loader
Foto

Türkiye (Туркия): Ер остида қиймати 405 миллиард доллар бўлган олтин топилди

Ўрта ер денгизида ҳам яхши янгиликлар кутиляпти. Қора денгизда янги конлар очилиши ортидан расмийлар қимматбаҳо металлар, айниқса, олтин қидириб ер қаърининг ҳар бир қаричини синчиклаб текшириш ҳақида ўз қатъиятини эълон қилди. Мана энди хушхабар келдии: «Гюбреташ» (Gübretaş) конида қиймати 6,6 миллиард долларга тенг бўлган 100 тоннага яқин олтин захиралари топилган. Бу ер остида ўз навбатини кутиб ётган улкан захираларнинг кичик бир қисми сифатида тахмин қилинади. Тадқиқотлар Туркияда ер остидаги олтин салоҳияти 6,5 минг тонна эканлигини кўрсатди. Ҳозир эса бу захиралардан 1,5 минг тонна қазиб олиш мумкин. Шу билан бирга, очиқ захираларнинг қиймати 405 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 18 та олтин қазиб олувчи корхона фаолият юритади. Тўрт лойиҳа инвестиция босқичида, саккизта лойиҳа – бажариш мумкинлигини баҳолаш босқичида турибди. 2001 йилгача Туркия олтин қазиб чиқармасди. Биринчи олтин қазиб олиш 2001 йил  Оваджик конида (Измир, Бергама) бошланган. Қазиб олинаётган олтин ҳажми дастлаб 1,4 тоннани ташкил қилган, 2019 йил охирига келиб эса йилига 38 тоннагача ўсган. 19 йил ичида 340 тонна олтин қазиб олинган. Туркияда амалга оширилаётган қазиб чиқариш талабни қондира олмаслиги сабабли ўтган 25 йил давомида йилига 160 тоннадан, яъни қарийб тўрт минг тонна олтин импорт қилинган.

Бугунги кунга келиб Туркияда 15 та ўрта, 18 та кичик кон ва иккита жаҳон даражасидаги конлар очилган. Улардан бири Эрзинжонда, иккинчиси Ушоқда жойлашган. Туркия мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам изланишда давом этмоқда. Бир муддат аввал Суданда Олтин конини ишлаб чиқиш ҳуқуқини олган Туркия Ўзбекистонда ҳам разведка ишлари учун рухсатномага эга.