loader
Foto

Куч нимада, ука?

Машҳур «Жангчилар клуби» фильми қаҳрамонининг сўзлари билан айтганда, теварак-атроф «Стабакс» сайёраси» эди. Турк колорити ва таниқи логотип босилган қаҳва идишлари уйғунлашуви ажойиб таассурот қолдирарди. Ахир дунёда нималар рўй беришидан қатъи назар, «турк қаҳваси» барқарор ва ҳаттоки турк ўзига хослигини таърифлашда асосий аҳамиятга эга бўлиб қолаверади. Türk kahvesi, turkish coffee бу – Туркиянинг рамзидир. Лекин у эгаллаб турган ўрнини аста-секинлик билан бой бермоқда.

Ҳозирда «Старбакс», эҳтимол, Туркиядаги бизнинг кўз ўнгимизда «америкача турмуш тарзи»нинг ҳам иқтисодий, ҳам рамзий экспансияси рўй бераётган энг оммавий қаҳвахоналар тармоғи бўлса керак. Бу жараённинг рамзий таркибий қисми иқтисодиётдан кўра анча муҳимроқдир. Ахир, айтиб ўтганимиздек, рамз (символ) бу – умумий ғоя ва мақсадлар билан бирлашган одамлар гуруҳининг қолган иносниятга моддий ва номоддий мулк объектлари ҳамда ҳудуддаги ҳуқуқлар декларацияси ва режалар ҳақидаги эълондан иборат бўлган номасидир.

«Старбакс», бошқа кўплаб рамзлар билан биргаликда, бизга ҳозирги дунёда америкача маданият қай даражада чуқур ва мустаҳкам қўним топганлигини кўрсатади. Турклар, немислар, руслар, италияликлар, хитойликлар «америкача» кофе ичмоқда. Наҳотки бунинг сабаби турк қаҳвасининг ёмонроқ эканлигида бўлса? Ёки австрияликлар уни Венанинг машҳур қаҳвахоналарида яхши дамламайдими? Йўк, ҳамма гап шундаки, «Старбакс», «Макдональдс» ёки «Сабвэй» қаҳвахонасига кириб, одам гўёки Америкага тушиб қолгандай бўлади. «Чўқинтирган ота» фильмининг иккинчи қисмида Сицилияда рўй берган эпизод эсингиздами, ўшанда Майкл Корлеоне қўриқчиларидан бўлган ёш мафиозо джипда ўтиб кетаётган америкалик ҳарбийларга қарата: «Ҳой, америкалик! Мени ҳам Америкага олиб кет!» деб қичқирганди. У ўз ерида, жонажон маданияти ва анъаналар уни ҳар томондан кучли қалъа каби ўраб турибди, лекин у барибир Америкага кетишни истайди. АҚШнинг оҳанграбо кучи шундай, «америка орзуси»нинг қудрати шундай. Дон Корлеоне вақтларидан кейин ҳам бу куч-қудрат асло камайгани йўқ, аксинча, ҳар ким ўз қишлоғидан ҳам чиқмасдан туриб уни ўз қўли билан ушлаб кўриш имкониятига эга бўлди. Одам Амеркага боришни истайдими ёки йўқми, Америка барибир унинг олдига келади. Чунки «Старбакс» бўлмаган тақдирда ҳам, ҳар бир уйда телевизор бор. Оддийгина телевизор пульти тугмасини босиб, америка маданиятига ошно бўлиш мумкин.

Мана энди маданият тушунчасининг ўзига тўхталиш вақти келди. Катта совет энциклопедиясида қуйидагича таъриф берилган: «Маданият (лат. cultura - "ишлов бермоқ, ишламоқ") – инсон ва жамият тараққиётининг тарихан белгиланган, жамият ва одамлар ҳаётини ташкил қилиш турлари ва шаклларида, шунингдек, улар яратадиган моддий ва маънавий бойликларда ўз ифодасини топадиган маълум бир даражасидир».

Мазмуни бўйича шунга ўхшаш бўлган америкача таъриф бир вақтнинг ўзида кенгроқ ва аниқроқдир: "The totality of socially transmitted behavior patterns, arts, beliefs, institutions, and all other products of human work and thoughts", буни қуйидагича таржима қилиш мумкин: «Хулқ-атвор моделлари, санъат, эътиқодлар институтлар ва инсон фаолиятининг бошқа ҳар қандай маҳсули ва жамият узатадиган фикрлар йиғиндиси».

Маданият бу – шахсан сизга ёқадиган нарса эмас, бу жамият тарқатадиган ҳар қандай нарсадир. Умуман ҳамма нарса. Рассомлик санъати, йўл ҳаракати қоидалари, мартен печлари, телешоу, қурилиш технологиялари, космик станциялар – буларнинг барчаси маданиятдир. Сиз табиатда маданий ҳордиқ чиқарганингиз ҳам маданиятга киради.

Яъни муайян жамият ўйлайдиган ва қиладиан ҳамма нарса унинг маданияти ҳисобланади. Бундан тўғридан-тўғри келиб чиқадики, ким маданиятлироқ бўлса, ўша кучлироқ ҳисобланади. Жамиятнинг кучи бу – унинг маданиятлилиги ягона тўғри кўрсаткичидир.

Ҳозир америкаликларни «маданиятсизлик»да айблаш урф бўлган. Америкаликларда у ҳам ундай эмас, бу ҳам ундай эмас. Гап шундаки, ҳар бир киши шахсан ўзига ёққан нарсани маданият деб ҳисоблайди. Аслида эса танқидий фикрлайдиган бир шахснинг фикри жуда кичик аҳамиятга эга. Маданият алоҳида олинган бир шахснинг эмас, балки бутун жамиятнинг ички олами билан ўлчанадиган маконни ифодалайди. Бу жамият маданият маҳсулотларини қачалик фаол ва оммавий истеъмол қилиши эса унинг шу маданият ҳақидаги фикридир.

Масалан, джинси – шубҳасиз маданият феномени ва ушбу феноменнинг инсониятга таъсири жуда катта. Ахир одамлар қандай овқатланиши ёки қандай кийиниши ҳам маданият. Инсоният кўп жиҳатдан америка маданияти маҳсулидан, айтайлик, ўша джинсидан ҳам фойдаланади. Лекин кийим-кечаклар ва фастфуд – муз тоғининг чўққиси, холос. Ҳали яна Хэллоуин ёки Валентин куни каби байрамлар ҳам бор. Компьютер ўйинлари ва Голливуд, авианосецлар ва космик кемаларни эсдан чиқармаслик керак. Apple ва Microsoft, Илон Маск, Темир одам ва Trump Tower ҳам бор. Amazon, E-bay ва бошқа яна кўплаб нарсалар.

Америкаликларнинг комиксларга ишқибозлиги устидан истаганча кулиш, истеҳзо қилиш мумкин, лекин ҳозирда немис тилидан таржима қилинган ва АҚШда чоп этилган битта китобга Германияда инглиз тилидан таржима қилинган америка китобларининг тўққизтаси тўғри келади. Ҳисоб АҚШ фойдасига 9:1. Мана шундан кейин нима учун Германия иккита жаҳон урушида америкаликларга бой берганини тушуниш мумкин. Гўёки буюк давлат, юқори даражадаги маданият деб ўйлайсиз, лекин йўқ, бундай эмас. Америка ғолиб чиқди, чунки у кучлироқ эди, чунки маданиятлироқ бўлиб чиқди. Ҳа, бу маданият ўзгача, лекин шунга қарамасдан буюк маданиятдир.

АҚШнинг «Бегона» фильми бу борада намуна олса бўладиган ҳисобланади. Бу фильмда инсоният нуқтаи назаридан мутлақо жирканч, қабиҳ бўлиб кўринган ўзгача ҳаёт шакли объектив реалликка мослашучанроқ бўлиши мумкинлиги яққол кўрсатилган. «Бегона» фаолияти ҳар қандай маҳсули, хулқ-атвор моделлари ва кўрсатмалар йиғиндиси, яъни унинг маданияти, мутлақо ўзгача бўлгани ҳолда, нимададир инсоният маданиятидан устун келади, чунки фақат маданият даражасининг юқори эканлигигина озиқ-овқат ханжирининг юқори қисмида ушланиб қолишга имкон беради. Бироқ нафақат соф жисмоний қобилиятларга, балки техника тараққиётга ҳам асосланган инсоний маданият кучлироқ бўлиб чиқди ва инсоният муҳитига тушиб қолган «Бегона» жангда мағлуб бўлади.

Жамият кучи иқтисодий, ҳарбий ва дипломатик қудратдан кўра кўпроқ маданиятнинг устунлик қилиши билан белгиланади. Сабаб шундаки, маданият даражасининг юқорилиги реал воқеликни яхшироқ тушунишга, устунлик қилиш эса реал воқеликни ўз тушунишини бошқаларга ўтказишга имкон беради. Маданият ўз атрофидаги реал воқеликни шакллантиради. Агар “Бегона” ўз қуртларини бошқа маданият соҳиблари танасига киритиб, бунга эришадиган бўлса, одамлар унга “Бегона” учун тушунарсиз ва ёпиқ бўлган юқори технологиялар ва руҳий шижоат билан жавоб беради.

Шундай қилиб, ғалабага эришиш учун маданият бегона реал воқеликдан эмас, балки ўзингизнинг маданиятининг атрибутларидан юзага келиши лозим. «Ўз» маданиятининг муҳимлиги айнан шундан иборат. Агар жамият бегона маданият элементларин фойдаланадган бўлса, у, моҳиятан, ўз реал воқелигига кимдир томонидан бошқариладиган реал воқелик парчаларини жойлаган бўлади. Кимдир “Бегона”. Бунда ҳар қандай маданият бегона образлар ва ютуқлардан фойдаланишга мажбур бўлади. Биз ҳамма нарса бир-бири билан чатишиб кетган, ўзининг тор доиралари ва чегараларида «қулфланиб» олишга ҳаракат қилиш жамиятни турғунликка ва охир-оқибат ҳалокатга олиб келиши муқаррар бўлган глобал дунёда яшаяпмиз. «Бегона» фильмида акс эттирилган вазият фақат фантастик асарларда бўлиши мумкин. Реал дунёда бегона маданиятни ҳаттоки назарий жиҳатдан ҳам тўлалигича ташқарига ирғитиб ташлашнинг имкони йўқ.

Образли қилиб айтганда, «қуртлар» кириб бориши муқаррар, уларнинг ҳар бири маданият устунлик қилишини таъминлаш учун, яъни ўзининг реал воқелигини барпо этиш учун ишлайди. Лекин бу янги реал воқелик бошқаларга жалб этувчан бўлиши учун уларга тушунарли ҳам бўлиши керак. Бир-бирини тушуниш учун қандайдир асослар керак. Ёрқин, эсда қоладиган образлар, айнан сиз танлаб олган йўналишни белгилаган ҳолда йўл кўрсатувчи чироқлар ролини ўйнайдиган ахборот чақнаши керак. Бу ролни «Ай-Би-Эм буржи», «Майкрософт галактикаси», «Старбакс сайёраси» ўйнайди. «Америка орзуси» уларнинг ҳар бир пештоқида ёниб туради, ҳар бир гамбургердан, ҳар бир операцион тизимдан, ҳар бир смартфондан ўрин олган. Бу ердаги ҳар қандай мустақил маданият танасига жойланган «Бегона» қуртларидир. 

Кириб бориш даражаси шу қадар юқорики, барча бирлаштирувчи омиллар бугунги кунда у ёки бу тарзда америка образларига бориб тақалади. Глобал ёки поп-маданият бу – моҳиятан, америкача маданиятдир. Айнан шу сабабдан «глобаллашувга қарши курашчилар» ҳар қандай «Макдональдс»ларга қарши курашади ва бунда ўзининг ҳақиқати бор. Лекин оддийгина бульдозерда кафени бузиб ташлаш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Боз устига, бу ўша «Макдональдс»га ортиқча эътибор жалб қилиб, унга ҳар қандай рекламадан кучлироқ хизмат қилади. Айтишади-ку, агар сен ўз ичингга иблисни киритган бўлсанг, унга фарқи йўқ, устидан куляпсанми ёки бунга жиддий қараяпсанми.

Бунда юқорироқ тартибдаги маданият доимо бегона маданият элементларидан ўз манфаатларида фойдалана олади. Вақтида Усмонийлар салтанати ўзгалар урф-одатларидан ўзининг чуқур миллий рамзини яратишнинг уддасидан чиққан. Шу тариқа «турк қаҳваси» пайдо бўлган. Бу ўз маданиятини ривожлантиришда бегона маданият «қурт»ларидан қандай фойдаланиш мумкин ва лозим эканлигига ажойиб бир мисолдир.

Маданиятга қарши фақат бошқа маданият билан курашиш мумкин. Агар сизнинг маданиятингиз заиф, ўзгаларники кучли бўлса, демак вазият ёмон экан. Чунки агар маданият заиф бўлса, унинг соҳиблари ҳам заиф бўлади. Бу ерда ўз маънавиятига ишонч ҳам ёрдам бермайди. Жамият дунёга соф, кўкларга кўтарилган «маънавият»ни эмас, инсоният мавжудлигининг барча жиҳатларини қамраб оладиган маданиятни олиб киради. Ўз маданиятини оммалаштирар экан, у ўзини ҳам оммалаштиради, чунки маданият «хулқ-атвор моделлари, санъат, эътиқодлар институтлар ва инсон фаолиятининг бошқа ҳар қандай маҳсули ва жамият узатадиган фикрлар йиғиндиси» сифатида – жамиятнинг ўзидир.

Шу сабабли ғалабага, ўз ғоялари ва ўз мақсадлари кўпроқ жалб этувчанлигига фақат ўзининг маданият даражасини оширган, ўзининг ноёб маданият кодини тўлиқ сақлаган ҳолда бошқалар маданиятининг энг яхши ютуқларини интеграциялаган ҳолда эришиш мумкин. Фақат комплексли ёндашув, фақат ҳар томонлама ривожланиш.

БОШҚА ЙЎЛ ЙЎҚ.

Интернетдан, Абу Муслим таржимаси