iDNES (Чехия): Дронлар вақти келди. Қорабоғ узра осмон уруш келажагини кўрсатади
Учувчисиз учиш воситалари зарба бераётган кадрлар 1994 йил қонли уруш тугаганидан бери Арманистон ва Озарбайжон ўртасида турли даражада шиддат билан буруқсиб турган можаронинг янги рамзларидан бирига айланди.
Охирги йилларда нефт ва газга бой Озарбайжон учувчисиз техника харидига катта маблағлар сарфлади. Экспертлар унинг қўлланишини 2016 йил апрелида, Қорабоғ сарҳадларида тўрт кун давом этган шафқатсиз жангларда қайд этилган эди.
Бугун, қуролли можаролар янги куч билан авж олган бир патда, ушбу тенденция яққол кўзга ташланмоқда. «Туркия ва Исроилдан сотиб олинган замонавий учувчисиз воситалар туфайли Боку Еревандан устунликка эга деган хулосага келди», - деди «Форбс» журналига таҳлилчи Мэттью Бриза.
Унинг сўзларига қараганда, Озарбайжон таваккал қилиш ва тоғли жойларда яхши мустаҳкамланган позицияларга ҳужум қилиш ўрнига у душманнинг ҳаво мудофааси тизимини ва унинг зирҳли воситаларини аниқ зарбалар билан йўқ қилмоқчи бўлган бутунлай ҳолдан тойдирадиган урушга асосий эътибор қаратмоқда.
Қорабоғ узра Туркия фахри
Сентябр ойининг охиридан Озарбайжон мудофаа вазирлиги учувчисиз учиш аппаратлардан ракеталар учирилгани ёки камикадзе-дронларнинг арман техникаси, пиёдалари ва омборларига қандай зарба берганини кўрсатувчи видеолар чоп этмоқда. Боку ҳатто камикадзе-дрон ёрдамида С-300 зенит-ракета комплексини йўқ қилишга муваффақ бўлганини маълум қилган. Бироқ Ереван буни инкор этмоқда.
Туркиянинг Kale-Baykar консорциуми ишлаб чиқарадиган Bayraktar TB2 аппаратининг қўлланиши энг кўп муҳокама қилинмоқда. Шуниси қизиқки, уни ишлаб чиқишда президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви, нафсонияти кучли бўлган муҳандис Селчук Байрактар иштирок этди.
Bayraktar TB2 американинг Predator аппаратига туркларнинг жавоби деб аташ мумкин. Ушбу аппарат соатига 250 км тезликка эга, канотлари кенглиги эса 12 метрга етади. У 6,5 минг метргача баландликка кўтарилиши ва ҳавода 24 соатгача учиб юриши мумкин. Bayraktar TB2 разведка учун ва лазер нишони ёрдамида ўқ-дорилар билан зарба бериш учун мўлжалланган.
Жорий йилнинг баҳорида Анқара Идлиб вилоятида Сурия президенти Башар Асад ва Ливияда генерал Хафтар кучларига қарши қуролли амалиётларда ушбу қурилмадан фойдаланган. Бу ва Қорабоғда Bayraktar TB2 дан фойдаланиш ушбу учувчисиз аппарат Туркиянинг куч позициясини мустаҳкамлашга интилаётган Эрдўған қўлида муҳим воситага айланганини кўрсатади.
«Бугунги кунда Туркия дунёнинг энг яхши дронлар ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Унинг амбицияларини ҳисобга олган ҳолда, турк жанговар дронлари бошқа зиддиятли ҳудудларда пайдо бўлиши ва тижорат муваффақиятига олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас», - деди «Иднес» порталига ҳарбий эксперт ва хавфсизлик соҳасидаги таҳлилчи Лукаш Визингр.
Осмонни қўриқлайдиган ўқ-дорилар
Гарчи Қорабоғда Bayraktar TB2 қўлланишини кўплаб видео материаллар тасдиқлаган бўлсада, расман Озарбайжон армияси у билан қуроллантирилмаган. Мутахассислар фикрига кўра, Боку бу дронларни махфий равишда харид қилган ёки улар унга можаро бошланишига оз қолганда келтирилган.
Расмий маълумотларнинг етишмаслиги учинчи мамлакат технологияларидан фойдаланилиши билан боғлиқ. Канададаги арман диаспорасининг айтишича, Қорабоғдаги зарбалар канадалик датчиклар билан жиҳозланган дронлар томонидан амалга оширилади. Душанба куни Оттава ушбу технологияни Туркияга экспорт қилишни тўхтатди.
Бироқ Озарбайжон армиясининг учувчисиз аппаратлар арсенали фақат Bayraktar TB2 билан чекланмайди. 2019 йилда, у Исроилдан иккита разведка воситалари Heron TP ва Hermes 4507 (ўн дона), шунингдек, юз дона SkyStriker камикадзе-дронлар ва 50 Nagor камикадзе-дронлар сотиб олган.
Айнан камикадзе-дронлар ёки осмонни қўриқлайдиган ўқ-дорилар охирги йилларда тобора оммалашмоқда. Моҳиятан бу учар бомбалар бўлиб, ҳавода ўн дақиқалаб туриши, сўнгра операторнинг буйруғи билан нишонга ҳужум қилиши мумкин. Нархи арзонлиги уларнинг катта устунлигидир.
Боку режими шунингдек, ўзининг дронларини ишлаб чиқаришга инвестициялар киритмоқда. Озарбайжон-Исроил қўшма консорциуми Azad systems аллақачон разведкачи дрон Aerostar ва камикадзе-дронлар Orbiter1K ва Orbiter-3 тақдим этишга улгурди.
Озарбайжон Андула номи билан танилган эски Ан-2 бипланининг учувчисиз модификациясига эга эканлиги ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. Қорабоғ узра улар ҲҲМ тизими жойлашган ўрнини аниқлаш учун «хўрак» сифатида фойдаланилади.
Ниқоблаш ва сохта нишонлар
Арманистон дронлар сотиб олишни муносиб баҳоламади. «Россия бундай нарса ишлаб чиқармайди. Албатта, улар Хитой ёки Эронга мурожаат қилишлари керак эди. Лекин ҳаммаси пулга бориб тақалади. Россиядан қуролни улар қулай кредитлар бўйича сотиб олади, Хитой блан эса ҳаммаси шундай оддий эмас. Америкада ишлаб чиқарилган дронларга келадиган бўлсак, биз уларни ҳали кўрмадик", - дейди ҳарбий таҳлилчи Андрей Фролов BBCнинг рус хизматига.
Бугунги кунда арман армиясида фақат разведкачи аппаратлар Krunk, Bazé ва X-55 мавжуд. Дронларга қарши мудофаада уларнинг аҳволи чатоқ. Ереваннинг таъкидлашича, улар «Оса АКМ» ва «Стрела-10» зенит-ракета комплекслари билан душманнинг бир нечта дронларини уриб туширган.
Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, ушбу ракета тизимлари дронлар билан жангда алоҳида роль ўйнамайди. «Улар, эҳтимол, ўз радарларда Bayraktar TB2 ни топиш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилган. Бироқ улар вертолётларга ва ҳужумчи самолётларга қарши курашиш учун яратилган, кичик учувчисиз учиш воситаларига қарши эмас», - дейди Лондон Қирол коллежидан Россия қурол тизимлари бўйича мутахассис Роберт Ли.
Шунинг учун Арманистон, биринчи навбатда, ниқобланиш, қалбаки нишонлар ва радиоэлектрон уруш воситалари билан ҳимояланиши қолмоқда. «Баъзи ибтидоий усуллар жуда самарали бўлди ва арманлар зенит тўплардан бир неча дронларни уриб туширишга муваффақ бўлди. Аммо Россия учун ёмон хабар шуки, Озарбайжон дрони айнан дронларни йўқ қилиш учун махсус мўлжалланган "Repellent" Россия радиоэлектрон уруш куомплексини йўқ қилди», - дея изоҳ берди Лукаш Визингр.
Уруш келажаги
Озарбайжонлик дронлар арманларга катта зарар етказмоқда ва Тоғли Қорабоғдаги ҲҲМ тизимларига қаттиқ путур етказмоқда, аммо бу уруш натижасини уларнинг ўзи ҳал қилади дегани эмас. Энг муҳим ролни ҳали ҳам артиллерия, танклар, пиёдалар ва ракета кучлари ўйнайди.
«Бироқ, ҳарбий жиҳатдан тенг бўлган ва замонавий қуролларга эга бўлган икки давлат жанговар дронлардан биринчи марта жуда кенг ва бундай ошкоралик билан фойдаланди», - дейди «Армадни новины» шеф-редактори Ян Грогманн.
Шундай қилиб, Тоғли Қорабоғдаги можаро илғор учувчисиз технологиялар энди дунёдаги энг яхши армияларнинг имтиёзи эмаслигини эслатди. Бугунги кунда самарали ҳарбий дронлар АҚШ, Исроил ва Туркиядан ташқари Россия, Хитой, Эрон, Покистон ва Полша томонидан ҳам қўлланмоқда ёки ишлаб чиқилмоқда.
Аниқки, яқин келажакда дронлар тўқнашувларда ортиб бораётган роль ўйнайди ва жанг усуллари бутунлай ўзгариб кетади. «Агар бугун жанг қилиш учун осмонга экипажли олтита жанговар самолёт чиқса, келажакда одами бўлган иккита самолет бўлади. Улар дронлар гуруҳини кузатиб боради» - деди Лукаш Визингр.
Суриянинг Идлиб осмонида Туркия дронларидан самарали фойдаланиш шу йил бошида у ҳатто Буюк Британияда Challenger 2 асосий жанг танкларини сақлаб қолиш қанчалик зарурлиги ҳақида мунозараларга сабаб бўлди. Мутахассислар улар дронлар учун осон ўлжа бўлади, деб айтишди ва масала уларнинг қиммат модернизацияси ўзини оқлаши ёки оқламаслигида эди.