loader
Foto

Қадария ва Муржиъага ўхшаш бидъат соҳиблари

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария ушбу умматнинг мажусийларидир. Агар улар бемор бўлсалар, кўргани борманглар, ўлсалар, ҳозир бўлманглар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис мусулмонлар ичидан чиқадиган маълум бир тоифа–Қадарияга бағишланмоқда.

Бу тоифа қадар масаласида адашган тоифа бўлгани учун ушбу номни олган. Аниқроғи, қадарни инкор қилганлари учун, шундай аталган. Бу тоифага мансуб кишилар қадарга ишонмайдиган кишилардир. Улар: «Дунёдаги бандага хос ишлар банданинг ихтиёри билан бўлади, банда ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар.

Қадария бошқа мазҳабларга ўхшаб, алоҳида бир тоифага ажраб, имоми бўлиб, давомчилари маълум минтақаларга тарқалган эмас. Балки, ким юқоридаги ақийдани қилса, ўшанга қадария дейи¬лаверган. Қадария мазҳабининг энг кўзга кўринган тамсилчилари мўътазилийлардир.

Мўътазилийлар алоҳида ақийдавий мазҳаб, йўналиш соҳиблари бўлиб, бошқа баъзи бир ақийдавий масалаларда ҳам Аҳли сунна ва жамоа маз¬ҳабига хилофлари мавжуд. Жумладан, қадар масаласида ҳам юқорида зикр қилинган эътиқодда бўлганлари учун уларни «Қадария» ҳам дейилади.

Қадария мазҳабига юрганларнинг асосий хатоси инсонга берилган ихтиёрга муболаға билан қараб, Аллоҳнинг шомил ихтиёрини чеклашга уринишдир. Улар инсонда ихтиёр борлигига далолат қилувчи оят ва ҳадисларни ҳаддан ошириб, унинг ихтиёри чекланган ва Аллоҳнинг ихтиёрига тобеълиги ҳақидаги далилларни ўз фикрларига мослаб таъвил қилиш билан овора бўлганлар. Оқибатда залолатга кетганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария ушбу умматнинг мажусийлари», демоқдалар, яъни Қадария мазҳабига юрганларни Ислом умматининг мажусийлари эканини эълон қилмоқдалар. Нима учун? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар: «Маълумки, мажусийлар оташпарастлардир. Улар қуёшга ёки оловга ибодат қиладилар. Уларнинг эътиқодлари бўйича, икки асл илоҳ бор: Нур худоси ва Зулмат худоси, яъни, яхшилик худоси ва ёмонлик худоси. Ҳамма яхшиликларни Нур худоси, барча ёмонликларни эса, Зулмат худоси қилади.

Қадария мусулмонлардан бир тоифа бўлиб, қадар йўқ дейди. Улар: «Банда ўзининг ихтиёрий амалларини ўзи яратади», дейдилар. Шу эътиқодларига биноан, уларнинг фикрича, Холиқ иккита бўлади: Аллоҳ таоло ва ўз ихтиёрий амаллари бўйича инсон. Шунинг учун, яъни, икки холиқ бор, деб эътиқод қилганлари учун ҳам, Қадария иккита илоҳ бор деб, эътиқод қилувчи мажусийларга ўхшатилган».

Қадариянинг фикри ўта хатарли эканини аввалги гапларимизда таъкидлаб ўтдик. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг давомини ўрганар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уларга умуман яқинлашмасликка амр қилаётганларини кўрамиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар улар касал бўлсалар, кўргани борманг¬лар», демоқдалар.

Бу гап ниҳоятда оғир гап. Чунки Исломда бемор мусулмонни бориб кўриш бошқа мусулмонларнинг бурчидир, беморнинг бошқа мусулмонлар зиммасидаги ҳаққидир.

Қадария эътиқодида бўлган кимсалар ана ўша ҳақдан маҳрум қилинмоқдалар. Бу бир тарафдан соф эътиқодли киши учун эҳтиёт чораси: Қадария эътиқодидаги кимсани кўргани бориб, унинг бузуқ ақийдасидан таъсирланиб қолишининг олдини олиш. Иккинчидан, ўша бузуқ ақийдадаги одам учун жазо. Чунки бир бемор кимсани унинг ақийдасидан ҳазар қилиб, соф ақийдали мусулмонларнинг кўргани келмасликлари унинг учун ўлимга тенг. Учинчидан, бу бошқаларга ибрат ҳам. Фалончи Қадария ақийдасида бўлгани учун соф эътиқодли мусулмонлар беморлигини сўраб бормадилар, биз ҳам шунга ўхшаб қолмайлик, деб ўзларини эҳтиёт қиладилар. Турли бузуқ ақийдали кишиларга эргашмайдилар. Сўнгра у зот:

«...ўлсалар, ҳозир бўлманглар», дедилар.

Бу ҳам ўта қаттиқ ижтимойи жазодир. Ўлган мусулмонни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш, тирик мусулмонлар учун фарзи кифоя. Бу ерда эса, Қадария эътиқодида бўлган кимсанинг жанозасига умуман бормасликка амр бўлмоқда. Бунда, ўлган кимса эътиқодидаги тирик бузуқиларга катта танбеҳ ва мусулмонлар оммаси учун кучли эслатма бор. Агар ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган чоралар мусулмонлар томонидан оқилона ва уюшқоқлик билан татбиқ қилинганида, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан бошқа бузуқ ақийдадаги одамлар камроқ бўлармиди?

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қадария ақийдасининг хатарлилиги.

2. Қадария мусулмон умматининг мажусийлари экани.

3. Аҳли сунна ва жамоага хилоф қадарияга мансуб ақийдадаги беморларни кўргани бормаслик.

4. Аҳли сунна ва жамоага хилоф қадарияга мансуб ақийдадаги кимсаларнинг жанозасига бормаслик.

Ушбу ҳадиси шариф мусулмонларнинг ақийдасини софлигича сақлаб қолишда катта аҳамият касб этади. Аввало, Қадария эътиқодидаги кишиларнинг кимлигини фош этиб, мусулмонлар оммаси огоҳлантирилди. Қолаверса, мусулмонларнинг ўзлари ҳам ақийдалари софлиги учун курашишлари лозимлиги баён қилинди.

Халқ ичидаги обрў-эътибор ақийданинг соф¬лиги, диндорликнинг даражаси билан ўлчалгандагина мусулмонлар ўз жамиятлари устидан яхши ва тўғри жамоатчилик назорати ўрнатган бўладилар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар», дедилар».

Иккала ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввалги ўрганган ҳадисимизнинг узвий давоми десак, хато қилмаган бўламиз.

Аввалги ҳадисда айтилган гаплар бу ҳадисга ҳам тегишлидир. Фақат бу ҳадисда бузуқ ақийда эгаларига кўрсатиладиган таъсирнинг бошқача усуллари зикр қилинмоқда:

1. «Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар».

Бу иш ҳам бузуқ эътиқодли кишиларга таъсир ўтказишда, оммани уларнинг бузуқлигидан асрашда катта аҳамиятга эга. Бир тасаввур қилиб кўрайлик: бир гуруҳ мусулмонлар гаплашиб ўтиришган эдилар. Бузуқ эътиқодли киши келиб уларга қўшилиб ўтирди. Шунда ҳалиги гуруҳ одамлари бирин-кетин ўринларидан туриб кетдилар. Бузуқ эътиқодлининг ўзи қолди. У билан биров саломлашмади ҳам, саломига алик олмади ҳам. Бу жуда таъсирли чора.

2. «Уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар».

Бу чора ҳам ўта қаттиқ чора. Инсон ўзи яшаётган жамиятдаги бошқа одамлар билан алоқада бўлишга, муомала қилишга муҳтож. Эътиқоди туфайли мусулмонларнинг нафратига учраган кимса танбеҳ олади, ўзини ўнглаб олишга имкон топади. Энг муҳими, унинг ҳолини кўриб баъзи бир унга ўхшамоқчи бўлганлар ўзини тияди.

Ибн Умарга:

«Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Сўнг гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар, албатта, улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда, саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикр¬ларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

 «Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқдилар: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди».

Гапнинг сиёқидан кўриниб турибди, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан, уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибди. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади:

«Қуръон ўқийдилар».

Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани чиқади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан, бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар, бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Илмни титкилаб талаб қиладилар».

Яъни, илмни кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини Қуръон аҳли, илм аҳли қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Ва гапирувчи, уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди».

Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўз қилинаётган вақтдагина билинади, дер, эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қуйидагиларни айтдилар:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар, албатта, улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар».

Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар.

«Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтурмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».

Яъни, ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки, қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш.

2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканини эълон қилиши кераклиги.

5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги.

6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги.



 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учраш қадар аҳлидадир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида қадарга ишонмаслик нақадар оғир жиноят эканини баён қилмоқдалар. Ислом умматида ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учрашга лойиқ тоифа–Қадария тоифаси эканини эълон қилмоқдалар. Бу гап жуда қаттиқ гап. Чунки, турли умматлар ичида турли гуноҳ қилганлар ушбу азобларнинг биттасигагина учраганлар.

Мисол учун, Қорун ва унинг аҳлини ер ютган. Яҳудийларнинг чўчқа ва маймунга айланиш азобига дучор бўлгани ҳаммага маълум. Каъбатуллоҳни бузиш ниятида келган Абраҳа ва унинг аскарлари осмондан бўлган тошбўронга йўлиққанлари ҳам маълум ва машҳур.

Қадар аҳлига эса, ушбу уч азобнинг таҳдиди бирданига бўлмоқда. Шунинг ўзиданоқ бу масала нақадар хавфли эканини билсак бўлади. Бундан Аллоҳнинг Ўзи сақласин!



Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар».

Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадис машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидан чиқадиган икки тоифа ҳақида хабар бермоқдалар. У зотнинг:

«Менинг умматимдан икки синф бор», деганларининг маъноси шудир.

«Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ».

Демак, булар залолатга кетган, адашган тоифалар ҳисобланади. Аввал ушбу икки тоифани васф қилган ҳолда эшитувчини қизиқтириб, «Улар кимлар экан?» деб иштиёқларини қўзитиб олганларидан сўнг:

«Муржиъа ва Қадария», деб мазкур тоифаларнинг номларини айтдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда ташвиш тортмаган эдилар. Ҳақиқатда ҳам, кейинчалик бу тоифалар мусулмонлар ичидан чиқдилар. Тўғрироғи, шу икки васфни ўзида мужассам қилган тоифалар чиқдилар ва уларга мазкур номлар берилди.

«Муржиъа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.

Бу тоифага мансуб кишилар мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам Аллоҳ кечиб юборади, деганлари учун шу ном билан «Муржиъа»–«умид қилдирувчилар» деб номландилар.

Шунингдек, «Гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун, «Муржиъа»–«ортга сурувчилар» ҳам дейилди. Яъни, бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.

«Муржиъа»лар ҳам «Қадария»ларга ўхшаб алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажраб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржо» фикрига қўшилса, ўшани муржиъа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ пайдо бўлган фикрий-ақийдавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.

Маълумки, ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги сиёсий ихтилоф оқибатида «Хавориж» мазҳаби юзага чиқди. Улар биринчи бўлиб мусулмонларни амали туфайли кофирга чиқаришга ўтдилар. «Гуноҳи кабира қилган мўмин ким?» деган масалада қаттиқ ва давомли тортишувлар бўлди. Хаворижлар ҳеч иккиланмай: «Гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлади, дўзахда абадий қолади», дедилар.

Мўътазилийлар: «Иймон билан куфр орасидаги оралик манзилда қолади, У мўмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас», дедилар.

Ҳасан Басрий, Саъийд ибн Жубайр каби зотлар гуноҳи кабира қилган мўмин мунофиқ бўлади, дедилар.

Аҳли сунна ва жамоа эса: «Гуноҳи кабира қилган мўмин осий бўлади, гуноҳига яраша дўзах азобини тортиб, кейин қайтиб чиқади», дедилар.

Аммо ихтилоф кучайиб, мўминларни кофирга чиқариш авж олаверди. Ҳар кимнинг ўз фикрига таассубли бўлиши ҳам кучайиб бораверди. Тарафкашлик бор жойда ҳаддан ошиш бўлиши ҳаммага маълум. Хаворижларнинг мўмин одамни сал нарсага кофирга чиқараверишларига қарши бўлган тарафлар ичида ҳам ҳаддан ошувчилар чиқди. Улар хаворижлар нима деса, шуни ёлғонга чиқаришга киришиб кетдилар. Улар аввалига гуноҳкор мўмин осий бўлади, деган фикрга қўшилган эдилар. Ихтилофлар кучайгач, гуноҳкор мўминнинг иши ортга сурилади, нима қилишни Аллоҳнинг ўзи билади, аммо кечиб юбориши устун, дедилар. Таассублари янада кучайгач, иймон–тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир, амалнинг иймонга дахли йўқ, дейишди. Шунинг учун гуноҳ амал қилган одам мўминликдан чиқмайди, де¬йишди. Бориб-бориб, амал куфр билан фойда бермаганидек, иймон билан ҳам зарар бермайди, дедилар. Яъни, кофир одамнинг қилган яхши амали кофирлиги туфайли унга фойда бермаганидек, мўмин одамнинг қилган гуноҳи иймони борлиги туфайли унга зарар бермайди, дедилар. Бу дегани тили билан иймон калимасини айтиб қўйиб, дили билан тасдиқ қилиб, хоҳлаган гуноҳни қилавериш мумкин, заррача зарар бўлмайди, тўппа-тўғри жаннатга бораверади, дегани эди. Ва ниҳоят, иймон дил тасдиғидир, агар тилида куфр сўзларини айтса ҳам бўлаверади, дейишгача боришди.

Кўриниб турибдики, асосан, қуруқ жанжал, даҳанаки жанг, тарафкашлик шу оқибатга олиб келган. Аммо, «иржо», яъни, муржиъаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар.

Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга ўхшаш улуғ кишиларни муржиъалар, деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса, бу улуғ зотлар «иржо» фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар уларни «муржиъа» деб атаганлар.

Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари ўлароқ, ҳам хаворижларга, ҳам муржиъаларга қарши бўлганлар.

Тарихий ва мазҳабчилик манбаларига назар соладиган бўлсак, муржиъаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканини ҳам кўрмаймиз. Шунингдек, муржиъа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиъалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.

Қадария тўғрисида олдин гапирдик. Муржиъа тўғрисида айтган гапларимиз уларга ҳам тегишли. Исломдан насибаси йўқ бу икки тоифага мусулмонлар орасида жой ҳам йўқ!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ