loader
Foto

Имтиҳонда алдов

Жавоб: Маълумки, ҳамма соҳада алдов ҳаромдир. Бу тўғридаги имом Муслим ривоят қилган ҳадис барчага тушунарли: “Ким бизни алдаса, биздан эмасдир”. Бу ҳақиқатга хилоф бўлган ҳамма нарсага тааллуқли ом ҳукмдир. Алдов, ҳийла ишлатган киши гуноҳкордир. Унга бу алдовида ёрдам берган эса унинг гуноҳида шерикдир. Имтиҳоннинг қийинлиги алдовни оқлаши жоиз эмас. Имтиҳон аслида тиришқоқ ва билимлиларни бошқалардан ажратиб олиш учун жорий қилинган. Дин муомалада булар ўртасини тенг ҳисобламайди. Соғлом ақл ҳам бу тенгликка рози бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Балки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)” (Сод сураси, 28-оят). “Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят).

Имтиҳонлар ва бошқа жойларда ҳийла-найранг ва алдовларнинг ёйилиши жамиятда тарқаётган энг разил ишлардан бўлиб, бунда ботил олдинга ўтиб, ҳақиқат чекинади. Ишлари лойиқ бўлмаганларга топширилган, мезонлари тескари жамият узоқ яшамасликка маҳкум. Ҳадиси шарифларда келган қиёмат аломатларидан бири ҳам ана шундай омонатларнинг зое бўлишидир.

Шунга биноан мутахассислиги қалбаки бўлган инсоннинг амалга миниб, сохта диплом билан тирикчилик қилиши ҳам ножоиз. Ҳалол бўлмаган нарсалар билан ўсган гўштга энг афзал жой дўзахдир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз қилган ишлари билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтовлар эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар, деб ўйламанг! Улар учун аламли азоб бордир”. (Оли Имрон сураси, 188-оят).

Агар бу одам бошқалар бажарганидек ишни бажарса, бу ишда дипломининг ўрни бўлмаса, у ҳолда фосид ижарада ишни бажариб қўйиб, мислий ишҳақига эга бўлган кишига ўхшайди. Яъни ўша ишга олган ишҳақигина унга ҳалолдир ва бу амалида давом этиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам.