Жабройил-Фузулий йўналишида душманнинг қаршилиги синдирилиб, чекинишга мажбур қилинди.
Муровдага йўналишидаги тезкор вазият Озарбайжон қўшинлари томонидан ҳам назоратга олинган.
2 октябрь соат 00:00 дан 07:00 гача бешта зирҳли техника ва автомобиль, учта ҳарбий инфратузилма объекти ва душманнинг кўп сонли аскарлари йўқ қилинди.
Арманистондан Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларига келган кўнгиллилар жангларда кескинлик ва йўқотишлардан қўрқиб, турли баҳоналар билан жанг қилишдан бош тортаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Эришилган ютуқлар ва турли йўналишларда ҳукмрон позицияларнинг озод этилиши Озарбайжон армияси ходимлари ўртасида ғалаба қозониш учун руҳият ва қатъиятни мустаҳкамламоқда, деб таъкидлади мудофаа вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, Қорабоғ можароси ҳудудидаги кескинлик Арманистон кучлари Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга ошириб, фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларига ва фронт чизиғида жойлашган аҳоли пунктларига зарба берган 27 сентябрдан бошлаб ошган.
Йирик калибрли қуроллар, минометлар ва турли калибрдаги артиллерия қурилмаларидан ўқ узилди. Фуқаро инфратузилмаси объектларига жиддий зиён етказилди.
Озарбайжон армиясининг илғор бўлинмалари душман провокациясининг олдини олиш ва фронт чизиғи яқинида яшовчи тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун жавоб чораларини кўрди.
Урушнинг дастлабки кунлари натижасида Озарбайжонда бир қатор жойларнинг босқинчилардан озод қилингани маълум бўлди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Арманистон қуролли кучларининг 200 танки ва бошқа зирҳли транспорт воситалари, 228 та артиллерия қурилмаси ва минометлар, 30 та ҳаво мудофаа тизимлари, 6 та қўмондонлик ва кузатиш постлари, 5 та ўқ-дорилар омбори, 110 дан ортиқ транспорт воситалари ва битта С-300 комплекси йўқ қилинди.