loader
Foto

Садир Жапаров – Қирғизистоннинг янги етакчиси

52 яшар сиёсатчи умрининг 3,5 йилини қамоқда ўтказган. Қамоқдалик даврида унинг отаси, онаси ва ўғли вафот этган.

Қамоқдан озод қилинганидан 97 кун ўтгач, Жапаров Марказий Осиёдаги республиканинг янги етакчиси этиб сайланди.

Шунингдек, Жапаров президентлик сайловининг биринчи турида энг кўп овоз олган номзод сифатида ўз мамлакати тарихига кирди.

Унинг ўтмишдоши Сооронбай Жеенбеков ҳам Қирғизистон тарихига кирган, аммо биринчи марта ўз ихтиёри билан давлат раҳбари лавозимини тарк этган сиёсатчи сифатида.

Жеенбеков мамлакатни ривожлантиришга ҳаракат қилиш ўрнига, ўз кучларини Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбаевга қарши курашишга сарфлаган.

Атамбаев Жеенбеков президентлиги даврида ҳибсга олинган ва уни қўлга олиш операцияси икки кун давом этган. Собиқ давлат раҳбари кўплаб жиноятларда айбланган, унинг иши бўйича суд жараёни ҳамон давом этмоқда.

Қирғизистоннинг янги сайланган Президентига келадиган бўлсак, Жапаров Қирғизистон жисмоний тарбия ва спорт институтида, шунингдек, Қирғизистон-Россия славян университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таълим олган.

Жапаровнинг сиёсий фаолияти 2005 йилда, биринчи marta Иссиқкўл туманидан депутат этиб сайланганидан бошланган.

Жапаров икки марта мамлакат Қонунчилик органига сайланган.

У Канада компанияси томонидан бошқариладиган Иссиқкўл вилоятидаги Кумтор олтин конини давлат тасарруфига ўтказишни талаб қилганидан сўнг машҳурликка эришди.

Қирғизистоннинг иккинчи Президенти Қурманбек Бакиев даврида Жапаров унинг бош маслаҳатчиси ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари вазифасини бажарган.

Алмазбек Атамбаев остида Жапаров норозилик намойишлари пайтида "гаровга одам олгани" учун 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилди ва 3,5 йилдан сўнг озод қилинди.

Жапаров сайлов кампаниясида Кумтор олтин конини давлат тасарруфига ўтказишдан бош тортди, аммо коррупцияга қарши қатъият билан курашишга ва имкон қадар тезроқ мамлакат тараққиётида ютуққа эришишга ваъда берди.

Бундан ташқари, Жапаров мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказиб, давлат муассасалари ишига аралаша оладиган ва уларга тавсиялар берадиган "Қурултой" давлат органи тузиш ниятида.