loader
Foto

Яманга очлик хавф солмоқда

Ямандаги касалхоналар очликдан ўлиш ёқасига келиб қолган болаларга тўлиб кетган.

Раҳима исмли икки яшар қизнинг онаси қашшоқлик туфайли Яманнинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганлигини ҳикоя қилиб берди.

«Умуман озиқ-овқатимиз йўқ эди. Очлик туфайли қизимнинг аҳволи оғирлашди», - деди аёл.

 «Ансаруллоҳ» ҳаракатининг «соғлиқни сақлаш вазири» Таха ал-Мутаваккилнинг хабар беришича, Яманда икки миллиондан ортиқ бола тўйиб овкатланмаяпти, уларнинг кўпчилиги очликдан ўлиш ёқасига келиб қолган.

«Яманда беш ёшгача бўлган ҳар учта боладан биттаси тўйиб овқатланмаяпти. Ҳар 10 дақиқада Яманда юқумли ичак касалликлари, тўйиб овқатланмаслик ва юқори ҳарорат оқибатида битта бола вафот этмоқда. Бундан ташқари, ҳар тўққизта боладан саккизтаси камқонликдан азият чекмоқда. 200 мингта аёл тўйиб овқат емаяпти, бу эса касалликларнинг тарқалишига хизмат қилади», - дейди ал-Мутаваккил.

Яманда 2014 йилдан бери қуролли тўқнашув давом этиб келаётган бўлиб, бунда бир томондан, «Ансаруллоҳ» шиалар ҳаракати исёнчилари ва Яманнинг ағдарилган президенти Али Абдуллоҳ Салоҳ тарафдорлари, иккинчи томондан эса - президент  Абдурабб Мансур Хадийга содиқ бўлган ҳукумат қўшинлари иштирок этмоқда.

2014 йилдан буён хусийлар мамлакат минтақаларининг бир қисми, жумладан, пойтахт Сана устидан назоратни ўз қўлида ушлаб турибди.