loader
Foto

Қуръонни ёқиш ҳаракати билан намойиш қилишга рухсат олмоқчи

Дастлаб улар 28 август куни жума намози вақтида Швециянинг Мальмё шаҳридаги энг катта масжид яқинида митинг ўтказишни режалаштиришганди. Унинг кампанияси давомида, Дания ўнг қанот экстремисти Rasmus Paludan, Қуръонни чўчқа гўшти билан ўраш ва уни намойишкорона ёқишни режалаштирмоқда. Бу экстремист Дания ва Норвегияда ҳам шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга оширган. Лекин Швецияда бундай чора ўтказишга унинг уриниш Мальмё аҳолиси ва Швециядаги кўплаб одамларни ғазаблантирди. Гап шундаки, Мальмё мамлакатда учинчи йирик ва аҳоли зич жойлашган шаҳар бўлиб, у ерда кўплаб мусулмонлар яшайди. Шундай экан, даниялик экстремист бу шаҳарни атайлаб танлаган.

Шаҳар аҳолиси, мусулмонлар ҳам, номусулмонлар ҳам, худога ишонмайдиганлар ҳам режалаштирилган ҳаракатлардан жуда ғазабда ва шаҳарда тартибсизликлар ёки тўқнашувларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Кўплаб мусулмон ташкилотлар полицияга мусулмонларга нисбатан адоват ва нафрат уйғотаётгани боис бундай намойиш ва ҳаракатга йўл қўймасликни сўраб мурожаат қилган. Полиция ҳали якуний қарор қабул қилмади. Дастлабки маълумотларга кўра, полиция рухсат бериши мумкин, аммо масжиддан узоқда ўтказиш шарти билан. Швециянинг демократик Конституцияси фуқароларнинг митинглар, намойишлар ва зўравонликсиз ҳаракатлар ўтказиш ҳуқуқини кафолатлайди ва ҳимоя қилади.

Китобларни намойишкорона ёқадиганларни доим қоралаб келганман. Китобларни ёқиш ҳақида эшитганимда, мен дарҳол ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб, Германиядаги фашистлар китобларни оловга ташлайдиган ҳужжатли хрониканинг лавҳаларини кўраман. Фашистларнинг усуллари ўзгармаган ва бугунги кунда биз ўнг қанот экстремистлари аслида худди ўша фашистлар эканлигини кўрамиз, улар учун энг муҳими, одамлар гуруҳини топиш ва уларни барча қийинчиликларда айблашдир. Сўнгги ўн йил ичида ғарбда, шунингдек, Россияда ҳам миллий ва диний нафрат қўзғаб ҳокимиятга келишни истаётган шахслар ва сиёсий кучлар пайдо бўлди. Бу янги фашистлар ва экстремистлар демократияни йўқ қилиш учун демократия таклиф қилаётган имкониятлардан фойдаланмоқда. Сўз ва матбуот эркинлиги, намойишлар ўтказиш ва фикр билдириш эркинлиги, буларнинг барчаси бизга демократияни кафолатлайди, лекин фашистлар ва экстремистларнинг ҳокимиятга келиш учун демократиядан фойдаланишига йўл қўймаслик учун нимадир қилишимиз керак...

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси