loader
Foto

Поп Гапон

Гапон Георгий Аполлонович (ҳақиқий фамилияси Гапон-Новых) (1870-1906), руҳоний, «Санкт-Петербург рус фабрика-завод ишчилари йиғилиши» ташкил қилиш ташаббускори.

1870 йил 17 февралда Полтава губернияси Кобеляк уезди Беляки қишлоғида (ҳозирги Украина) ўзига тўқ деҳқон оиласида туғилган. У Полтавада диний мактабни тугатган, кейин Полтава диний семинарияси (1893), ва кейинчалик Санкт-Петербург диний Академиясида (1898-1903) таҳсил олган.

Л. Н. Толстойнинг ёвузликка зўравонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти таъсири остида Гапон ҳаётни оқилона, маънавий асосларда қайта қурмоқчи бўлди. Ишчилар яшайдиган маҳаллаларда воизлик қилиш ва хайрия ишларини бажариш асосида у тезда халқ орасида машҳур бўлди. Гапон «муҳтожларнинг азоб-уқубатларини енгиллаштириши» лозим бўлган ишхона ва ишчи колонияларини қуриш режаси ёзилган ҳисоботни расмийларга тақдим этди.

Бунга Москва қўриқлаш бўлими (полиция) раҳбари С. В. Зубатов қизиқиб қолди. Унинг таклифи билан Гапон 1903 йил маориф ва ўзаро ёрдам билан шуғулланган «Санкт-Петербург рус фабрика-завод ишчилари йиғилиши» ташкил қилди. «Йиғилиш»нинг ишчилар активи, ташкилотчининг истакларига қарши, ўз аҳволининг яхшиланишига умид қилиб, ҳукуматга илтимоснома (петиция) тузишни таклиф қилди. Гапон ишчиларнинг қаттиқ илтимосига кўра Халқ юришини Қишки саройга бошлаб боришга рози бўлди. 1905 йил 9 январь куни (қонли якшанба) тинч намойишнинг ўққа тутилиши биринчи рус инқилобининг бошланиши эди. Ўшанда юзлаб одамлар қурбон бўлган эди. Ишини битириб бўлгач эсерлар ёрдамида Гапон чет элга қочишга муваффақ бўлди.

Лондонда у ўзининг "Ҳаётим қиссаси" номли мемуарини ёзди ва у ерда чор полицияси эмиссарларига улар билан ҳамкорлик қилишга розилик берди. Бунинг учун унга Россияга қайтишга рухсат берилди. Бу ерда, 1906 йилда, полиция бўлими топшириғига кўра, Гапон социалист-революционерлар "жанговар ташкилоти" аъзоларини эсер П. Рутенбергдан билиб олишга ҳаракат қилди. Уларнинг учрашуви 1906 йилнинг 10 апрелида Санкт-Петербург яқинида жойлашган Озеркидаги дала ҳовлида бўлиб ўтди.

Қўшни хонада ишчилар ва эсерлар бор эди, улар Гапон провокатор (қулоқ) эканлигига ишонч ҳосил қилиб, уни шу ернинг ўзида суд қилишди ва осиб ўлдиришди.



Шундан бери, ўзи “қулоқ” бўлган ҳолда одамлар ичига кириб, фитна оловини ёқиб, ўзи четга чиқиб оладиган нусхаларни поп Гапон, деб айтиладиган бўлди.

Абу Муслим