loader
Foto

Аёл кишининг маҳрамсиз сафарга чиқиши

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Аёл киши уч кундан ортиққа сафар қилмайди, илло у билан эри ёки қариндош маҳрами бўлиши керак”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу очиқ-ойдин ҳукмни фуқаҳоларнинг жумҳури қабул қилганлар. Ҳаттоки, улар ҳаж зарурати учун бўлса ҳам аёл кишига маҳрамсиз сафар қилиш жоиз эмас, деганлар. Албатта, ўқиш ёки ажнабий юртларда ишга бориш муслима аёлларнинг заруратидан ҳеч бирига кирмайди. Чунки, шариат аёл кишига ўз ҳовлисидан ўта муҳим ҳожати тушгандагина чиқишга рухсат берган ва шу билан бирга шариат аёлнинг отаси ёки эрига уни нима молиявий ҳожати бўлса ҳаммасини кафолатлашини топширган. Аёл киши маҳрамисиз бундай ҳожатлар учун сафар қилмайди. Фақат эри ёки отасига эмас, агар улар бўлмаса ,акаси ёки укаси ёки ўғли қандай бўлса ҳам,  шариатда ҳамма тарафдан аёл кишининг таъминоти кафолатланган. Муслима аёллар ҳеч қачон умрларининг охиригача қаровсиз қолмасликлари керак.

Аёл кишининг отаси ёки эри ёки унинг маъийшатини кафолатига оладиган бирор киши бўлмаса ва унинг ҳожатини қоплайдиган молу-дунёси ҳам бўлмаса, ана шу вақтда зарурат миқдорича касб қилиш нияти билан аёл кишининг чиқиши жоиз бўлади. Шунда ҳам, албатта, ҳижобнинг аҳкомларини ўзига лозим тутган ҳолдагина чиқади. Мана шу ҳолатда аёл киши учун ўз ватанида бирор касб-кор қилиб ўзи учун етарли бўлган нарсани топишга рухсат берилади. Ажнабий юртларга бу маънода сафар қилиб боришига ҳеч қандай ҳожат йўқ. Ватанининг ўзида бўла туриб сафар қилиш керак бўлиб қолса, масалан бир шаҳардан бошқа шаҳарга сафар қиладиган бўлса, у билан бирга бориш учун маҳрамларидан бирон киши топилмай қолса, фақат шундай ҳолатдагина у аёлга Молик ёки Шофеъийнинг мазҳабларининг ҳукмини олиб, ишончли муслима аёллар жамоаси билан бирга сафар қилсалар жоиз бўлади.

Ислом Фиқҳи Академияси