Такфирдан мақсад:
Такфир – бир шахсни кофирга чиқариш бўлиб, икки қисмга бўлинади:
– Яҳудийлар, насронийлар ва мажусийлар сингари ҳақиқий кофирларни кофир деб ҳукм қилиш.
– Муайян бир шахсни қилган эътиқоди, гапирган гапи ёки қилган иши туфайли исломдан чиқиб, муртад бўлди деб ҳукм қилиш. Такфирнинг динимиз огоҳлантирган ва унинг учун бир қанча қонун-қоидалар ва шартларни белгилаб қўйган қисми мана шудир.
Аслида, кофир деб ҳукм чиқариш шаръан жоиздир:
Муносиб бўлган шахсни кофир деб ҳукм қилиш шаръий иборалар билан собит бўлган шаръий ҳукмдир. Зеро, Аллоҳ таоло мусулмон бўлмаганларга қарата ана шу лафз билан хитоб қилиб, шундай деган: “Айт: “Эй кофирлар!””[1]. Ўзининг оятларини ёки расулларини ёхуд динидан бирор нарсани масхара қилганлар устидан кофир деб ҳукм чиқариб шундай деган: “Агар улардан сўрасанг, албатта: “Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос”, дерлар. Сен: “Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?” деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”.[2]
Бундан ташқари Аллоҳдан Ўзгаларга дуо қилиш сингари айрим ишлар ёки сўзларнинг устидан ширк деб ҳукм чиқарилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса, данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар. Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар. Гап эшитсалар ҳам, сизга жавоб бера олмаслар. Қиёмат куни эса, сизнинг уларни ширк келтирганингизни инкор этурлар”.[3]
Бировларни кофир деб ҳукм чиқаришга кимлар ҳақли?
Такфир – шариатга оид ҳукм бўлиб, тўғридан-тўғри Аллоҳ ва Унинг Расулига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам Китоб ва суннатдан очиқ-ойдин далил-исбот бўлмаса, бировларни кофирга чиқариш мумкин эмас.
– Зотан, яҳудийлар, насронийлар ва мажусийлар сингари ҳақиқий кофирларни умумий тарзда ёки муайян бирларини кофир деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасига вожибдир. Чунки, уларнинг кофирликлари динимизда зарурат юзасидан маълумдир. Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули (с.а.в)нинг сунати ана шуни ифодалаб келган:
Аллоҳ таоло: “Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир”,[4] дейди.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай келган: “Муҳаммаднинг жони Унинг измида бўлган Зотга қасамки, мени ушбу умматнинг бирортаси –яҳудийси ҳам, насронийси ҳам – эшитадиган бўлса-ю, кейин мен пайғамбар қилиб юборилган нарса (дин)га имон келтирмасдан вафот этадиган бўлса, дўзах эгаларидан бўлади”.
Ҳадисдаги “ушбу уммат”дан мурод барча инсонлардир. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) барча одамларга пайғамбар қилиб юборилганлар. Бинобарин, улар даъват қилинаётган умматдирлар.
Мўминларнинг сифатларини ҳақиқий кофирларга нисбатан ишлатишлик ёки уларни кофирга чиқармаслик залолатга кетиш қабилидандир. Бирор бир мусулмонни муртад бўлди деб эътиқод қилиш, уни кофир деб ҳукм чиқаришлик эса ҳар қандай одам қилиб кетаверадиган иш эмас. Ҳатто толиби илмлар ёки одамларни динга даъват қилиш билан шуғулланиб юрганлар ҳам. Бу иш албатта, Китоб ва Суннатни, такфирга тааллуқли қонун-қоидаларни, унинг шартлари ва монеликларини, катта куфр билан кичик куфрнинг орасидаги фарқни ҳамда амални кофирга чиқариш билан муайян бир шахсни кофирга чиқаришнинг ўртасидаги фарқни яхши англаб етган, етук илмга эга бўлган уламоларнинг иши бўлиб, ҳукмларни чиқаришга ана ўша кишилар ҳақлидирлар.
– Энди муртад бўлгани учун бериладиган жазони ижро этиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу иш фақат раҳбарнинг ёки раҳбар тарафидан қозиликка тайин қилинган кишиларнинг измидадир. Чунки, бу ишнинг ортида бир қанча шаръий ҳукмлар ётибди. Жумладан, эру хотиннинг ўртасини ажратиб юбориш, муртад билан унинг ворислари ўртасидаги меросхўрлик алоқаларининг узилиши, муртадни ўлимга ҳукм қилиш, унга жаноза ўқилмаслиги ва ҳоказолар. Бу ишларнинг барчаси фақатгина раҳбарга тегишли бўлган ҳукмлар жумласидандир.
Имом Шофиъий (р.а.) ўзларининг “Ал-умм” китобларида шундай деганлар:
“Ҳур одамлар устидан жазоларни фақатгина раҳбар ва раҳбар (бу) ишни топширган кишилар ижро этади”.
Мусулмонларни кофирга чиқаришдан огоҳлантирув:
– Аллоҳ таоло ҳеч бир асоссиз равишда мусулмонларга ёмонлик қилишдан огоҳлантириб, шундай деган:
“Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар”.[5]
Ибн Касир ўзининг “Тафсир”ида шундай деган:
“Мўмин ва мўминалар қилмаган ишларни уларни айблаш ва камситиш йўли билан айтиб юришлик ёки гап ташувчилик қилишлик –ана шу очиқ-ойдин бўҳтондир”.
Энди айтинг-чи, ана шу ёмонлик қилиш кофирга чиқариш билан бўладиган бўлса қандай бўлади?!
Пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар:
“Қайси бир киши ўз биродарига (қарата): “Ҳой, Кофир!”, дейдиган бўлса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.[6]
Имом Бухорийда келган ривоятда эса:
“Бир киши бошқа бир кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
“Ўзига қайтиб келади”нинг маъноси биродарини камситгани, кофирга чиқарганининг гуноҳи ўзига қайтиб келади деганидир.
Ибн Ҳажар “Фатҳ-ал-Борий”да Қуртубийдан унинг қуйидаги сўзини нақл қилган:
“Хуллас, гап кетаётган киши шаръий куфр билан кофир бўлса, гапнинг эгаси рост гапирган ва унинг гуноҳи гапирилган кишига бўлади. Агар шундай бўлмаса, ўша гапнинг гуноҳи ва доғи гапнинг эгасига қайтади”.
– Пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар:
“Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш кабидир. Кимки бир мўмин ёки мўминани кофирликда айблайдиган бўлса, бас бу иш уни ўлдириш кабидир”.[7]
Ибн Ҳажар Ҳайтамий “Туҳфат-ал-муҳтож”да шундай деган:
“Бас, бу гапга эътибор берилсин ва бизлар ва уларнинг орамиздан мана шу масалалар борасида такфирга шошиладиган кишилардан огоҳ бўлинсин. Зеро, унинг кофир бўлиши хавфи бордир. Чунки у бир мусулмонни кофирга чиқармоқдадир”.
Абу Ҳомид Ғаззолий “Ал-иқтисод фи-л-эътиқод”да шундай деган:
“Иложи борича кофирга чиқаришдан сақланмоқ лозим. Чунки, “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” деб, қиблага юзланиб намоз ўқийдиган кишиларнинг қонларини (тўкишни) ва молларни (ўзлаштириб олишни) жоиз санашлик хатодир. Ҳаётда мингта кофирни (кофирга чиқармай) қўйишда хато қилиш бир мусулмоннинг бир томчи қонини тўкишда хато қилишдан кўра енгилроқдир”.
Такфир масаласининг хатарлари:
Такфир борасида шошма-шошарлик қилиш улкан ёмонлик ва катта хатар бўлиб, бу умматни бахтсизликка дучор қилган ва ҳалокатларга ташлаган ишдир. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, такфирнинг энг асосий асоратлари қуйидагиларда намоён бўлади:
Такфир хатарли йўл бўлиб, бу йўл кишини шариатга мухолиф бўлишга, залолатга кетиб қолишга ва динга бидъат ишни олиб кирган киши бўлиб қолишга олиб боради. Мусулмонларни кофирга чиқаришни, уларнинг қонларини (тўкишни) ва молларини (ўзлаштиришни) ҳалол санашлик сабабли такфирга киришиб кетган кишиларнинг ўзлари кофир бўлиб қолишлари хавфи ҳам бор.
Жамиятни парчалаб, пароканда қилиш, кўнгилларга гина ва адоватлар солиш, мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш, уларнинг хато ва камчиликларини ахтариш бор. Бу ишлар динимиз буюрган умматнинг яхлитлигидан иборат талабига тескаридир.
Мусулмонларнинг қонларини ноҳақдан тўкиш вамолларини ўзлаштириш ва обрўларини тўкишни ҳалол санаш оқибатида хотиржамликка футур етади, жамият ичида хавф-хатар кенг тарқалади ва фойдали ишлар қолиб кетади.
Ислом дини ва унинг кенг тарқалишига монелик пайдо бўлади. Чунки такфир сабабли мусулмонлар мусулмон жамиятининг ичида даъват қилиш ва фаолият олиб боришдан ҳамда бошқаларни исломга даъват қилишдан чалғийдилар. Чунки мусулмонлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қоладилар, ўрталарида уруш ва низолар пайдо бўлади.
Мусулмоннинг устидан кофир деб ҳукм чиқаришнинг шартлари:
Мусулмонни кофирга чиқаришда биргина шубҳалар ва гумонларнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, кофир бўлганига қатъий далиллар бўлиши лозимдир. Бу қатъий далилларни уламолар кофирга чиқаришнинг шартлари ва монеликлари йўқлиги орасида баён қилиб берганлар.
Кофирга чиқаришнинг шартлари:
Биринчи: ана шу сўз ё амал ёки тарк қилиш Китоб ва Суннатдаги далилларнинг тақозоси билан куфр эканлиги аниқ бўлиши.
Бинобарин, ана шу сўз ё амал ёки тарк қилиш куфр эканлиги аниқ бўлмаса, ҳеч ким бировнинг устидан кофир деб ҳукм чиқариши жоиз бўлмайди. Чунки, бу иш илмсиз равишда Аллоҳнинг номидан гапириш бўлиб қолади ва бу иш ҳаромдир. Аллоҳ таоло шундай деган:
““Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, холос”, деб айт”.[8]
Бас, модомики, очиқчасига куфрга далолат қилмас экан, сўзлар ва амалларни тушунтириш ёки ҳалолга чиқариш ёхуд уларнинг устидан лозим тарзда ҳукм чиқариш билан мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмасдир.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай деган:
“Албатта, устидан куфр ҳукми чиқариладиганлар: сўзи очиқчасига куфр бўлган кишидир. Шунингдек, ўз сўзида туриб олган, унга эътироз билдирилганида ўша сўзини тутиб олган киши ҳамдир. Аммо ўз сўзини тутиб олмасдан уни ҳимоя қилиб туриб олган киши агарчи унинг бу иши куфр бўлса-да, кофир бўлмайди”.[9]
Иккинчи: кишининг куфрга олиб борувчи ана шу ишни қилгани аниқ бўлиши:
Бирор шахс ҳақида нақл қилинаётган нарсаларни ёки уни кофирга чиқаришни тақозо қиладиган нарсалардан унга нисбат берилаётган сўз, амал ва эътиқодни ҳукм чиқариш бобида маълум бўлган йўл-йўриқлар ёрдамида аниқлаштириш ва яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим бўлади.
Учинчи: ҳужжатнинг унга етиб келиши:
Яъни, ақида, сўз ёки амалнинг куфр эканига далилнинг ўша шахсга етиб боришлиги ва уни англаб етиши. Шунинг учун ҳам ҳужжат етиб бормаган кишининг устидан Аллоҳ таолонинг қуйидаги: “Менга ушбу Қуръонни, унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди”,[10] деган сўзи бор учун ҳам кофир деб ҳукм чиқарилмайди.
Тўртинчи: айтилган гапда кофирга чиқаришга монелик қиладиган иллатлардан бирортаси топилмаслиги. Ҳеч қандай иштибоҳ мавжуд бўлмаган очиқ-ойдин куфрнинг маъноси ана шудир. Агар гапда –кучсиз бўлса-да,– куфрнинг йўқлиги маъноси бўладиган бўлса, у гапнинг эгасини кофирга чиқарилмайди. Энди унинг ўзи ўз ихтиёри билан ўша куфр маъносини ифода қиладиган бўлса, майли.
Бешинчи: ақида, сўз ёки амалнинг устидан кофирга ҳукм қилиш билан ана шу куфрга сабаб бўладиган ишларга қўл урадиган муайян бир шахснинг устидан ҳукм чиқаришнинг орасини фарқлатиб олиш.
Динда чуқур кетган кўплаб кишилар билимсизликлари туфайли мана шу жойда хатога йўл қўядилар. Зеро, уларга, уларнинг ижтиҳодлари-ю, таъвилларига қарши хужжат келтиришга қараб муайян шахслар бир-бирларидан фарқ қиладилар.
Ибн Абу-л-Изз Ҳанафий “Шарҳ-ат-Таҳовия”да шундай деган: “Муайян шахс (ижтиҳодида хато қилгани учун) кечириладиган хато қилган мужтаҳид бўлиши мумкин ёки унга бундан бошқа хабарлар етиб келмаган кишилардан бўлиши мумкин. Унинг буюк имони ва унга Аллоҳнинг раҳматларини вожиб қиладиган яхшиликлари бўлиши мумкин”.
Ибн Таймия “Ал-фатово”сида шундай деган: “Бу борада ишнинг моҳияти шундаки, бир сўз куфр бўлиши, натижада уни гапирган шахсни: “Ким фалон сўзни айтса, бас, у кофирдир”, деб умумий тарзда кофирга чиқариш мумкин бўлади.Аммо шу сўзни айтган кишига токи қабул қилмаган киши кофир бўладиган бир ҳужжатни келтирмагунча уни кофир деб ҳукм чиқарилмайди”.
Кофирга чиқаришга монелик қиладиган сабаблар:
Биринчи: бирор ақидага эътиқод қилса ё бирор сўзни гапирса ёки бирорта амални бажарса-ю, унинг куфр эканлигини билмаса. Ана шу билмаслик замонлар, маконлар ва шахсларнинг ўзгаришига қараб турли хил бўлади.
Ибн Арабий шундай деган:
“Бас, бу умматнинг жоҳил ва хато қилаётган (кишиси)и гарчи унинг ижрочиси мушрик ва кофир бўладиган куфр ва ширк амални қилган бўлса-да, токи қабул қилмаган киши кофир бўладиган ҳужжат очиқ-ойдин даражада унинг учун аниқ бўлмагунига қадар (ана шу) билмаслик ва хато сабабли маъзур тутилади. Бу хусусда фақатгина бидъат эгалари ихтилоф қилганлар, холос”.[11]
Иккинчи: хато қилиш. Яъни, қасддан ва атайлаб бўлмаслиги.
Хато сабабли маъзур тутиш бир қанча шаръий далилларда ҳам келган. Жумладан, Пайғамбар (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хато ва унутишнинг ҳамда мажбур қилинган нарсаларини(нг жазосини) олиб ташлади”,[12]деганлар.
Учинчи: мажбурлаш: яъни, бошқани у истамаган ишни қилишга зўрлик билан мажбурлашдир. Шу даражадаки, у шахснинг унга кучи ҳам етмайди, бошқа ихтиёри ҳам қолмайди. Масалан, ўлдириб юбориш ёки аъзоларидан бирортасини кесиб юбориш билан таҳдид қилиш ва ҳоказолар.
Мажбурлаш сўзда ва амалда бўлади, кўнгилда эмас.
Ибн Баттол шундай деган:
“Куфрга мажбурланган, ҳатто ўлдириб юборилишдан хавф қилиб қалби имон билан хотиржам бўлгани ҳолда куфр келтирган кишининг устидан кофир деб ҳукм чиқарилмаслигига иттифоқ қилганлар”.[13]
Шунинг учун ҳам куфр сўзни гапирган ё куфр амални қилган кишининг устидан ҳукм чиқаришдан олдин уни мажбурлашганми ёки йўқлигини яхшилаб аниқлаштириб олиш керак бўлади.
Тўртинчи: таъвил қилиш, яъни қилаётган ишини ўзи далил қилиб келтираётган бир шубҳа туфайли тўғри ва ҳақиқат деб эътиқод қилгани учун куфр ишни қилиб қўйиши.
– киши у сабабли маъзур саналадиган таъвил –бу, шариатда ёки луғатда бирор бир сабаби йўқ бўлган таъвилдир. Аммо залолатга кетган ботиний фирқаларнинг таъвилларига келсак улар эътиборга олинмайди ва уларнинг ҳақиқати умумий ва батафсил тарзда динни алдашдир.
Ибн Вазир “Ийсор-ал-ҳаққ”да шундай деган:
“Шунингдек, барча учун зарурий тарзда маълум бўлган ана ўша нарсани инкор қилган ва барча (Аллоҳга тегишли) гўзал исмларни, ҳатто Қуръоннинг барчасини, шариатларни, қайта тирилиш, Қиёмат, жаннат ва дўзах сингари охиратга доир ишларни таъвил қилган даҳрийларга ўхшаб таъвил қилиш мумкин бўлмаган ишларда таъвилниўзига ниқоб қилиб олган кишининг кофир бўлишида ихтилоф йўқдир”.
Кофирга чиқаришда ғулувга кетишнинг сабаби:
Такфир ҳам динда чуқур кетишнинг турларидан бири бўлиб, унда шаръий, нафсоний ва ахлоқий сабаблар жамъулжам бўлиб ётибди. Бу сабабларнинг бирлашиб олишидан ашаддий ақидалар, сўзлар ва амаллар келиб чиқадики, уларнинг табиати ва таъсири вақти-вақти билан жойига қараб ўзгариб туради. Бунинг сабаблари қуйидагича:
Динни билмаслик. Айниқса, унда ғулувга кетилган ҳамда шаръий далиллар ва эътиборли уламоларнинг сўзларидан узоқлашган ҳолда ижтиҳод олиб борилган нозик масалаларни билмаслик.
Шунинг учун оят ва ҳадисларнинг ҳамда ҳукмларнинг маъноларида ўзгартириб юборишлар вужудга келди, ҳою-ҳавасга ва ботил йўл билан мунозара олиб боришга берилиш намоён бўлди, ноаҳл кишилар ижтиҳод қиладиган, фитналар ва охир замон ҳақидаги ҳадислар билан шуғулланадиган бўлиб қолинди. Ана шу ишлар ашаддий тасарруфотларга ва мусулмонларнинг ораларида фитналар қўзғалишига олиб борди.
Динда ғулувга кетишлик ҳам ўзи умуман куфр ҳисобланмайдиган катта ёки кичик гуноҳларни ёхуд иштибоҳли ишларни деб кофирга чиқаришга, қонун-қоидалари ва монеликларни ҳисобга олмаган ҳолда муртадлик ҳақидаги ҳукмларни муайян шахслар устидан жорий қилишга олиб борган ишлардан биридир.
Мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш. Аслида, бировларни кофирга чиқаришга ўтиб олган кишилар бошқаларни айблайдиган бўлишади. Улар такаббурлик қилиш билан бирга ўзларини барча айбу нуқсонлардан поклаган ҳолда бошқаларнинг сўзларини энг бузуқ тушунча билан тушунтирадилар.
Сабрнинг озлиги ва Аллоҳнинг ҳақиқат билан ботил ўртасидаги ўзаро кураш ҳақидаги қонунларини англаб етмаслик. Зеро, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш табиат ва шариат қонунларига мувофиқ тарзда жорий бўлиб тураверади. Ана шу қонунларни билмаслик бу кураш ва адоватни барча билан бўладиган кураш ва адоватга айлантириб қўяди.
Кофирга чиқаришда ғулувга кетишни муолажа қилишнинг муҳим қоидалари:
Аслида, мусулмонлар ҳақида адолатли бўлиш лозим ва унинг исломдан чиққани кундек аниқ ва равшан бўлмагунча уни мусулмон ҳисоблаш керак бўлади. Зеро, исломдаги икки шаҳодат калимасига иқрор бўлган ҳар қандай кишини токи унинг аксига далил-ҳужжат бўлмагунча мусулмон деб ҳукм қилинади. Ғулувга кетганлар тутган йўлларига ўхшаб, инсонларнинг эътиқодларини имтиҳон қилиб кўриш, уларнинг устиларидан ҳукм чиқаришда тараддудланиш эҳтиёткорлик қабилидан эмасдир.
Ибн Нужайм ўзининг “Ал-баҳр-ар-роиқ” асарида шундай дейди:
“Модомики диндан қайтиш эканлиги аниқ бўлар экан муртад деб ҳукм қилинади. Модомики, диндан қайтиш эканлиги шак-шубҳали бўладиган бўлса, муртад деб ҳукм чиқарилмайди. Чунки, аниқ ишонч билан собит бўлган ислом шак-шубҳалар билан йўққа чиқмайди”.
Катта куфр билан кичик куфрнинг ўртасини ажратиб олиш:
Қуръон ва суннатда келган куфрдан инсонни диндан чиқарадиган куфр ҳам, кишини исломдан чиқармайдиган, уни фосиқ ёки осийгагина айлантириб қўядиган кичик куфр ҳам ирода қилинган бўлади.
Шунингдек, ширк ва мунофиқликнинг ҳар иккаласи ҳам катта ва кичикка бўлинади.
Умумий тарзда кофирга чиқариш билан муайян шахсларни кофирга чиқаришнинг ўртасини ажратиб олиш.
Куфрга олиб борадиган ақидалар, сўзлар ёки амаллар устидан умумий қилиб куфр сўзини ишлатиш мумкин. Мисол учун, “Ким Аллоҳ таолони ҳақорат қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди”, деб айтиш мумкин. Лекин ана шу куфрни муайян бир шахсга нисбатан ишлатишлик барча шартлари топилиб, монеликлари йўқ бўлган тақдирдагина мумкин бўлади. Шунда ҳам юқорида ўтгани каби, ана шундай хатарли ишлар юзасидан фатво бериш ёки ҳукм чиқаришга муносиб бўлган кишилар тарафидан.
Инсонда куфр билан имон ё имон билан ширк ёки имон билан мунофиқлик жамланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам куфрга ё ширкка ёки мунофиқликка олиб борадиган бирор ишга қўл уриб қўйишлик шу ишнинг устидан бутунлай куфр ҳукмини чиқаришни талаб қилмайди. Агар юқорида ўтган шартлари ва қонун-қоидалари топиладиган бўлса, бошқа гап.
Шундай экан, куфр ишга қўл уриб қўйган кишининг устидан кофир деб ҳукм чиқаришга шошилмаслик керак бўлади. Чунки, ана куфрга олиб борадиган ана шу ишнинг сабабидан ундаги имон сифати кетиб қолмаслигининг эҳтимоли бордир.
Хотима ўрнида:
Юқорида зикр қилиб ўтилган барча гаплар бировни кофирга чиқариш масаласи хатарли ва нозик масала бўлиб, бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини таъкидлайди.
Аллоҳ таоло барчамизга ўз динимизни яхши англаб етишимизни, ошкора ва махфий фитналарнинг барчасидан Ўз паноҳидан асрашини сўраймиз.
Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси
Алоуддин Ҳофий
------------
[1]Кофирувн сураси, 1–ояти.
[2]Тавба сураси, 65– ояти.
[3]Фотирсураси, 13-14 –оятлари.
[4]Оли Имрон сураси, 85–оят.
[5]Аҳзоб сураси, 58–оят.
[6]Муттафақун алайҳи.
[7]Табароний ривояти.
[8]Аъроф сураси, 33–ояти.
[9]Фатҳ-ал-муғийсда келган.
[10]Анъом сураси, 19–ояти.
[11]“Маҳосин ат-Таъвил”да нақл қилиб келтирган.
[12]Ибн Можа ва Ибн Ҳиббонлар ривяоти.
[13]“Фатҳ-ал-Борий”да нақл қилинган.