loader
Foto

Туркия Озарбайжонни жанг майдонида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр

Унга кўра, аслида, муаммодан чиқиш йўли оддий ва бу йўл фақат битта. Арманистон ўз қўшинларини Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларидан олиб чиқиб кетиши керак. Чавушоғлу таъкидлаганидек, оккупацияни бекор қилмасдан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Туркия дипломатияси раҳбари Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлиги бўйича БМТ резолюциялари мавжудлигини қайд этди. Ҳужжатлар Европа Кенгаши ва ЕХҲТ томонидан ҳам қабул қилинган.

«Шунга қарамай, бугунги кунга келиб, ЕХҲТ Минск гуруҳининг ҳамраислари ва умуман ЕХҲТ можарони бартараф этиш учун аниқ қадамлар ташламади. Туркия муаммони ҳал қилиш учун аниқ қадамлар кутмоқда», - таъкидлади у.

Чавушоғлу Туркия ҳукумати можарога тинч, сиёсий ечим топиш учун катта саъй-ҳаракат қилганини эслатди. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар ҳам ҳеч қандай фойда келтирмади.

"Мен бутун жаҳон ҳамжамиятига, хусусан, ЕХҲТга мурожаат қиламан: Озарбайжон ва Арманистонни тарозининг бир палласига қўйманг. Бугун биз Украина ва Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини биргаликда қўллаб-қувватлаяпмиз. Бу асосли ва тўғри позициядир. Бироқ Озарбайжонга келганда, ерлари босиб олинган Озарбайжон, босқинчи мамлакат Арманистон билан тарозининг бир палласига қўйиляпти. Бу ҳолат мутлақо нотўғри ва адолатсиз. Бу ҳақида мен бугун Хайко Маасга [Германия ташқи ишлар вазири] ҳам айтдим", - дейди Чавушоғлу.

Вазирнинг қайд этишича, Туркия ҳукумати ва халқи қардош Озарбайжон халқига яқин, худди Озарбайжон давлати ва озарбайжон халқи Туркияни барча жабҳаларда қўллаб-қувватлагани каби. Музокараларда ҳам, жанг майдонида ҳам Озарбайжонни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, деди вазир.

Арманистон қуролли кучлари Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга ошириб, бутун фронт чизиғи бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларига, шунингдек фронт чизиғида жойлашган аҳоли пунктларига кескин зарбалар берган 27 сентябрь куни Арманистон-Озарбайжон можаролари зонасидаги кескинлик кучайди. Катта калибрли қуроллар, минометлар ва турли калибрли артиллерия қурилмаларидан ўқ отилди. Фуқаролик инфратузилмаси объектлари жиддий зарар кўрган.

Озарбайжон армиясининг илғор бўлинмалари душман провокациясининг олдини олиш ва фронт чизиғи яқинида яшовчи тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун жавоб чораларини кўрди.

Урушнинг дастлабки кунлари натижасида Озарбайжон бир қатор аҳоли пунктларини босқинчилардан озод қилганлиги маълум бўлди.