loader
Foto

Абдулатиф махдум вафот қилди

Абдулатиф Султонмаҳмудов (Абдулатиф махдум) 1930 йил Наманган шаҳрида дунёга келган. 1937-1942 йилларда Наманган шаҳридаги 4-ўрта мактабда ўқийди. 5-синфни тамомлагач, уруш даври қийинчиликлари сабаб бўлиб, мактабдаги ўқишни ташлаб, ишлашга мажбур бўлади. У 1952 йили исломий илмларини эгаллаш мақсадида Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. У ерда беш йил ўқийди, кейин Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида ҳам тўрт йил таълим олади. Бу давр мобайнида, айниқса, тафсир ва фиқҳни чуқур ўрганиб, устозлари эътиборини қозонади. Мадрасани тугаллаганлик тўғрисидаги шаҳодатномани қўлга киритгач (1959 й.), Мир Араб мадрасасида араб тилидан ўқитувчи қилиб олиб қолинади. Дарс бериш мобайнида кечки мактабга қатнаб, 10 йиллик ўрта таълим шаҳодатномасини олади. 1960-1962 йилларда Сурия Давлат университетининг шариат факультетида Шайх Муҳаммад Амин Мисрий, Шайх Мустафо Аҳмад Зарқо, Ҳишом Бурҳоний каби ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан таҳсил олади. Қайтгач, диний назорат ҳузуридаги кутубхонага ишга киради. 1963 йилдан 1968 йилгача Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида мударрис ва илмий мудир бўлиб ишлайди. Ҳозиржавоблиги ва билимдонлиги учун мадрасадаги касбдошлари ва шогирдлари уни Абдулатиф афанди деб чақиришган. У 1968-1972 йилларда мадраса мудири бўлган. Ўша даврда ўқиган талабалар Абдулатиф махдумни мудир бўла туриб фаррошлар вазифасини ҳам ўзи бажарган ўта камтарин инсон сифатида эслаб юришади.



Абдулатиф махдум 1973 йил Наманганга қайтиб, Шайх Эшон жоме масжидида (1977-1980), кейинчалик Махдум Эшон масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1991 йили Наманганда Мулла Қирғиз ўрта-махсус ислом билим юрти очилгандан кейин, кўп йиллар ушбу даргоҳда тафсир илмидан дарс берган. Абдулатиф махдум 1994 йилдан Мулла Бозор Охунд жоме масжидида имом-хатиблик қилган.

Абдулатиф махдум узоқ йиллар халқ ва дин хизматида бўлиб, кўпчиликнинг ҳурмат ва меҳрини қозонган. Ундан Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Намангандаги Мулла Қирғиз мадрасасида таълим олган юзлаб шогирдлари бугунги кунда юртимиз ҳамда хорижий давлатларда муфтий, бош имом, имом-хатиб каби вазифаларда хизмат қилмоқдалар. ("Ўзбекистон уламолари" китобидан)