимни ерга қўй», деди. Мен:

«Сонимда бўлса ҳам, ерда бўлса ҳам сиз учун барибир эмасми?» дедим. У киши:

«Уни ерга қўй», деди.

Мен ерга қўйдим. У киши:

«Агар Роббим мени раҳматига олмаса, менга вой бўлсин! Менинг онамга вой бўлсин!» деди».

Ибн Абу Дунё Яҳъ± ибн Абу Рошид ал-Басрийдан ривоят қилади:

«Умар ўз ўғлига: «Кафанимда исроф қилманглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга унинг бадалига ундан кўра яхши нарсани беради. Агар ундан бошқача бўлсам, мени шилиб олади ва шилишни зудлик ила қилади. Қабримни ҳам иқтисодли қилинглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга уни кўзим етадиган жойгача кенг қилиб қўяди. Агар ундан бошқача бўлсам, уни менга тор қилиб қовур-ғаларимни бир-бирига киритиб юборади. Мен билан аёл киши чиқмасин. Ўзимда йўқ нарса билан мени оқламанглар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи мени энг яхши билувчи Зотдир. Қачон чиқсангиз, тез юриб боринглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, мени ўзим учун яхш¬¬¬¬¬и бўлган нарсага тезроқ тақдим қилган бўласизлар. Агар ундан бошқача бўлса, елкангизга кўтариб олган ёмонликни тезроқ ташлаган бўласизлар», деди.

Шундоқ қилиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафот этдилар. У кишининг вафотлари Ислом уммати учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги иккинчи катта мусибат эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг жанозаларини у кишининг ўзларининг васиятларига биноан, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ўқидилар.

Имом Бухорий Амр ибн Маймундан ривоят қилади:

«У киши қабзи руҳ бўлганларидан кейин кўтариб олиб чиқдик. Юриб бордик. Абдуллоҳ ибн Умар салом берди ва: «Умар ибн Хаттоб изн сўрайди», деди. (Оиша): «Уни киритинглар», деди. У киши киритилди. Ўша ерга, икки соҳибларининг ёнига қўйилди».

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Ўшанда Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ сени раҳмат қилсин. Аллоҳ сени икки соҳибинг билан бирга қилишини умид қиламан. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп марта «Мен Абу Бакр ва Умар билан бўлган эдим», «Мен Абу Бакр ва Умар билан қилган эдим», «Мен Абу Бакр ва Умар билан кетган эдим», деганларини эшитганман. Мен Аллоҳ сени икки соҳибинг билан бирга қилишини умид қиламан», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинганида йигирма учинчи ҳижрий сананинг Зул-ҳижжа ойидан уч кун қолган, сешанба куни эди. Чоршанба куни дафн қилиндилар.

Барча уламоларимиз ва тарихчиларимиз «Ислом умматига Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан кейинги етган энг катта мусибат Умар розияллоҳу анҳунинг вафотлари орқали етган мусибат бўлди», дейдилар. Ўша пайтда бу хабардан бутун Ислом олами ларзага келган эди. Катта саҳобалар ҳам қаттиқ йиғлаган эдилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ишларининг шонли давомчиси, Ислом уммати учун мислсиз ишларни қилган забардаст халифа бу дунёни тарк этган эди.

Аллоҳ таолонинг иноятигина бундай шахсни ўша вақтда бутун бошли бир умматга тақдим қилиши мумкин эди, холос. Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг мислсиз фидокорликлари, топқирликлари, тадбиркорликлари, илмлари, сиёсатлари ва бошқа хислатлари ила Ислом жамиятининг қисқа вақт ичида дунёнинг етакчи жамиятига айланишига сабабчи бўлдилар.

Барча тарихчилар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни дунёдаги энг машҳур ҳукмдорлар рўйхатининг аввалги қаторларида зикр этадилар.

Яқинда ғарбда олиб борилган илмий тадқиқотлардан сўнг тарихда инсониятга энг кўп фойда етказган юз кишининг рўйхати тузилди. Мазкур рўйхатнинг биринчи сирасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом турган бўлсалар, тўртинчи сирадан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жой олганлар.

Умар ибн Хаттобдан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин!